Иқтисодиёт | 11:20 / 11.10.2025
14468
4 дақиқада ўқилади

Жиззахда АЭС қурилиши бошланди

Марказий Осиё – Россия саммити доирасида, Фориш туманида кам қувватли атом электр станцияси реакторининг биноси учун котлован қазиш ишларига старт берилди. Биринчи бетонни қуйиш 2026 йил март ойига режа қилинган. “Росатом” раҳбари Алексей Лихачёвга кўра, Ўзбекистон ва Россия “узоқ ўн йилликлар давом этадиган” ядровий ҳамкорликка қадам қўймоқда.

Азим Аҳмадхўжаев ва Алексей Лихачёв / Фото: "Ўзатом" матбуот хизмати

Жиззах вилоятининг Фориш туманида кичик қувватли атом электр станцияси (АЭС) реактори биноси учун пойдевор котлованини қазиш ишлари бошланди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида Ядро тиббиёт марказини ташкил этиш ишларига старт берилди.

Бу икки тадбирга бағишланган тантанали маросим 9 октябр куни Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида, Марказий Осиё – Россия саммити доирасида ўтказилди. Унда “Ўзатом” директори Азим Аҳмадхўжаев ва “Росатом” бош директори Алексей Лихачёв рамзий тугмани босиб, иккала лойиҳага старт берди.

Ўзатом хабарига кўра, АЭС реакторини жойлаштириш учун 2026 йил март ойида биринчи бетонни қуйиш кўзда тутилган.

“Ушбу йирик лойиҳа мамлакатимиз энергетик мустақиллигини таъминлаш, экологик тоза энергия етказиб бериш имконини беради”,деди “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев.

“Бу Ўзбекистоннинг энергетик мустақиллиги учун янги даврни очади, барқарор энергия таъминотини таъминлайди, иқтисодий ўсишни рағбатлантиради ва минглаб янги иш ўринларини яратади”, – деди АЭС қурилиши дирекцияси директори Абдижамил Калмуратов.

Аввал хабар берилганидек, субпудратчи сифатида Enter Engineering танланган. “Росатом”нинг маълум қилишича, котлован қазишда қарийб 1,5 млн куб метр тупроқ ишлари бажарилади, котлованнинг чуқурлиги 13 метр бўлади.

“Ишлар Ўзбекистондаги субпудратчи ташкилотлар томонидан амалга оширилмоқда. Росатом хизмат муддати минимум 60 йил бўлган станцияни қуради ва уни эксплуатация қилишда барча зарурий кўмакни кўрсатади. Бизни узоқ ўн йилликлар давом этадиган сермаҳсул ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик кутмоқда”, – деди “Росатом” директори Алексей Лихачев.

Кичик АЭСда ҳар бири 55 мегаваттлик иккита РИТМ-200Н реакторлари, айни шу майдонда жойлашадиган катта АЭСда эса ҳар бири 1 гигаваттлик иккита ВВЭР-1000 реакторлари жойлашади. Шу тариқа, лойиҳанинг умумий қуввати 2,1 гигаваттни ташкил этади.

Биринчи босқичда кичик қувватли реакторлар ишга туширилади.

Лойиҳа Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. ХАЭА лойиҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини тайёрлаш, миллий ядровий инфратузилмани ривожлантириш ва лойиҳалаш ҳамда эксплуатация жараёнида хавфсизлик талабларини таъминлаш бўйича эксперт, техник ва методологик ёрдам кўрсатади.

Ядро тиббиёт маркази

Мирзо Улуғбек туманида очилган Ядро тиббиёт маркази саратон касалликларини эрта ташхислаш ва уларнинг ривожланишини олдини олиш имконини беради.

Биринчи босқичда позитрон-эмиссион томография/компютер томографияси (ПЭТ/КТ) ёрдамида онкологик касалликларни эрта ташхислаш йўлга қўйилади. Шунингдек, “Гамма-пичоқ” ва “Кибер-пичоқ” қурилмалари ёрдамида шишларни инвазив бўлмаган усулда даволаш жорий қилинади. Марказда радиофармпрепаратлар лабораторияси ташкил этилади.

Марказ ядро тиббиёти бўйича кадрлар тайёрлашнинг миллий тизимини ривожлантириш учун илмий база бўлади. Бу ерда радиология, тиббий физика ва радиохимия бўйича мутахассислар учун 100 дан ортиқ юқори технологияли иш ўринлари яратилади.

2025–2026-йилларда марказ биринчи босқичда замонавий жиҳозлар билан таъминланади, кейинги босқичларда радионуклид ва протон терапиясини жорий этиш режалаштирилган.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид