Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Россия ва Хитой ядро қуролларини синаяпти. Фақат, улар буни гапирмайди» – Трамп
Доналд Трамп – Россия, Хитой ва Шимолий Корея ядро бомбаларини портлатиш орқали, яширин синовлар ўтказаётганини айтди. «Бизда дунёни 150 марта портлатишга етадиган ядро қуроллари бор. Улар қандай ишлашини билиш учун биз ҳам синаймиз», деди АҚШ етакчиси. Трампга кўра, Путин ва Си «об-ҳаво ҳақида гапирадиганлардан» эмас, балки жиддий одамлар.
Фото: White House
АҚШ президенти Доналд Трамп CBS News телеканалининг «60 дақиқа» дастурига берган интервьюсида нима учун ядро қуролларини синовдан ўтказмоқчи экани ҳақида гапирди.
Трамп, 30 октябрь куни Хитой раиси Си Жинпинг билан учрашув олдидан «уруш департаментига ядро қуроллари синовини бошлашни буюргани»ни ёзганди. Журналист ундан нимани назарда тутганини сўради:
«Мен ядросизланиш ҳақида бирор нарса қилиш керак, деб ҳисоблайман. Бу масалани мен аслида президент Путин ва Си билан ҳам муҳокама қилганман. Ядросизланиш — жуда муҳим масала. Бизда дунёни 150 марта портлатишга етадиган ядро қуроллари бор. Россияда ҳам кўп, Хитойда эса ҳозирча камроқ, лекин уларда ҳам анча бор.
Ядро қуроллари қандай ишлашини билиш учун синов керак. Шунинг учун ҳам биз ҳам бошқа давлатлар сингари ядро синовларини ўтказамиз», деди Трамп.
EXTENDED INTERVIEW: President Donald Trump's extended interview with 60 Minutes' @NorahODonnell. pic.twitter.com/wFlalC5Spq
— 60 Minutes (@60Minutes) November 3, 2025
Журналист унга Шимолий Кореядан бошқа давлатлар, хусусан Россия ва Хитой ядро қуролини портлатиб синов қилмаётганини айтди. Трампга кўра, ундай эмас:
«Россия синов ўтказяпти, Хитой ҳам. Улар бу ҳақида гапирмайди, холос. Биз эса очиқ жамиятмиз. Бизда журналистлар бор, улар бу ҳақида ёзади. Улар эса йўқ. Шунинг учун биз бу ҳақида очиқ гапиришимиз керак.
Биз синов ўтказамиз, чунки улар ҳам ўтказяпти. Албатта, Шимолий Корея синов ўтказяпти. Покистон ҳам синов ўтказган.
Улар сизга бу ҳақида айтмайди, холос. Дунёда катта, синовлар кўпинча ер остида ўтказилади, шунинг учун ҳамма уларни сезмайди. Баъзан фақат озгина силкиниш сезилади, холос. Россия яқинда «бошқа даражадаги синовлар» ўтказишини айтиб, бизга бироз таҳдид қилди.
Россия синов ўтказяпти, Хитой ҳам ўтказяпти — биз ҳам шундай қиламиз. Ахир бу мантиқан тўғри-ку? Сиз ядро қурол ясайсиз, лекин уни синовдан ўтказмасангиз, қандай қилиб у ишлашини биласиз? Албатта синов ўтказиш керак», деди АҚШ етакчиси.
Трампнинг қўшимча қилишича, у биринчи президентлиги даврида АҚШ ядро арсеналини қайта қурган ва янгилаган.
«Буни қилиш ёқимли эмас, чунки уларнинг вайронкор кучи ҳақида ўйлашнинг ўзи даҳшатли. Аммо агар бошқалар бундай қуролларга эга бўлса, биз ҳам эга бўлишимиз керак. Агар бизда улар бўлса, демак, синов ҳам керак — акс ҳолда уларнинг ишлашига ишонч бўлмайди. Албатта, биз бу қуроллардан ҳеч қачон фойдаланишни хоҳламаймиз», деди у.
Бундан ташқари Трамп яна урушларни тўхтатаётгани ҳақида гапира кетди. кейин, у журналистнинг «ким билан ишлаш қийинроқ — Владимир Путинми ёки Си Жинпинг?» деган саволига жавоб берди.
«Иккаласи ҳам қаттиққўл, иккаласи ҳам ақлли. Улар кучли раҳбарлар. Булар билан ўйин қилиб бўлмайди. Уларни жиддий қабул қилиш керак. Улар «Қаранг, бугун ҳаво нақадар чиройли» деб юрадиган одамлар эмас. Бу — жиддий, кучли, ақлли раҳбарлар», дея ҳамкасбларини мақтаб қўйди Трамп.