Иқтисодиёт | 20:30 / 31.01.2026
14385
6 дақиқада ўқилади

Гўшт яна қимматлаша бошлади. Ўтган йилда ҳам нархлар кескин ошганди

2025 йилда Ўзбекистонда суяксиз мол гўштининг қимматлашиши йиллик инфляциядан 3,3 баробарга, қўй гўштининг қимматлашиши эса 3,7 баробарга юқори бўлди. Январь ойида нархлар яна ошишни бошлади. Ўтган йилда гўшт етиштиришнинг ўсиши секинлашди, мол гўшти импорти эса миқдор жиҳатдан 67 фоизга, қиймат жиҳатдан 80,5 фоизга кўпайди.

Ўтган йил Ўзбекистонда гўшт нархининг қимматлашгани аҳолининг кундалик харажатларига сезиларли таъсир кўрсатди. Айниқса, мол гўшти нархининг тез-тез ўзгариши нафақат истеъмолчилар, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, инфляция ва аграр сиёсат самарадорлиги масалаларини ҳам кун тартибига олиб чиқди.

2026 йилнинг январ ойида ҳам нархларнинг ошиши давом этяпти. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қайд этишича, 30 декабрь куни Эски Жува деҳқон бозорида 1 кг мол гўштининг улгуржи минимал нархи 66 минг сўмдан, максимал нархи 100 минг сўмдан, қўй гўштининг улгуржи минимал нархи 70 минг сўмдан, максимал нархи 105 минг сўмдан сотилган. 30 январь ҳолатида эса мол гўштининг минимал нархи 70 минг сўмгача, максимал нархи 103 минг сўмгача, қўй гўштининг минимал нархи 82 минг сўмгача, максимал нархи 110 минг сўмгача қимматлашган. Яъни охирги бир ой ичида мол гўштининг улгуржи минимал баҳоси 6 фоизга, максимал баҳоси эса 3 фоизга, қўй гўштининг минимал баҳоси 17 фоизга, максимал баҳоси эса қарийб 5 фоизга ошган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда суяксиз мол гўшти 25 фоизга, суякли мол гўшти 23,9 фоизга, қўй гўшти 26,8 фоизга қимматлашганди.

Статистика қўмитасининг расмий рақамларига қарайдиган бўлсак, суякли мол гўшти нархининг ошиши охирги йилларда қуйидагича бўлган:

  • 2017 йил – 35,9 фоиз (умумий инфляция – 14,4 фоиз);
  • 2018 йил – 26,9 фоиз (умумий инфляция – 14,3 фоиз);
  • 2019 йил – 26,6 фоиз (умумий инфляция – 15,2 фоиз);
  • 2020 йил – 21,1 фоиз (умумий инфляция – 11,1 фоиз);
  • 2021 йил – 10,4 фоиз (умумий инфляция – 9,98 фоиз);
  • 2022 йил – 9,8 фоиз (умумий инфляция – 12,3 фоиз);
  • 2023 йил – 9,3 фоиз (умумий инфляция – 8,8 фоиз);
  • 2024 йил – 13,3 фоиз (умумий инфляция – 9,8 фоиз);

 Гўшт етиштириш ва импорт

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда 2 млн 987 минг тонна гўшт (тирик вазнда) етиштирилган. Бу кўрсаткич олдинги йилга нисбатан 1,5 фоизга кўп. Хусусан, гўшт етиштириш 2024 йилда 2 млн 942 минг тоннани (+3,9 фоиз), 2023 йилда 2 млн 833 минг тоннани (+3,9 фоиз), 2022 йилда эса 2 млн 726 минг тоннани (+3,4 фоиз) ташкил этган.

Шу билан бирга, йилдан йилга импорт ҳажми ҳам ошиб боряпти. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга 869 млн долларлик гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорт қилинган. Шундан 661 млн долларлик маҳсулот (қарийб 157 минг тонна) қорамол гўшти ҳиссасига тўғри келади. Бу 2024 йилга нисбатан миқдор жиҳатдан 67 фоизга, қиймат жиҳатдан эса 80,5 фоизга ошган. 1 кг импорт мол гўштининг ўртача баҳоси 4,2 долларни ташкил этган. Таққослаш учун, 2024 йилда мазкур кўрсаткич 3,9 долларга тенг бўлган.

Ўтган йилда миқдор жиҳатдан товуқ гўшти импорти 6,3 фоизга, гўй гўшти импорти эса қарийб 2,5 баробарга ошди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда гўшт импорти учун божхона божининг ноль ставкаси қўлланади.

Охирги йилларда гўшт нархининг қимматлашишига бир нечта омиллар мажмуаси таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

Биринчидан, чорва молларини озиқлантириш учун ажратилган ер майдонлари қорамоллар сонига мутаносиб эмас. Олдин мавжуд бўлган яйловлар ўрни экинзорга айланиши билан номутаносиблик кенгайиб боряпти. Яъни фермер чорвачиликни кенгайтиришни истаса ҳам, бунинг учун унда етарли ер майдони мавжуд эмас.

Яйлов чорвачилигида гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қилинадиган харажатлар қорамолчиликдагига нисбатан анча кам бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқариш таннархнинг пастлиги туфайли гўшт нархини мувозанатловчи асосий омил ҳисобланади. Иқлим ўзгариши ва сув танқислиги сабабли яйловларнинг қисқариши табиий равишда кучайиб боряпти. Шунингдек, бута ва ярим бута ўсимликларини ўтин ва бошқа хўжалик эҳтиёжлари учун чопиб олиш ҳам яйловлар инқирози ва чўлланиш жараёнини тезлаштирган.

Ўз навбатида, яйловларнинг қисқариши мавжуд захиралардан кўпроқ фойдаланишни тақозо этади. Бунинг оқибатида ўсимликларнинг нормал ўсиб ривожланиши ва уруғ ҳосил қилиши, тупроққа уруғларнинг тўкилиши каби муҳим табиий жараёнлар секинлашади.

Яъни ҳозирги нархлар ошишини барқарорлаштириш, бозордаги таклифни ошириш учун биринчи навбатда мазкур кўп йиллик тизимли муаммони ҳал қилиш керак бўлади. Чўл яйловларининг ҳажми ва ҳосилдорлигини оширмай туриб, уларда боқилаётган чорва ҳайвонлари бош сонини кўпайтиришнинг иложи йўқ. Масалан, айрим мамлакатларда яйловлар ҳолатини яхшилаш учун ҳар йили бир йиллик ўсимлик уруғларини сепиш йўлга қўйилган.

Иккинчидан, гўштнинг катта қисми одамлар томонидан хонадонларда етиштирилади. Бунда қўшимча даромад олиш мақсадида ёш қорамол чорвадордан сотиб олинади ва семиртириб сотилади. Шрот ва кунжара каби маҳсулотлар нархининг тез ўзгарувчанлиги, ем-хашак учун ер майдонларининг етарли эмаслиги, маккажўхори каби экинларни экишга қўйилган норасмий чекловлар чорва учун озиқ-овқат нархларини қимматлаштиряпти.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид