Жаҳон | 19:55 / 31.10.2025
8021
8 дақиқада ўқилади

Американинг ядро бомбаси синовлари: Путинга жавобми ёки янги совуқ уруш эҳтимоли?

Доналд Трампнинг ядро қуроллари синови бўйича таҳдиди глобал хавфсизлик билан боғлиқ мураккаб саволларни келтириб чиқарди. Мутахассисларга кўра, АҚШ 33 йилдан бери ядро арсеналини синамаган бўлса-да, ҳали ҳам дунёнинг нариги томонидаги нишонларни ишончли тарзда йўқ қила олади. Ушбу мақолада Американинг атом бомбалари ва уларни синов мақсадида портлатишга оид энг муҳим маълумотлар келтирилади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бошланиш – Путиннинг «мўъжизавий» қуроллари

Аслида ҳаммаси бир ҳафта олдин бошланди. Доналд Трамп Россия-Украина урушини тугатишга мажбурлаш учун русларнинг икки энг йирик нефта компаниясига санкциялар жорий қилди. Шу куни Россия президенти Владимир Путин ўзининг ядровий триадаси: қуруқлик, сув ва осмондаги ядро ташувчи ракеталари синовини эълон қилди.

Бир неча кун ўтиб эса ядровий двигателга эга, «чексиз масофага» уча оладиган, ядро қуроли олиб юриши мумкин бўлган «Буревестник» дрон-ракетаси синовдан ўтганини айтди.

Фото: Кремл матбуот хизмати

Шундан кейин, атом энергиясида ишлайдиган «Посейдон» ядровий торпедосини тақдим этди. Путинга кўра, «ҳаракат тезлиги ва чуқурлиги бўйича» дунёда бундай ускуна йўқ ва яқин орада пайдо бўлиши даргумон.

Трампдан кутилмаган баёнот

30 октябрга ўтар кечаси Доналд Трамп Пентагонга ядровий қурол синовларини бошлашни буюрганини билдирди. «Бошқа давлатлар синов дастурларини ўтказаётгани сабабли мен Мудофаа вазирлигига ядровий қуролимизни паритет асосида синашни бошлашни топширдим. Бу жараён дарҳол бошланади», — деб ёзди у Truth Social'да.

Трампнинг айтишича, ҳозир АҚШда «бошқа исталган мамлакатга нисбатан кўпроқ ядровий қурол» мавжуд. «Россия — иккинчи ўринда, Хитой — катта фарқ билан учинчи. Лекин у беш йил ичида бизга тенглашади», — деб қўшимча қилди республикачи.

Трамп «ядро қуролларини ташувчи тизимларни» синовдан ўтказишни назарда тутганми ёки ядро бомбасини портлатиш синовларга мораторийни бекор қилмоқчи, ҳозирча аниқ эмас.

АҚШда нечта ядро бомбаси бор?

New York Times нашрининг ёзишича, Америка арсеналида тахминан 3 минг 700 та ядро каллаги бор, шулардан 1 700 таси ҳозирда элтувчи қуролларга жойлаштирилган. Сўнгги баҳолашларга кўра, ядро қуроллари B-2 ёки B-52 каби бомбардимончи самолётларга ўрнатилиши, АҚШ ҳудудидаги шахталардан учирилиши ёки сувости кемаларидаги ракеталардан отилиши мумкин.

Фото: Getty Images

Аслида АҚШда дунёдаги энг кўп ядро бомба йўқ. Трамп чоршанба бу борада нотўғри фикр айтди: бу «рекорд» Россия Федерациясига тегишли. Америка олимлар жамиятига кўра, Россиянинг ядро каллаклари сони тахминан 5 минг 600 дан ошади. Уларнинг 1700 таси эса «фаол жойлаштирилган», яъни учиришга тайёр.

Вашингтон эса ҳозирда ҳар бир ядро каллагини янгилаш ва уларни ташувчи воситаларни модернизация қилиш дастурини амалга оширмоқда. Дастур умумий ҳисобда 30 йил давомида амалга оширилади ва 1,7 триллион долларга тушади.

Атом бомбаси ишлашига ким кафолат беради?

Автомобиллар сингари, ядро қуролларида ҳам доимий техник хизмат ва синов талаб қилинади. Шунинг учун ядровий қудратга эга давлатлар ўз арсеналларининг ишга тайёрлигига тўлиқ ишонади.

АҚШ ҳар йили тахминан 25 миллиард долларни ядро қуролларини сақлаш ва хизмат кўрсатиш дастурига сарфлайди. Мазкур дастурда портловчи синовлар ўтказилмайди. Бунинг ўрнига юзлаб техник қурилмалар, суперкомпютерлар, дунёдаги энг кучли рентген аппарати ва стадионга тенг лазер тизими орқали моделлаштириш ишлари амалга оширилади.

Фото: New York Times

АҚШда бу жараёнларга 8 та йирик марказда 65 500 нафар ходим жалб қилинган. Хусусан, ядро бомбасининг «ватани» ҳисобланган Лос-Аламос лабораториясида 2018 йилдан буён ишчилар сони 50 фоизга ошиб, 18 минг нафарга етган.

АҚШ охирги марта қачон ядро синови ўтказган?

АҚШ 1945 йилдан бери жами 1 030 та ядро портлаш синовларини ўтказган ва улардан тўпланган маълумотларни ҳанузгача сақлаб келади.

Сўнгги ерости портлаши – 1992 йил 23 сентябрда Невада синов полигонида амалга оширилган. У нисбатан кучсиз бўлган: Хиросима бомбасининг учдан бир қувватига тенг.

Ўша йили, совуқ уруш тугаган пайтда, АҚШ ихтиёрий равишда ядро қуролларининг портловчи синовларидан воз кечди ва бошқа давлатларни ҳам бунга кўндирди.

1993 йилда президент Билль Клинтон барча давлатларга ядро портловларини тақиқловчи халқаро битим ташаббуси билан чиқди. 1996 йилда имзоланган бу синовларни тўлиқ тақиқлаш шартномаси расман кучга кирмаган бўлса-да, дунё миқёсида норма сифатида шаклланди.

1962 йилда Невада синов полигонида ўтказилган 100 килотоннали термоядро бомбаси синовидан сўнг ҳосил бўлган кратер / Фото: Getty Images

Шундан сўнг АҚШ, Россия, Хитой, Британия ва Франция ҳеч қандай ядро синовини ўтказмаган. Бу асрда фақат Шимолий Корея – сўнгги марта 2017 йилда ядровий бомбасини портлатиш синовини ўтказган.

АҚШ яна қачон ядро бомбани синовдан ўтказиши мумкин?

АҚШнинг ядро синов майдони – Невада чўлида жуда катта ҳудудни эгаллаган. Аммо экспертлар бу жойни қайта синовга тайёрлаш жуда қийинлигини айтади — инфратузилманинг кўп қисми яроқсиз ҳолга келган.

Шунга қарамай, Энергетика вазирлиги 2013 йилда чиқарган ҳужжатда шундай деган эди: «АҚШ ядро тийиб туриш салоҳиятини намойиш этиш ёки бошқа давлат синовига жавобан чекланган синовни 6–10 ой ичида ўтказиши мумкин».

Reutersʼнинг Энергетика вазирлигидаги манбасига кўра, агар синов бўлса, у Невада штатидаги ерости полигонида 36 ой ичида синовга тайёр ҳолатда бўлиши керак.

АҚШ расмийлари янги бомба моделларини ерости портлашларисиз ишлаб чиқаётганини айтади. Миллий лабораториялар раҳбарлари ҳам Конгрессда қайта-қайта «АҚШга ядро портлашларини қайта бошлашнинг зарурати йўқ» деб гувоҳлик берган.

Нега баъзи экспертлар синовларни қайта бошлашни истайди?

Асосий сабаб — рақибларни қўрқитиш. Совуқ уруш даврида портловчи синовлар Москва ва Вашингтон ўртасидаги психологик ва сиёсий босим воситаси бўлган. Ерости портлашларидан тарқалган сейсмик тўлқинлар бутун дунёга сигнал юборар, уларни сейсмограф орқали исталган давлат аниқлай оларди.

Бугунги кунда эса БМТнинг «Ядро синовларини тўлиқ тақиқлаш шартномаси ташкилоти» дунёдаги энг сезгир мониторинг тармоғини бошқаради. У 100 дан ортиқ кузатув станциялари орқали зилзилалар ва вулқон портлашлари орасидан ядровий портлаш аломатларини аниқлайди.

Россия ва Хитойнинг реакцияси

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков – Россия ўтказган сўнгги дрон ва ракета синовлари ядро қуроллари синови эмаслигини айтди.

Песков Россиянинг сўнгги «ядро салоҳиятига эга қуроллар» синовлари ҳақида Трампга тўлиқ маълумот берилганига умид билдирди. Чунки «уларни мутлақо ядро синови сифатида кўриш мумкин эмас,» деди у.

Фото: New York Times

Россия 1990 йилдан бери тасдиқланган ядро қуроли синовини ўтказмаган.

Шу билан бирга, Песковнинг қўшимча қилишича, агар бошқа бир мамлакат ядро синовлари бўйича глобал мораторийни бузса, Россия ҳам шундай жавоб қайтаради.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги эса пайшанба куни «АҚШ ядро синовларига мораторий ва синовларни тақиқловчи шартнома бўйича мажбуриятларига риоя қилади» деган умидини билдирди.

Хитой АҚШ маъмуриятларининг ядро қуроллар бўйича музокаралар ўтказиш ҳақидаги барча уринишларини рад этиб келади. Пекин ядровий захираларини кескин кенгайтираётган бўлса-да, у Россия ва АҚШ билан музокара қилишга унча қизиқмайди. Чунки ҳозирча Хитойнинг ядровий арсенал ҳажми Россия ва АҚШдан анча кам. 

Мавзуга оид