АҚШ президенти Доналд Трамп учинчи ҳафтадирки ҳукуматга қарши намойишлар давом этаётган Эронга нисбатан бир неча «жуда қатъий» вариантларни кўриб чиқаётганини айтди. The Wall Street Journal маълумотига кўра, АҚШ Яқин Шарқдаги иттифоқчиларини Эрон бўйлаб йўлланадиган зарбаларга тайёр туриш ҳақида огоҳлантирган. АҚШнинг ҳарбий аралашуви қандай кўринишда бўлиши мумкинлиги (ва умуман, аралашувнинг ўзи бўлиш-бўлмаслиги) ҳақида ҳозирча расман хабар берилмади. Британиядаги The Telegraph газетаси тўртта эҳтимолий сценарийни кўриб чиқди.

«Рамзий зарбалар»

Биринчи вариант – Теҳронга намойишчиларга қарши куч ишлатиб бўлмаслиги тўғрисида сигнал бериш, шунингдек, АҚШ президенти Доналд Трампнинг намойишчиларни қатл этиш бошланган тақдирда Эронга зарба берилиши ҳақидаги таҳдидини тасдиқлашгагина қаратилган «рамзий» ҳаво ҳужуми ёки зарбалар сериясини амалга ошириш.

Бундай зарбанинг эҳтимолий нишонлари Эрон ядровий дастури ёки кучишлатар идоралари билан боғлиқ ҳар қандай объектлар бўлиши мумкин – масалан, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси базалари. Эффектни ошириш учун америкаликлар Теҳроннинг ўзида жойлашган қандайдир расмий идорага ҳам ҳужум уюштириши мумкин. Бу турдаги операция учун АҚШнинг Форс кўрфази минтақасида жойлашган ҳарбий кучлари етарли бўлади.

The Telegraph ёзишича, бу сигнал «режимни намойишчиларга қарши қонли репрессияларни юмшатишга кўндириш» учун етарли бўлиши мумкин. Шу билан бирга, агар ҳужум фақат рамзий маънода бўлиши билдириб қўйилса, у тескари эффект келтириб чиқариши – Эрон расмийларида америкаликлар аслида можарога жиддий аралашиш ниятида эмаслиги ҳақида хулоса ҳосил қилиши мумкин.

Узоқ давом этувчи ёпирилма зарбалар

Иккинчи вариант – Эрондаги режимни ағдариш мақсадидаги кенг кўламли ҳарбий кампания. Бу ҳолатда америкалик ҳарбийлар нафақат ҳарбий идораларнинг штаб-квартираларини, балки Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг бутун мамлакат бўйлаб жойлашган кўплаб базаларини ҳам бомбалаши керак бўлади.

The Telegraph 2025 йил июнида Исроил авиацияси қарийб икки ҳафта мобайнида Эрондаги объектлар бўйлаб зарбалар бергани, аммо бу режимни алмаштириш учун етарли бўлмаганини эслатади – шу туфайли бу вариант танланадиган бўлса, америкаликлар янада кенг кўламлироқ ва давомлироқ бомбалашни амалга оширишига тўғри келади. Таҳлилчилар фикрича, нафақат режимнинг муҳим функционерлари, балки давлат нашрлари, суд ва прокуратура идораларидаги амалдорлар ҳам нишонга айланиши керак.