Жиззах вилоятининг Фориш туманида кичик қувватли атом электр станцияси (АЭС) реактори биноси учун пойдевор котлованини қазиш ишлари бошланди.
Шунингдек, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида Ядро тиббиёт марказини ташкил этиш ишларига старт берилди.
Бу икки тадбирга бағишланган тантанали маросим 9 октябр куни Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида, Марказий Осиё – Россия саммити доирасида ўтказилди. Унда “Ўзатом” директори Азим Аҳмадхўжаев ва “Росатом” бош директори Алексей Лихачёв рамзий тугмани босиб, иккала лойиҳага старт берди.
Ўзатом хабарига кўра, АЭС реакторини жойлаштириш учун 2026 йил март ойида биринчи бетонни қуйиш кўзда тутилган.
“Ушбу йирик лойиҳа мамлакатимиз энергетик мустақиллигини таъминлаш, экологик тоза энергия етказиб бериш имконини беради”, – деди “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев.
“Бу Ўзбекистоннинг энергетик мустақиллиги учун янги даврни очади, барқарор энергия таъминотини таъминлайди, иқтисодий ўсишни рағбатлантиради ва минглаб янги иш ўринларини яратади”, – деди АЭС қурилиши дирекцияси директори Абдижамил Калмуратов.

Аввал хабар берилганидек, субпудратчи сифатида Enter Engineering танланган. “Росатом”нинг маълум қилишича, котлован қазишда қарийб 1,5 млн куб метр тупроқ ишлари бажарилади, котлованнинг чуқурлиги 13 метр бўлади.
“Ишлар Ўзбекистондаги субпудратчи ташкилотлар томонидан амалга оширилмоқда. Росатом хизмат муддати минимум 60 йил бўлган станцияни қуради ва уни эксплуатация қилишда барча зарурий кўмакни кўрсатади. Бизни узоқ ўн йилликлар давом этадиган сермаҳсул ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик кутмоқда”, – деди “Росатом” директори Алексей Лихачев.














