Жаҳон | 20:54 / 17.05.2021
55983
7 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқ можароси. Нетаняҳу энди қандай танлов қилади?

Яқин Шарқда кечаётган қонли урушда кўпчиликнинг фикрича, Исроил фаворит, Фаластин эса яққол аутсайдер.

Фото: Tsafrir Abayov / AP / Scanpix / LETA

Яқин Шарқда Фаластин ҳамда Исроил ўртасидаги можаро яна авж олиб, ҳарбий амалиётлар бир неча кундан буён тўхтамаяпти. Айни пайтдаги бу воқеалар бутун минтақада вазият кескинлашувига сабаб бўлмоқда. Кўпчилик томонидан билдирилаётган фикрларга кўра, бу урушда Фаластин яққол аутсайдер. Аммо вазиятга бошқа томондан қаралса ҳақиқатан ҳам шундайми?

Фаворитлар ва аутсайдерлар

Библияда ёзилишича, Фаластиндан бўлган улкан жуссали Голиаф Исроил ерларига бостириб киради. Исроилликлар ўз ерларини ҳимоя қилиш мақсадида ораларидан танлаб олинган Дэвидни Голиафга қарши жанггa юборадилар. Икки ўртадаги тўқнашувда Голиаф фаворит бўлишига қарамасдан, аутсайдер Дэвид томонидан тош билан уриб ўлдирилади.

2021 йил май ойидаги Исроил-Фаластин низоси эса юқоридаги вазиятнинг тамомила аксини кўрсатмоқда. Илғор ҳарбий техника, қудратли халқаро ҳамкорлар, улкан молиявий ҳомийлар ва юқори даражада ривожланган иқтисодиётга эга Исроил «уларга фақат тошлар улоқтириш билан қаршилик кўрсата оладиган» Фаластин ерларига тажовуз қилмоқда. Айрим матбуот ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг фикрига кўра, бу урушда Исроил фаворит, Фаластин эса яққол аутсайдер бўлиб кўринмоқда.

Бироқ канадалик ёзувчи Малколм Гладвел ўзининг «Дэвид ва Голиаф: гигантларни мағлуб этиш санъати» асарида фаворитлар ва аутсайдерлар тўқнашувига янгича қараш билан ёндашади. Яъни Дэвид ва Голиаф жангини мисол сифатида оладиган бўлсак, классик жанглар назариясига кўра, оғир қуролланган гуруҳга қарши енгил ва тезкор гуруҳ, тезкор гуруҳга қарши камончилар, камончиларнинг қалъаларини қулатиш учун эса оғир қуролланган жангчилар юборилади. Шу тариқа, ўзаро курашларнинг учбурчаги вужудга келади. Агар ушбу назариядан келиб чиқилса, тўқнашувда аслида Дэвид фаворит бўлиб чиқади.

Энди савол пайдо бўлади: Исроил ҳам ҳозирги урушда фаворитми? Нега Нетаняҳу анча заиф бўлган ҲАМАСга қарши бунча талвасага тушяпти? Сабаб сифатида воқеалар ривожини чуқур таҳлил қиладиган бўлсак, бутунлай акс томонни кўрсатмоқда.

Нетаняҳу ва ҲАМАС

Авваламбор, Фаластиндаги сайловларда ҲАМАСнинг қўли устун кела бошлаши Исроилнинг яқин чегараларида асосий рақобатчилари ҳокимияти ўрнатилишига олиб келади. Фаластинда мўътадил кайфиятдаги Маҳмуд Аббос ўрнига ҲАМАСчиларнинг бўлиши Исроил обрўйини кескин тушириб юборади.

Иккинчидан, Натаняҳунинг Исроил ички сайловларида ҳам ишлари юришмаяпти. Агар сайловларда коалиция тузиладиган бўлса, Нетаняҳу ўз ўрнини Ғарбий соҳилларни тўлалигича босиб олиш ва Фаластин мустақиллигини тугатиш тарафдори бўлган Нафтали Бернадетга бўшатиб беришга мажбур бўлади. Гўёки Нетаняҳу ўта ўнг кайфиятдаги сайловчиларни жалб қилиш учун бу ишни ўзи амалга ошириб қўя қолди.

70та фаластинлик оиланинг уйларидан чиқариб юборилиши билан бошланган низолар ҲАМАС томонидан Исроилга ракета зарбалари берилиши билан давом этди. Бунга жавоб тариқасида Исроил авиацияси Ғазо секторини бомбардимон қилди ҳамда ҳозирги вақтга келиб 200га яқин киши қурбон бўлди ва мингдан ортиқ киши жароҳатланди. Ғазо секторидаги бир неча бинолар қулатилди ва вайронага айлантирилди. Лекин бу юриш Исроилда Нетаняҳу обрўйига кескин таъсир этди ва мамлакатни сиёсий инқироз ёқасига олиб келиб қўйди.

Биринчи омил, албатта, Нетаняҳунинг фақатгина фаластинликларнинг эмас, мўътадил ва сўл фикрловчи исроилликларнинг ҳам тинчлигини бузиши бўлди. Натижада, бош вазир полиция кучларини шаҳарлар ичкариси бўйлаб жойлаштиришга мажбур бўлди ва ўз баёнотида мамлакат фуқаролар уруши ёқасига келиб қолганини таъкидлади. Мамлакат фуқароларининг ўзи ҳам ҳукуматга қарши чиқишни бошлади.

Иккинчи омил эса «Темир гумбаз» тизими кутилганидек самарали бўлиб чиқмади. Гарчи рақамлар 85 фоиздан 90 фоизгача самарадорликни кўрсатаётган бўлса-да, ракета зарбаларни берган томон исроилликлар ва жаҳон ҳамжамияти томонидан «ривожланмаган» деб ҳисобланувчи гуруҳлар ҳисобланади. Охир-оқибатда, Исроил мудофааси Туркия ёки Эрон каби салоҳиятга эга давлатлар билан урушга борса, самарасиз ҳолатга келиши мумкинлиги кўриниб қолди.

Учинчидан, 1967 йилги Исроил ҳукумати Араб-Исроил урушида олти кунда 3 давлатни мағлуб этган ҳолда, амалдаги ҳукумат шунча вақт ўтдики, ҲАМАСга қарши сезиларли натижага эриша олмади.

Нетаняҳу танлови

 

Рим императори Юлий Цезар айтганидек: «Қуръа ташланди». ҲАМАС ўз баёнотларида осонлик билан таслим бўлмаслигини маълум қилди ва буни амалда ҳам кўрсатиб келмоқда. Эндиликда Тел-Авив олдида иккита танлов бор:

1. Тинчлик. Исроил ва ҲАМАС тинчлик музокараларини олиб боради ва халқаро муносабатлар субъекти сифатида тан олади. Катта эҳтимол билан бу Исроил учун мағлубиятга тенг ҳодиса бўлади.

2. Уруш. Нетаняҳу баёнот берганидек, Фаластиндаги ҳарбий ҳаракатлар давом эттирилади ва ҲАМАСни яксон қилишга уриниб кўради. Аслини олганда ҳам бу танлов ҳукуматнинг ўз обрўйини сақлаб қолиш учун сўнгги чора ўлароқ хизмат қилади.

Эътиборли жиҳати шуки, халқаро муносабатлар назариясига кўра, бу уруш қоидасиз урушлар сирасига киради. «Қоидали урушлар»га кўра, иккита халқаро муносабатлар субъектлари ўзаро уруш олиб боради ва улардан бирининг пойтахти эгалланиши, етакчиси ўлдирилиши ёки айрим партия йўқ қилиниши билан тугайди. «Қоидасиз урушлар»да эса томонлардан биттаси (бу ерда ҲАМАС) халқаро алоқалар актори эмаслиги туфайли уруш ёхуд актор (Исроил)нинг таслим бўлиши, ёхуд ҲАМАСга хайрихоҳ гуруҳ (фаол фаластинликлар)нинг қирилиши билан якунланиши мумкин, холос.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бу урушда таъкидланаётгандек, Исроил фаворит эмас, аксинча у ютқазмоқда. ҲАМАСнинг 70та фаластинлик оила ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлиб майдонга чиқиши эса унинг ақлли юриши. Ачинарлиси шундаки, сиёсий мақсадлар йўлида бегуноҳ оилалар ва болалар қурбон қилинмоқда.

Шаҳбоз Жўраев ва Достон Аҳроров, Халқаро муносабатлар бўйича мустақил тадқиқотчилар

Мавзуга оид