Ўзбекистон | 18:53 / 04.04.2020
5094
2 дақиқада ўқилади

Наманган вилояти бўйлаб бозор ёки савдо нуқталаридан узоқ ҳудудларда муқим ва кўчма савдо шохобчалари ташкил этилади

Ушбу савдо нуқталарида ун, макарон, ўсимлик ёғи, гуруч, мош, шакар, туз, чой, картошка, пиёз, сабзи, тухум, карам, кўкат, томат ва консерва маҳсулотлари доимий бўлиши қатъий белгилаб қўйилди.

Фото: KUN.UZ

Наманган вилояти ҳокимининг фармойиши билан коронавирус пандемиясига қарши курашиш чораларининг амал қилиш даврида вилоят аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз ва қулай шароитда таъминлаш ҳамда нарх-навонинг барқарорлигини сақлашнинг вақтинчалик тартиби жорий этилди.

Фармойишга асосан, ҳудудий ташкилий гуруҳлар томонидан икки кун муддатда маҳаллалар кесимида савдо шохобчаларини ташкил этиш зарурияти ўрганилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётган бозор ёки савдо нуқталаридан узоқ ҳудудда жойлашган маҳалла ёки бошқа аҳоли пунктлари ажратиб олиниб, рўйхати тузилади ва мазкур рўйхат асосида тегишли ҳудудда (олис қишлоқларда, кўп қаватли уйлар олдида) савдо шохобчаларини ташкил этиш имконияти кўриб чиқилади.

Бунда асосий эътибор ушбу ҳудудда жойлашган бозорлар филиаллари, дўконлар ҳамда савдо расталарига қаратилади. Агарда бундай имконият мавжуд бўлса, муқим савдо шохобчаси, мавжуд бўлмаган тақдирда кўчма савдо шохобчаси ташкил этилади.

Ушбу савдо нуқталарида ун, макарон, ўсимлик ёғи, гуруч, мош, шакар, туз, чой, картошка, пиёз, сабзи, тухум, карам, кўкат, томат ва консерва маҳсулотлари доимий бўлиши қатъий белгилаб қўйилди.

Санитария ва гигиена талабларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда қўшимча равишда тез бузилувчан маҳсулотлар (сут, гўшт, балиқ ва бошқалар) ҳамда хўжалик моллари савдоси ҳам ташкил этилиши мумкин.

Ҳудудларда ташкилий гуруҳларга туман (шаҳар) ҳокими раҳбарлик қилади, унинг таркибига секторлар, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги ҳамда ветеринария бўлимлари, Фермер, деҳқон ва томорқа эр эгалари хўжаликлари кенгаши, деҳқон бозори маъмурияти раҳбарлари киритилади.

Ушбу тадбирларнинг барчаси карантин, санитария ва эпидемиология қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ижтимоий оралиқ масофа (2 метр) сақлаган ҳолда амалга оширилиши шартлиги белгиланмоқда.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид