Жаҳон | 14:40 / 02.09.2023
41737
15 дақиқада ўқилади

Туркча ҳаммом, спортзал ва лочинлар учун алоҳида хона: дунёдаги энг қиммат хусусий самолётларга кимлар эгалик қилади?

Бугун дунёнинг турли мамлакатларида яшовчи бойларда ҳашаматли ҳаёт кечириш учун ҳамма нарса бор. Улар дунёнинг кўплаб шаҳарларида қимматбаҳо уй-жойлар, яхталар, шахсий самолётларга эгалик қилишади. Энг қиммат самолёти бор бойлар рўйхатидан Саудия шаҳзодаси, Алишер Усмонов ва Доналд Трамп жойлашган.

Фото: Kun.uz

Шахсий самолётга эгалик қилувчилар орасида миллиардлаб доллар пули бор тадбиркор бойлардан тортиб, Ҳолливудда суратга тушган ҳар бир филми учун бир неча ўн миллионлаб доллар оладиган актёрлар ва актрисалар бор.

Шунингдек, рўйхатдан шоу-бизнес вакиллари бўлган қўшиқчилар ҳам ўрин олган.

Дунёдаги энг қиммат шахсий самолёт Саудия Арабистони шаҳзодаси Валид ибн Талалга тегишли. У энг йирик самолётлардан бири Airbus A380 Superjumbo Jet соҳиби ҳисобланади.

Рўйхатда таниқли шахслардан россиялик таниқли бизнесмен Алишер Усмонов ҳам ўрин олган. У отасининг шарафига Бурҳон деб номланган самолётни бундан бир неча йил аввал 350 миллион долларга сотиб олган.

Бундан ташқари, энг қиммат самолётлардан бирига АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп эгалик қилади. У самолётига фамилиясини ёздириб олган.

Аввалроқ, дунёнинг кўзга кўринган бойлари эгалик қиладиган қимматбаҳо яхталар ҳақида маълумот бергандик. Қуйида бойлар эгалик қиладиган дунёнинг энг қиммат шахсий самолётлари ҳақида маълумотлар берилади.

Эслатма, рўйхатдаги қиммат хусусий самолётлар ҳақида очиқ манбаларда маълумотлар берилган. Бошқа маълумотлар бўйича рўйхат бошқача бўлиши ҳам мумкин.

Жеки Чан шахсий самолёти Embrear Legasy 500 олдида

15. Embraer Legacy 500 – 38 млн доллар (Жеки Чанга тегишли)

Embraer Legacy 500 самолётларининг энг қимматига машҳур актёр Жеки Чан эгалик қилади. У 2016 йилда хитойликлар орасида биринчи бўлиб мазкур самолётлардан бирини 38 миллион долларга харид қилган.

Embraer Legacy 500 самолётлари махсус буюртма билан Бразилиянинг Embraer компанияси томонидан ишлаб чиқарилади. Бу самолёт янги модел бўлиб, 2012 йилдан ишлаб чиқарила бошланган. 2023 йилгача улардан 80 дона тайёрланган.

Embraer Legacy 500 самолётлари мижознинг таъбига қараб жиҳозланиб берилади. Буюртмага қараб унинг нархи 18 миллион доллардан бошланиб 40 миллион долларгача етиши мумкин.

Жеки Чан эгалик қиладиган самолёт ҳашаматли қилиб жиҳозланган ва унда мароқли дам олиш учун барча шароит қилинган. Самолётга 12 киши жойлашиши мумкин. Актёр уни «иккинчи уйим» деб атайди.

Маълумот учун, Жеки Чан 2012 йилда Embraer Legacy 650 самолётини сотиб олган ва Embraer компанияси билан унинг юзи бўлиш учун шартнома имзолаган. Кўп ўтмай Хитойдан Embraer Legacy 650 самолётига ўндан ошиқ буюртма тушган.

Embraer Legacy 650

14. Embraer Legacy 650 – 38 млн доллар (Том Крузга тегишли)

Рўйхатнинг ўнинчи ўрнига ҳам Embraer компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган Embraer Legacy 650 самолёти жойлашган. Ушбу самолётга Rolls-Royce компаниясида тайёрланган иккита двигател ўрнатилган.

Embraer Legacy 650 самолётларининг энг қимматига машҳур Ҳолливуд юлдузи, актёр Том Круз эгалик қилади. У самолёт учун 38 миллион доллар сарфлаган. Мазкур самолётнинг ҳашаматли салонига 19 киши жойлашиши мумкин.

Актёр Embraer Legacy 650 самолётини харид қилишдан аввал Gulfstream IV самолётига эгалик қилган.

Вombardier Challenger 850 Learjet

13. Вombardier Challenger 850 Learjet – 40 млн доллар (Бейонсга тегишли)

Bombardier Aviation компанияси ишлаб чиқарадиган яна бир самолёт Вombardier Challenger 850 Learjet рўйхатнинг еттинчи поғонасига жойлашди.

Мазкур турдаги самолётлардан бирига америкалик қўшиқчи Бейонс эгалик қилади. Қўшиқчи самолёт учун 40 миллион доллар сарфлаган.

Вombardier Challenger 850 Learjet самолётлари ҳам асосан буюртма билан чиқарилади. Унга ҳам Rolls-Royce компаниясида ишлаб чиқарилган иккита турбо двигател ўрнатилган.

Самолётда иккита ётоқхона, меҳмонхона, ошхона жойлашган. Ундаги ўриндиқлар тўлиқ тери билан қопланган.

Ушбу самолёт ёқилғи сиғими тўлдирилганда 5 200 километр масофага уча олади. Унинг максимал тезлиги 819 километрни ташкил этади.

Кўплаб авиакомпаниялар Вombardier Challenger 850 Learjet самолётларини мижозларга аренда бериш учун сотиб олишади. Унинг ижараси соатига 5 400 дан 7000 еврогача нархланади.

Bombardier BD-700 Global Express

12. Bombardier BD-700 Global Express – 42 млн доллар (Селин Дионга тегишли)

Ҳашаматли қилиб жиҳозланган яна бир Bombardier BD-700 Global Express самолёти рўйхатнинг олтинчи поғонасида жойлашди. Бу самолётни Ҳолливуд юлдузлари жуда ёқтиришади.

Мазкур самолётга шу пайтгача бир неча киши эгалик қилган. 2022 йилда уни канадалик машҳур қўшиқчи Селин Дион (Титаник филми саундтрекини куйлаган хонанда) 42 млн долларга сотиб олган.

Самолётда 18 киши жойлашиши мумкин. Унинг салонида мажлис ўтказиш мумкин бўлган умумий зал ва алоҳида иш кабинети бор.

Bombardier BD-700 Global Express самолётларига ҳам Rolls-Royce компаниясида ишлаб чиқарилган иккита турбопарракли двигател ўрнатилган. Самолёт соатига 950 киломерт тезликда уча олади.

Gulfstream V

11. Gulfstream V – 59 миллион доллар (Жим Керрига тегишли)

Gulfstream V самолётларини Американинг Gulfstream Aerospace компанияси ишлаб чиқаради. Мазкур самолёт Bombardier самолётларидан фарқли ўлароқ реактив ҳисобланади.

Gulfstream V самолётига Rolls-Royce компаниясида тайёрланган иккита реактив двигател ўрнатилган. Ёқилғи сиғими тўлдирилганда у қарийб 11 минг километр масофани учиб ўта олади.

Мазкур самолётга ҳозир Ҳолливуднинг машҳур актёри Жим Кэрри эгалик қилади. Актёр ушбу ҳашаматли самолёт учун 59 миллион доллар сарфлаган. Самолётга 16 киши жойлашади. Ушбу самолётдан жами 200 дона ишлаб чиқарилган.

Ушбу самолётга Rolls-Royce компаниясида ишлаб чиқарилган иккита двигател ўрнатилган.

Bombardier BD-700 Global Express

10. Bombardier BD-700 Global Express – 66 млн доллар (Билл Гейтсга тегишли)

Bombardier BD-700 самолётларининг энг қимматига дунёдаги энг бой одамлардан бири Майкрософт компаниясининг собиқ эгаси Билл Гейтс эгалик қилади.

Миллиардер самолётни 66 млн долларга сотиб олган. Унга максимал 19 киши жойлаша олади. Махсус жиҳозланганларида йўловчилар ўрни қисқартирилган.

Bombardier BD-700 самолётлари Канаданинг Bombardier Aviation компанияси томонидан илк бор 1996 йилда ишлаб чиқарила бошланган. Ўшандан буён компания ушбу самолётни такомиллаштириб келади.

Самолётга иккита Rolls-Royce компаниясида ишлаб чиқарилган турбо двигател ўрнатилган. Самолётнинг максимал учиш тезлиги соатига 950 километрни ташкил этади.

Ёқилғи сиғими бир марта тўлдирилганда 11 700 километргача парвоз қила олади. Самолётни икки нафар учувчи бошқаради. Борт кузатувчилари сони самолёт эгасининг хоҳишига қараб бўлади.

Мукеш Амбанига тегишли Boeing Business Jet 2

9. Boeing Business Jet 2 – 73 млн доллар (Ҳиндистонлик тадбирокр Мукеш Амбани эгалик қилади)

Boeing Business Jet 2 самолёти Boeing 737-800 самолёти асосида ишлаб чиқарилган. Бундай самолётлардан бирига ҳиндистонлик таниқли миллиардер Мукеш Амбани эгалик қилади.

Самолётда катта меҳмонхона, ётоқхона, ванна ва кузатувчилар учун алоҳида хоналар бор. Миллиардерда умумий ҳисобда ўнтача турли самолётлар бор. Boeing Business Jet 2 улар орасида энг қиммати ҳисобланади. Амбани мазкур самолётни 2007 йилда сотиб олган.

Dassault Falcon 50EX

8. Dassault Falcon 50EX – 75 млн доллар (Ричард Бренсонга тегишли)

Dassault Falcon 50EX самолётлари Американинг Dassault компанияси томонидан 1995 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилади. Самолётга Garrett AiResearch Honeywell Aerospace компаниясида ишлаб чиқарилган иккита двигател ўрнатилган.

Британиялик миллиадер эгалик қиладиган Dassault Falcon 50EX самолётида 9 нафар йўловчи ўрни бор. Самолётнинг максимал тезлиги соатига 950 километрни ташкил этади. Ёқилғи сиғими тўлдирилганда улар 6000 километргача парвоз қила олади.

Самолётнинг ўлчами кичик бўлгани учун унда алоҳида хоналар йўқ. Фақат қимматбаҳо креслолар ўрнатилган холос.

Доналд Трамп шахсий самолёти фонида

7. Trump’s Boeing 757 – 100 миллион доллар (Доналд Трампга тегишли)

Номидан кўриниб турибдики, Trump’s Boeing 757 самолётига АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп эгалик қилади.

Трамп самолётни сотиб олиш учун 100 миллион доллар атрофида маблағ сарфлаган, унга ўз фамилиясини ёздирган.

Ушбу самолёт 1991 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, ўша пайтда ундан Даниянинг Sterling Airlines авиакомпанияси фойдаланган. 1993 йилда самолёт Мексиканинг TAESA авиакомпаниясига ўтган.

1995 йилда самолётни Microsoft компанияси эгаси Пол Аллен сотиб олган. 2011 йилда Boeing 757 Трампга ўтган ва у самолётни қайта жиҳозлатган.

Самолётда иккита ётоқхона бор. Унинг салонига катта телевизор ўрнатилган. Салондаги аксар деталларга, ҳатто ҳожатхонадаги қўл ювиш учун ўрнатилган чаноққача (раковина) тилла суви югуртирилган.

Самолётга 23 киши жойлашади. Мазкур самолёт Boeing компанияси томонидан алоҳида шахслар учун тайёрланган қимматбаҳо самолётлардан бири ҳисобланади.

Трампга тегишли Boeing 757 самолётининг ётоқхонаси

Самолётга Rolls-Royce компаниясида ишлаб чиқарилган иккита двигател ўрнатилган. 2019 йилда унинг двигателида носозлик аниқланади. 2021 йилда тузатилади ва ҳозир ҳам самолёт Трампга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Трампда саккиз ўриндиқли Cessna 750 Citation X самолёти ва учта вертолёт бор. У самолётдан ва вертолётлардан қисқа парвозларда фойдаланади.

Ким Кардашянга тегишли Gulfstream G650 ER

6. Gulfstream G650 ER – 150 млн доллар (Ким Кардашян эгалик қилади)

Ким Кардашян Gulfstream G650 ER самолётини 2022 йил февралда 95 миллион долларга сотиб олган. Қўшимча жиҳозлашдан сўнг самолётнинг нархи 150 миллион долларга етган.

Ким Кардашян самолётга Kim Air деб ном берган. У самолётни буюртма билан ясатган ва уни жиҳозлашда ҳар бир деталнинг қандай рангда ва кўринишда бўлишини ўзи белгилаб берган.

2022 йилда Ким Кардашяннинг шахсий стилисти самолётдаги ҳашамат ҳақида ўзининг Instagram саҳифасида маълумотлар эълон қилди.

Самолётда меҳмонхона, ванна, кузатувчилар учун алоҳида хоналар жойлашган. Маълум бўлишича, Кардашян ҳар 200 соатлик парвоз учун ёқилғига 400 минг, техник хизмат кўрсатиш учун 100 минг доллар сарфлайди.

Ҳассанал Болкиаҳга тегишли Boeing 747 - 430

5. Boeing 747-430 – 230 миллион доллар (Бруней султонига тегишли)

Boeing 747-430 Бруней султони Ҳасанал Болкиаҳнинг учинчи самолёти ҳисобланади. Ушбу самолётни у Lufthansa авиакомпаниясидан 100 долларга сотиб олган.

Сўнг самолёт қўшимча жиҳозланган. Жумладан, унинг ваннасидаги жиҳозларга тилла суви югуртирилган. Ўриндиқларга қиммат тери қопланган. Қўшимча жиҳозлашлардан сўнг унинг нархи 200 миллион доллардан ошган.

Самолётда султоннинг мароқли ҳордиқ олиши учун барча нарса муҳайё қилинган. Унда меҳмонхона, ётоқхона, ванна, кузатувчилар учун алоҳида хона бор.

Султон эгалик қилаётган Boeing 747-430 «самодаги сарой» деб аталади.

Boeing 747- 8 VIP

4. Boeing 747- 8 VIP (Dreamliner) – 367 миллион доллар (Жозеф Лауга тегишли)

Яна бир ҳашаматли Boeing 747- 8 VIP самолётига ҳонгконглик миллиардер Жозеф Лау эгалик қилади. У ушбу самолёт 367 миллион доллар нархланади.

Миллиардер самолётни 2019 йилда 153 миллион долларга сотиб олган. Қайта жиҳозлашдан сўнг самолёт миллиардерга қарийб 400 млн долларга тушган.

Самолётнинг ичи жуда ҳашаматли қилиб таъмирланган бўлиб, унда алоҳида меҳмонхона, ванна, кузатувчилар учун алоҳида хона бор. Мазкур самолёт буюрма билан ягона нусхада тайёрланган.

Хитойлик миллиардер бундан аввал икки қаватли қилиб тайёрланган Boeing 757 самолётига эгалик қилган.

Абрамовичга тегишли Boeing 787-8 Dreamliner самолёти

3. Boeing 787-8 Dreamliner – 350 млн доллар (Роман Абрамовичга тегишли)

Boeing компанияси томонидан тайёрланган Boeing 787-8 Dreamliner самолётига россиялик миллиардер Роман Абрамович эгалик қилади. У мазкур самолётни 2021 йил декабр ойида 350 миллион долларга сотиб олган.

Мазкур самолёт 2015 йилда Швейцариядаги хусусий авиакомпания учун ишлаб чиқарилган. Бироқ авиакомпанияда молиявий муаммолар пайдо бўлгач у самолётни олмай келаётганди.

Абрамовичга тегишли ички кўриниши
Boeing 787-8 Dreamliner

Мазкур самолёт 50 ўринли бўлиб, ундан ўнта ўрин қўриқчилар, 30 та ўрин меҳмонлар ва яна ўнта ўрин хизматчиларга мосланган. Абрамович Boeing 787-8 Dreamliner’ни сотиб олган пайтда Россияда бундай турдаги самолёт йўқ эди.

Boeing 787-8 Dreamliner бир марта ёқилғи қуйилганда 18,4 минг километр масофани учиб ўта олади.

Маълумот учун, Абрамовичнинг аввалги самолёти Boeing 767 бўлиб, уни 2021 йил ноябрда сотиб юборган ва Boeing 787-8 Dreamliner’ни харид қилганди.

Алишер Усмоновга тегишли Airbus A340-300 «Бурҳон» самолёти

2. Airbus A340-300 – 400 млн доллар (Алишер Усмоновга тегишли)

Airbus компанияси томонидан ишлаб чиқарилган мазкур самолётга россиялик миллиардер Алишер Усмонов эгалик қилади

Миллиардер самолётни сотиб олиш учун 350 миллион доллар сарфлаган. Қўшимча жиҳозлашлардан сўнг Airbus A340-300 унга 400 млн долларга тушган.

Ушбу самолёт ёқилғи сиғими бир марта тўлдирилганда 14,5 минг километр масофани учиб ўтиши мумкин. Самолётнинг ҳашаматли салонига 375 киши жойлашиши мумкин. Самолётга Усмонов отасининг номини берган – «Бурҳон».

Валид ибн Талалга тегишли Airbus A380 Superjumbo Jet самолёти

1. Airbus A380 Superjumbo Jet – 500 млн доллар (Валид ибн Талалга тегишли)

Дунёдаги энг қиммат хусусий самолёт Саудия Арабистони шаҳзодаси Валид ибн Талалга тегишли Airbus A380 Superjumbo Jet ҳисобланади.

Airbus компанияси A380 самолётларини ишлаб чиқаришни 2021 йилда тўхтатди. Бунга самолётнинг жуда катталиги ва кейинги пайтларда унга буюртма кам тушгани сабаб бўлди.

Шаҳзода ҳашаматли самолётни 500 миллион долларга харид қилган. Airbus A380 Superjumbo Jet бортида бойвачча шаҳзода учун ҳамма нарса муҳаййё қилинган.

Валид ибн Талал шахсий Airbus A380 Superjumbo Jet самолётида.

Жумладан, учта ётоқхона, иккита ювиниш хонаси, туркча ҳаммом, спортзал, лочинлар сақланадиган алоҳида хона (лочинлар билан ов қилиш шаҳзоданинг севимли машғулоти ҳисобланади) бор.

Самолётда алоҳида намозхона бор ва унга электрон гилам тўшалган. У самолёт қайси йўналишга учишидан қатъи назар қибла – Макка тарафни кўрсатиб туради.

Шунингдек, унда бир қанча машиналар сиғадиган гараж қилинган. Шаҳзодани фойдаланадиган машиналар доим у билан бирга олиб юрилади.

Маълумот учун, бошқа бойларда турли самолётлар бор. Жумладан, Илон Маск, Жефф Безос, Сергей Брин ва Ларри Пейдж Gulfstream G650 ER, Опра Уинфри Gulfstream GH50 самолётига эгалик қилишади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид