Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Bloomberg: Трампнинг махсус вакиллари Путин билан учрашиши мумкин
Bloomberg манбаларга таяниб хабар беришича, АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф ҳамда унинг куёви Жаред Кушнер Россия президенти Владимир Путин билан учрашув ўтказиш учун Москвага сафари эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Айтилишича, учрашув январ ойидаёқ бўлиши мумкин, аммо қарор ҳали якуний эмас.
Фото: Imago
АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер Россия президенти Владимир Путин билан учрашиш учун Москвага бориш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги 14 январ, чоршанба куни вазиятдан хабардор манбаларга таяниб хабар берди.
Агентлик суҳбатдошларига кўра, учрашув шу ойнинг ўзида бўлиб ўтиши мумкин, бироқ режалар ҳали якуний эмас. Муддатлар Эрон атрофидаги беқарор вазият сабаб ўзгаришига боғлиқ.
Reuters бу маълумотни тезкор тасдиқлай олмаган. Оқ уй изоҳ сўровига жавоб бермаган, аммо АҚШ маъмурияти вакилларидан бири Bloomberg’га ҳозирча ҳеч қандай учрашув расман режалаштирилмаганини айтган.
Bloomberg маълумотига кўра, Уиткофф ва Кушнер Путин ва унинг атрофидаги шахсларга Украина бўйича тинчлик таклифларининг янгиланган (энг сўнгги) вариантини тақдим этмоқчи. Кутилишича, музокараларда эҳтимолий келишувни таъминлаш учун АҚШ ва Европа томонидан хавфсизлик кафолатлари, шунингдек, урушдан кейин Украина тикланиши масалалари муҳокама қилинади.
Бу хабар Трампнинг ой бошида Путин позициясидан очиқ норозилик билдиргани ҳақидаги баёнотлардан кейин пайдо бўлди: у Украинадаги уруш давом этаётганидан ранжиганини айтган ва аввал можарони якунлашни осон вазифа деб ўйлаганини яна бир бор таъкидлаган.
Уиткофф ва Кушнер декабр бошида ҳам Москвага келиб, Путин билан музокаралар ўтказган. Ўшанда Путин учрашувни зарур ва фойдали деб атаган, аммо АҚШ томонидан таклиф қилинган урушни тўхтатиш режасида Россия рози бўлмайдиган айрим бандлар борлигини билдирган.
Январ бошида Парижда Украина, унинг европалик иттифоқчилари ва АҚШ иштирокида саммит бўлиб ўтган. Унда урушдан кейин Киев учун эҳтимолий хавфсизлик кафолатлари муҳокама қилинган. Саммит доирасида Украина делегацияси АҚШ томони билан алоҳида музокаралар ҳам ўтказган — жумладан Запорижжя АЭС ва Донбасснинг келажак мақоми масалалари юзасидан.
Le Monde газетаси маълумотига кўра, саммит кунлари Парижда Кремлнинг махсус вакили Кирилл Дмитриев ҳам бўлган. Axios эса у Кушнер ва Уиткофф билан учрашувлар ўтказганини хабар қилган.