Ўзбекистон | 13:29
880
3 дақиқада ўқилади

ИИВда уюшган жиноятчилик, нарко ва кибержиноятларга қарши чоралар муҳокама қилинди

Ички ишлар вазирлигида ўтказилган танқидий йиғилишда жиноятга оид ариза ва хабарларни кўриб чиқиш тартиби, қабул қилинган қарорларнинг қонунийлиги ҳамда ижро интизоми ҳолати атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича “пойтахт намунаси”ни ҳудудларда жорий этиш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги

2026 йил 27 январ куни президент раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижроси, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти иштирокида танқидий йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Б. Қудратхўжаев, Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Р. Ашропов, вазирлик соҳавий хизмат раҳбарлари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ИИББ, шунингдек барча вилоятлар ички ишлар бошқармалари раҳбарияти иштирок этди. Шу билан бирга, вилоят соҳавий хизматлари, шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари раҳбарлари ҳамда терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб боришга масъул хизмат ходимлари — ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тезкор-қидирув, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари ва тергов бўлинмалари вакиллари ҳам тадбирга жалб қилинди.

Тадбир давомида жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни қабул қилиш ҳамда кўриб чиқиш амалиёти, қабул қилинган қарорларнинг қонунийлиги ва ижро интизоми ҳолати чуқур таҳлил қилинди. Мавжуд камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар белгиланди.

Шунингдек, президент томонидан Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича ўтказилган танқидий селектор йиғилишида белгиланган вазифалар, хусусан, уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича “пойтахт намунаси”ни вилоятларда жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятларни ҳисобдан яшириш ҳолатларига қатъий йўл қўймаслик, шунингдек ходимларнинг билим ва касбий салоҳиятини ошириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, терговга қадар текширувни амалга оширувчи ходимларни ўқитиш ва ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида Тергов департаменти масъуллари ҳамда ИИВ Академияси профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўқув-семинарлар режалаштирилгани айтилди.

Шунингдек, барча ҳудудларда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан ушбу соҳа вакилларини онлайн тарзда ўқитиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилангани маълум қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид