Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Роналду Саудияда норози. Буёғига нима бўлади?
Криштиану Роналдунинг бойкоти Карим Бенземанинг «Ал Иттиҳод»дан «Ал Ҳилол»га трансферини тўхтата олмади. Энди 40 ёшли футболчи келажаги бўйича бир қарорга келиши керак, унда уч вариант бор: «Ан Наср» билан ярашиш, янги клуб топиш ёки фаолиятини якунлаш.
Фото: Reuters
Сўнгги кунларда Криштиану Роналду яна барчанинг эътибор марказида пайдо бўлди. Бу сафар қандайдир чиройли голи ёки минглик довон томон қўйилган навбатдаги қадам эмас, футболчининг «Ан Наср» клуби, ҳатто Саудия Арабистони давлат инвестиция фонди (PIF) билан зиддияти ҳақида сўз бормоқда. Аввалига кўпчилик бунга ишонмаган бўлса-да, Саудия Арабистони чемпионатининг навбатдаги тур ўйинида Криштиану қатнашмади. «Ар-Риёд»га қарши ўйинни (1:0) бойкот қилган португиялик 40 ёшли юлдуз клубнинг трансфер бозоридаги фаол эмаслигидан норози бўлмоқда ва унинг фикрича «Ал Ҳилол» билан рақобатда нотенглик юзага келмоқда. Лиганинг энг яхши ҳужумчиларидан бири Карим Бензема ҳам «Ал Иттиҳод»дан «Ал Ҳилол»га ўтгани эса сўнгги томчи бўлиши мумкин.
Бир чўнтакдаги тўрт клуб
Аввало, вазиятни тўлиқ англаш учун бир муҳим масалани аниқлаб олиш керак. Айтайлик, Роналдунинг «Ан Наср»дан норозилиги шунчаки, бошқа бир клубга нисбатан рақобатда енгилишга нисбатан норозиликка мутлақо ўхшамайди. Саудия Арабистони чемпионати ҳукумат доирасидаги лойиҳа бўлиб, давлат биратўла тўрт клуб – «Ан Наср», «Ал Иттиҳод», «Ал Ҳилол» ва «Ал Аҳли»нинг молиявий манбаси ҳисобланади. Бу клублар эса PIF томонидан молиялаштирилади.
Роналду ҳозир нафақат ўз клуби бошқарувидан, балки PIF’дан ҳам норози бўлаётгани шу билан изоҳланади. Португалиялик футболчининг фикрича, Саудия Арабистони «Ан Наср»га нисбатан бошқа уч клубга кўпроқ эътибор қаратмоқда, бу эса «Ан Наср»нинг совринлар ютишига катта тўсиқ бўлмоқда.
Шу ўринда Саудия Арабистони Лигаси, аниқроғи PIF сўнгги йилларда ўз сиёсатини кескин ўзгартира бошлаганини ҳам таъкидлаш керак. Энди Саудия Арабистонига катта номлар, юлдуз футболчилар эмас, истиқболли ёш футболчилар кўпроқ олиб келинмоқда. Энди бу лига ўз даврини ўтказиб бўлган юлдузлар учун нафақа варианти эмас. Аксинча, энди араблар анча ёш ва истеъдодли бўлган футболчиларни эртароқ пайқаб, улар учун ўзига хос трамплинга айланишга ҳам қарши эмас.
«Ал Ҳилол» билан рақобат
«Ал Ҳилол» Саудия Арабистонининг энг машҳур ва халқаро майдондаги энг муваффақиятли клуби ҳисобланади. Клуб 2024 йилда ички чемпионат ғолиби бўлди, ўтган йил ёзида эса клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашди. Айни дамда «Ал Ҳилол» «Ан Наср»дан атиги бир очко кўпроқ жамғарган ҳолда чемпионатда пешқадам бўлиб турибди.
Куни кеча «Ал Ҳилол» «Ренн»дан 30 миллион еврога истеъдодли ҳужумчи Муҳаммад Мейтени сотиб олди. Мейте нафақат Франция, балки Европада ҳам кўзга кўриниб улгурган 18 ёшли футболчи, АПЛнинг қатор клублари ҳам у билан қизиқаётганди. Бу трансфер ортидан «Ал Иттиҳод» билан янги шартнома бўйича келиша олмасдан, сўнгги ўйинларни бойкот қилиб келган Карим Бензема ҳам 25 миллион евро эвазига «Ҳилол» футболчисига айланди.
Бундай йирик харидлар фонида «Ан Наср» «Ал Ҳилол»да захирада қолиб кетган ва энди эркин агентга айланган Абдуллоҳ Ал Ҳамдам билан кифояланиши эса, табиийки, Роналдуни жиғибийрон қилди. Футболчи ҳар қанча гол уриб, шахсий рекордлар сари одимламасин, жамоавий совринлар ҳам керак, «Ан Наср» эса Криштиану келганидан бери бирор совринни қўлга кирита олмади. Бу эса барибир футбол жамоатчилигида салбий фон яратади.
«Ювентус»даги сўнгги мавсум, кейин Манчестердаги йиллар ҳам қўшилиб, Криштианунинг фақат ўз голларини ўйлайдиган, аммо жамоавий ютуқларга халақит берадиган юлдуз сифатида намоён бўлиши, гарчи асосли бўлмаса ҳам, футболчининг имижига таъсир кўрсатгани шубҳасиз. Роналду эса боши узра жамоавий совринни ҳам кўтаришни истайди.
Аслини олганда, агар умумий харажатлар кўриб чиқилса, сўнгги уч йилда «Ал Ҳилол» ва «Ан Наср»га сарфланган пулларда жуда катта фарқ йўқ. Агар Криштиану ва Неймар учун сарфланган пуллар чиқариб ташланса, деярли тенглик юзага келади. «Ал Ҳилол» Леонардо, Тео Эрнандес, Нунез, Акчичек, Малком, Невеш, Митрович, Канселу, Милинкович-Савич каби футболчилар учун 420 миллион евро атрофида пул сарфлаган бўлса, «Ан Наср»нинг Фелиш, Коман, Дуран, Мане, Брозович, Фофана, Симакан, Теллес, Лапорте, Иниго Мартинес учун харажати 400 миллион атрофида.

Аммо «Ан Наср»да мураббийлар алмашувлари, омадсиз харидлар кўпроқлиги, айниқса, кескин рақобат пайтида «Ал Ҳилол» таркибини кучайтириб олиши Роналдунинг норозилигини келтириб чиқарган.
Роналду Саудияни тарк этиши мумкинми?
Криштианунинг «Ан Наср» билан шартномаси 2027 йил ёзида тугайди. Баъзи манбаларга кўра, Роналду жамоани эртароқ тарк этишга тайёр ва унда МЛС ва Европадан вариантлар бор. Аммо камида ёзгача бу иш содир бўлишига ишониш қийин.
Аввало Криштианунинг нафақат «Ан Наср», балки Саудия Арабистони ҳукумати билан келишуви борлиги, футболчи у ерга фақат тўп тепиш учун эмас, мамлакатнинг ижобий имижини шакллантирувчи бренд сифатида олиб келинганидан келиб чиқилса, нариги томон ҳам керакли қадамларни ташлашини кутиш мумкин.
Криштиану олдин ҳам бир неча бор худбин шахс сифатида намоён бўлган бўлса-да, дунёда унинг тарафдорлари етарлича кўп ва Саудия Арабистони шайхлари турли ваъдалар билан футболчини олиб келиб, якунда можаро билан хайрлашиши – яхши имиж яратмайди. Керакли одамлар Криштиану билан музокара қилиши, масалан, ёзда клубга етарлича инвестиция қилиниши ҳақидаги ваъдалар билан зиддиятга барҳам берилиши мумкин. Аслида зиддият чўзилишидан Роналдунинг ўзи ҳам манфаатдор эмас – жаҳон чемпионати олдидан ўйин амалиётисиз қолишни ҳеч ким истамайди.
Рақибнинг катта трансферлари фонида «Ан Наср»га ҳам эътиборни қаратиш, ҳеч ким олиб келинмайдиган бўлса-да, охиригача чемпионлик учун курашиш ва агар ғолиб чиқадиган бўлса, ажойиб эртак билан мундиалгача етиб олиш мумкин бўлади.
Ўзи умуман олганда ҳам Роналду кейсида бошқа футболчилар билан содир бўлмайдиган қизиқ жиҳат бор. Тасаввур қилинг, бошқа ҳар қандай футболчи «Ан Наср» таркибида шунча гол уриб, умуман, жамоанинг шу даражада юришига асосий сабабчи бўлганида, у жамоага фақат ёрдам берган томон позициясида турарди. Криштиану билан эса бошқача – Саудия Лигаси ёки «Ан Наср» Криштиануга қарата, «сен туфайли биз» эмас, «биз туфайли сен, шунча гол уриб, мингликка яқинлашяпсан, биз сенга бу учун шароит қилиб бердик» дея олади ҳам.
Яъни Криштиану Роналду атрофидаги умумий фон, мингинчи гол, унинг шахсий натижалари ҳар қандай клуб мақсадларидан ҳам катталашиб кетгани – мана шундай абсурд фикрни ҳам жиддий аргументга айлантира олади.