Кўплаб онкологлар саратон касалликларининг энг самарали профилактикаси — соғлом ва мувозанатли овқатланиш эканлигини айтишади. Чунки ўтказилган илмий тадқиқотлар натижасида айрим маҳсулотлар мунтазам истеъмол қилинганда онкологик касалликлар ривожланиш хавфини камайтириши аниқланган. Шундай фойдали маҳсулотлар ҳақида биласизми?

Рационда бўлиши тавсия этиладиган маҳсулотлар

Карам

Брокколи, оддий, гулкарам ва брюссель карами таркибида антиоксидантлар мавжуд. Улар кўкрак бези саратони ва бошқа турдаги ўсмалар хавфини камайтиришга ёрдам беради. Карам таркибидаги изотиоцианат моддаси ўсма ҳужайралари учун заҳарли бўлиб, соғлом ҳужайраларга салбий таъсир кўрсатмайди.

Дон маҳсулотлари

Дуккакли маҳсулотлар антиоксидантлар, озуқа толалари ва фитоэстрогенларга бой. Улар ичак саратони хавфини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Ловия, нўхат, сўли, мош ва ясмиқ кабилар шулар жумласидандир.

Қора-яшил баргли кўкатлар

Шпинат, руккола, райҳон каби кўкатлар каротиноидларга бой бўлиб, организмдан хавфли эркин радикалларни чиқаришга ёрдам беради.

Узум

Узум таркибидаги ресвератрол кучли антиоксидант бўлиб, ҳужайраларнинг шикастланишининг олдини олиши мумкин.

Кўк чой

Кўк чой флавоноидларга бой. Уларнинг айрим турдаги саратонлар — жумладан, ичак, жигар, кўкрак бези ва простата саратони ривожланишини секинлаштириш хусусияти борлиги қайд этилган.

Помидор

Помидор таркибидаги ликопин моддаси простата, кўкрак бези, ўпка ва ошқозон саратони хавфини камайтиришга ёрдам беради.

Черника (қора малина)

Бошқа резаворларга нисбатан фойдали моддаларга бой бўлган черника турли хил саратон касалликлари хавфини камайтириши мумкин.

Зиғир уруғи

Зиғир уруғида лигнанлар мавжуд бўлиб, улар антиоксидант таъсир кўрсатади ва саратон ҳужайраларининг ривожланишини тўхтатишга ёрдам беради.