Ўзбекистон | 14:55 / 03.03.2022
3557
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш бошқармасида 6,5 млрд сўмлик камомад аниқланди

Фото: KUN.UZ

Бошқарма балансидаги қозонхоналардан 7 донаси бошқа шахсларга бериб юборилган. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш бошқармасида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Уй-жой фонди инспекцияси томонидан назорат тадбири ташкил этилиб, қатор камчиликлар аниқланган.

2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, “Иссиқлик манбаи” таркибида жами 51 та қозонхона мавжуд бўлиб, уларнинг баланс қиймати қарийб 1,5 млрд сўмни ташкил этган. Аммо назорат тадбири даврида қозонхоналарнинг кадастр ҳужжатлари тақдим этилмаган ҳамда 7 дона қозонхона бошқа шахсларга бериб юборилганлиги аниқланган.

Шунингдек, корхонада умумий қиймати қарийб 6,5 млрд сўм бўлган қатор молиявий камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди. Хусусан:

- асоссиз киритилган харажатлар - 3,8 млрд сўм;

- товар моддий бойликларининг камомади -1,8 млрд сўм;

- ортиқча тўланган иш ҳақи - 833,3 млн сўм;

- бошқа шахсларга берилган бинолар қиймати - 46,8 млн сўм;

- ёнилғи харажатларининг ортиқча сарфланиши - 45,5 млн сўм.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Тайёрлаган:  Абдували Қурбонов

Мавзуга оид