Саудия Арабистони футболида навбатдаги муаммо юзага келди. Карим Бензема «Ал-Иттиҳод»ни можаро билан тарк этиши ортидан «Ан-Наср» ҳужумчиси Криштиану Роналду ҳам бойкот эълон қилди.
Роналду жамоасининг навбатдаги ўйинида иштирок этмоқчи эмаслиги ҳақида бир кун олдин маълум бўлганди. A Bola хабарига кўра, 40 ёшли форвард Саудия Арабистони Суверен фонди (PIF) стратегиясидан норози – ушбу фонд мамлакатдаги қатор йирик клубларни, жумладан, «Ан-Наср», «Ал-Иттиҳод» ва «Ал-Ҳилол»ни ҳам бошқаради. Криштианунинг фикрича, фонд кўпроқ рақобатчиларни, жумладан, «Ал-Ҳилол»ни қўлламоқда.
Бундан ташқари, журналист Яғиз Сабунжиўғлининг маълумотига кўра, Карим Бензема «Ал-Иттиҳод»дан «Ал-Ҳилол»га ўтиши ҳам Роналдуни норози қилган – португалиялик футболчи буни «ҳалол рақобатга зарба» деб баҳоламоқда.
«Ан-Наср»нинг 2 феврал оқшомида «Ар-Риёз»га қарши ўйини қайдномаси эълон қилингач, олдинроқ тарқалган хабарлар тасдиқланди: Криштиану қайдномага ҳам киритилмаганди. Шу билан бирга, инсайдер Фабрицио Романо унда ҳеч қандай жароҳат ёки таътил олишга зарурат бўлмаганини айтиб чиқди.
Роналдунинг хавотирларини тушуниш мумкин: «Ал-Ҳилол» – унинг жамоасининг чемпионлик йўлидаги асосий рақобатчиси ҳисобланади, бу жамоа 19 турда 47 очко тўплаган. «Ал-Наср» бир очколик фарқ билан таъқиб этмоқда, бу вазиятда ўтган мавсум тўпурарларидан бири бўлган Бензема (21 гол) ушбу жамоа сафига ўтиши эса рақибнинг имкониятларини оширади.

Фото: Global Look Press
Роналду 2023 йилда Саудия футболини танитиш мақсадида олиб келинган, шу билан бирга, унга катта ваъдалар берилган, хусусан, жамоасига бошқа юлдуз футболчилар билан ҳам кучайтирилиши айтилганди.
Аммо ўтган давр ичида «Ан-Наср»дан кўра «Ал-Иттиҳод» ва «Ал-Ҳилол»га кўпроқ эътибор қаратилиб, асосий юлдузлар шу жамоаларга олиб келинди ва айнан шу жамоалар асосий кубокларни қўлга киритди, Роналду эса ҳалигача бирорта жиддий соврин юта олгани йўқ.
Роналдунинг бойкоти «Ан-Наср»даги илк норозилик ҳаракати эмас. Январ ойи ўрталарида жамоа бош мураббийи Жорже Жезуш унинг ҳозирги клуби «„Ал-Ҳилол“ каби сиёсий ҳокимиятга эга эмаслиги» ҳақида гапирганди. Эътиборли жиҳати, у олдинроқ айнан «Ал-Ҳилол»ни бошқарганди. Унинг бу сўзлари катта шов-шув келтириб чиқарди, «Ал-Ҳилол» эса уни олти ойдан бир йилгача муддатга дисквалификация қилишни талаб қилди.
«Ан-Наср» ва «Ал-Ҳилол»нинг сўнгги йиллардаги харажатлари
















