Сардоба фожиаси бўйича яна 29 кишига суд ҳукми ўқилди
Жавобгарликка тортилганлар орасида «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж», «Кўприк қурилиш бутлаш», «Сардоба тумани йўллардан фойдаланиш» унитар корхоналари, «UzGip» МЧЖ Истиқболли лойиҳаларни режалаштириш бўлими, «Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг Гидротехник иншоотларни қуриш дирекцияси ходимлари бор.
Kun.uz ихтиёрига Сардоба тошқини сабаблари бўйича олиб борилган яна бир суд иши якунига оид маълумотлар келиб тушди. Маълумотга кўра, жами 29 нафар шахс Жиноят кодексининг 167- (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209- (мансаб сохтакорлиги), 243- (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари билан айбли деб топилган.
Судланувчиларнинг 3 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланган. Жумладан, «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» унитар корхонаси бош директори ўринбосари – Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган М.Х. 10 йил-у 3 ойга, Гидротехник иншоотлар қуриш дирекциясида ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Ф.Д. 122 млн 650 минг сўм жаримага тортилган ҳолда 5 йилга, «UzGip» МЧЖ Истиқболли лойиҳаларни режалаштириш бўлими бошлиғи С.Р. эса 133,8 млн сўм жаримага тортилган ҳолда 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Айбланувчилар орасида «UzGip» МЧЖ Истиқболли лойиҳаларни режалаштириш бўлимининг 86 ёшли ходими ҳам бор. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари – 68 млн сўм жарима қўлланган.
Қолган судланувчиларга озодликни чеклаш, маълум муддат мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда жарима билан боғлиқ жазолар қўлланган. Жарима жазоларининг энг кўпи базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 баравари – 133 млн 800 минг сўм.
Шунингдек, суд ҳукмида судланувчилардан солидар тартибда давлат даромади ҳисобига жами 115 млрд 811 млн сўм ундириш белгиланган.
«Сардоба иши» бўйича 2021 йилнинг 10 май куни ҳам Ўзбекистон Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида ёпиқ суд мажлиси ўтказилган ва бир гуруҳ судланувчиларга жазо тайинланганди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 1 май куни Сирдарё вилояти ҳудудидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиб, сув тошқини юзага келганди. Сув тошқини натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етган. Бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлган. Учта тумандаги 22 та қишлоқдан 60 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган.
Расмий маълумотларга кўра, воқеа оқибатида 6 киши ҳалок бўлган.
Мавзуга оид
17:48
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024