Ўзбекистон | 08:02 / 15.06.2024
2892
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари Кореяда малака оширади

Корея ихтисослаштирилган марказларида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш бўйича узоқ муддатли дастур ишга туширилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари Жанубий Кореянинг ихтисослаштирилган марказларида малака оширади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёл иштирокидаги музокаралар чоғида катталар учун шифохона ва онкологик клиникани ўз ичига олган тиббий кластер лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, Кореянинг ихтисослаштирилган марказларида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш бўйича узоқ муддатли дастур ишга туширилади.

Таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича катта тажриба тўпланган. Ўтган йилнинг мартида биринчи Ўзбекистон-Корея ректорлари форуми бўлиб ўтди. Келгуси йили навбатдаги учрашув ўтказилади.

Ўзбекистонда Корея фан ва технологиялари институти (KAIST) модели асосида институт ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Корея Давлат бошқаруви институти ва Миллий инсон ресурслари институти билан ҳамкорликда Тошкентдаги Давлат бошқаруви академияси қошида Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ўқув марказини очиш режалаштирилган.

Мавзуга оид