ИИВ аҳолини маълум бир ҳақ эвазига муаммони ҳал қилиб беришни ваъда қилувчи блогерлардан эҳтиёт бўлишга чақирди
“Фуқароларимиздан блогерлик ниқоби остида фирибгарликни касб қилиб олган ёки товламачилик билан шуғулланаётганларнинг алдовларига учмасликларини илтимос қиламиз”, деди вазирнинг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги жамоатчилик назоратини даромад манбайига айлантириб олган фуқаролар ҳақида огоҳлантириш билан чиқди.
“Ҳозирги кунда жамоатчилик назорати жамиятимизда очиқлик сиёсатини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг жамоатчиликка ҳисобот беришларини назорат қилувчи муҳим йўналишлардан бири бўлиб келмоқда. Бу борада, айниқса, блогерларнинг фаоллигини алоҳида таъкидлаш лозим. Улар орасида халқ муаммоларига бепарво бўлмаган, жонкуяр ва фидойи фуқароларимиз жуда кўп.
Бироқ ҳанузгача ахборот билан ишлаш, уни холис тарқатиш тартибини тушунмайдиган ёки жамоатчилик назоратини ноқонуний даромад манбайига айлантириб олган фуқаролар ҳам талайгина. Блогерлик даъвосидаги фирибгарлар нафақат муаммоларни бартараф этиш учун пул талаб қилишмоқда, балки шахсий ва гуруҳлардаги ўзаро ёзишмаларни тарқатиш билан ҳам таҳдид қилиш ҳолатлари учрамоқда. Бу қинғир ишларга аёллар аралашаётгани жуда аянчлидир”, – деди ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов.
Унинг таъкидлашича, блогерлик билан шуғулланиб келган 4 нафар шахс бугунги кунда фирибгарлик ва товламачилик устида қўлга олиниб, тергов қилинмоқда.
Жумладан, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида яшовчи 35 яшар фуқаро 21 февраль куни ўзига мурожаат қилган фуқарога Чироқчи тумани ҳокимлигида танишлари борлиги, блогер бўлгани учун унинг илтимосини ерда қолдирмасликларини айтиб, туманнинг маиший хизмат кўрсатиш соҳаси учун ажратилган ҳудуддан 3 сотих ер олиб беришни ваъда қилган.
ИИВ ахборотида у чиндан ҳам туман ҳокимлиги мутасаддиларига блогерлигини пеш қилиб таъсир ўтказмоқчи бўлгани, натижада ушбу фуқаронинг фирибгарлик ҳаракатлари тезкор тадбир орқали расмийлаштирилиб, далилий ашёлар билан қўлга олингани таъкидланади. Процессуал тартибда ушланган гумонланувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилган, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Навоий вилоятида яшовчи фуқаро Дилдора исмли блогер аёл унинг шахсий маълумотларини интернет орқали тарқатиш билан таҳдид қилиб, 3 миллион сўм олгани, бироқ шундан кейин яна 1500 доллар талаб қилиб келаётгани юзасидан 9 март куни вилоят ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилган ҳамда қонунбузарга чора кўришни сўраган.
Қайд этилишича, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Кармана туманида яшовчи 46 ёшли фуқаро товламачилик қилаётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинган. Ҳозир тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Худди шундай ҳолат Андижон вилоятида ҳам содир бўлган. Блогерлик фаолияти билан шуғулланувчи, мактабгача таълим ташкилотининг 48 яшар ходимаси Telegram гуруҳидаги овозли ёзишмаларни интернетда тарқатиб юбориш билан таҳдид қилиб, пул талаб қилган.
4 март куни келиб тушган мурожаатга асосан Aндижон вилояти ички ишлар ва прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда жабрланувчидан товламачилик йўли билан талаб қилинган 150 долларни олаётган Феруза исмли аёл далилий ашёлар билан қўлга олинган. Маълум бўлишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида яшовчи 35 ёшли блогер мунтазам равишда мурожаатчиларининг муаммоларини ҳал этиб бериш билан ишонтириб, уй-жой масаласи, ишдан кетган ходимни иш жойига қайтариш, суд томонидан кўрилаётган ишда қатнашиш, тергов бўлими томонидан кўрилаётган жиноят иши бўйича етказилган зарарни қоплатиб бериш ваъдалари билан улардан кўп миқдордаги пулларни олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб келган. ИИБга кўра, бу ҳолат ҳам тергов қилиняпти, гумонланувчи эса жамиятдан вақтинча ажратиб қўйилган.
“Албатта, аниқланган ҳолатлар бўйича гумондорларнинг айбдорлик масаласи суд томонидан ҳал этилади. Бу тасвирларни кўрсатишимиздан мақсад – қинғир йўлни танлаган фуқароларимизни огоҳлантириш.
Ҳозирги кунда бизда, республикамизнинг айрим вилоятларида ноқонуний ишлар билан шуғулланиб келаётган, блогерлик фаолиятини ниқоб қилиб олган бир нечта фуқаролар ҳақида тезкор маълумотлар мавжуд. Ўзингиз хулоса қилинг. Кеч бўлмасидан бу йўлдан қайтинг.
Фуқароларимиздан эса, блогерлик ниқоби остида фирибгарликни касб қилиб олган ёки товламачилик билан шуғулланаётганларнинг алдовларига учмасликларини илтимос қиламиз. Мавжуд муаммоларни фақат қонуний йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилинг”, – дея таъкидлайди Шоҳрух Ғиёсов.
Аввалроқ, Самарқандда ўзини блогер деб танитиб, муаммоларни ҳал қилиш эвазига бир неча фуқародан пул олган шахс ушланган, Қашқадарёда таниш аёлникига борган фуқарони видеога олиб, уни интернетда тарқатиш билан қўрқитиб пул олган блогерга ҳукм ўқилганди.
Мавзуга оид
08:58 / 12.12.2024
Kun.uz суриштирувидан сўнг: “Halal Auto Leasing” фирибгарлик схемасига нисбатан тергов бошланди
21:56 / 26.11.2024
Россияда 174 минг нафар полициячи етишмаётгани маълум бўлди
18:07 / 24.11.2024
ИИВ тузилмасида Дониёр Тошхўжаев ва яна икки мансабдор лавозимидан озод этилди
16:11 / 17.11.2024