Жаҳон | 17:45 / 12.09.2021
25422
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: АҚШ Ўзбекистондаги афғонистонлик учувчиларни эвакуация қилади 

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида афғон учувчилари ва уларнинг оила аъзоларини Американинг Доҳадаги ҳарбий базасига кўчириш бўйича келишувга эришилган. Аммо Афғонистон армиясининг Сурхондарёга олиб ўтилган 46та самолёти ва вертолёти тақдири ҳозирча номаълум.

Ўзбекистон ҳудудида вақтинча бўлиб турган афғонистонлик ҳарбий учувчилар 12 сентябрь куни америкаликларнинг Доҳадаги ҳарбий базасига олиб бориб жойлаштирилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри хабар берган.

Афғон қочқинлари вақтинча Доҳада яшаб туришади, уларнинг кейинги манзили кейинроқ маълум қилинади. Ҳозирча уларнинг қанчадир қисми АҚШга олиб кетилиши борасида маълумот йўқ.

Қарийб бир ой муқаддам ҳарбий ҳаракатлар вақтида Афғонистон ҳарбий ҳаво кучлари самолётлари ва вертолётлари орқали афғон учувчилари ва уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтганди. ОАВ маълумотига кўра, Сурхондарёдаги аэропортга 22 ҳарбий самолёт ва 24 вертолёт орқали жами 585 киши келган. Олиб ўтилган ҳарбий техникалар қаторида PC-12 русумли енгил моторли самолётлар, Америкада ишлаб чиқарилган Black Hawk русумли ҳамда Россияда ишлаб чиқарилган Ми-17 русумли ҳарбий вертолётлар ҳам бор.

Маълумотларга кўра, кузатув давомида афғонларнинг Embraer-314 русумли самолёти ўзбекларнинг МиГ-29 русумли самолёти билан тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган.

Ҳозирча ҳарбий техникалар Америкага топширилиши ёки Афғонистонга қайтарилиши борасида қарор қабул қилинмаган.

Ҳокимиятга келган толиблар афғон учувчиларининг мамлакатни тарк этишига, шунингдек, уларга бирор давлат бошпана беришига норозилик билдирган.

«Бу учувчилар ўз мамлакатига қайтишлари керак, Афғонистон уларга муҳтож. Биз мамлакатимизни эндигина тиклашни бошлаяпмиз. Дунё аҳли Афғонистонни қайта қуриш ва халқимизнинг иқтисодий фаровонлигига тўсқинлик қилмасдан, бизга ёрдам бериши керак», деган ҳаракат расмийси Суҳайл Шаҳин матбуот анжумани вақтида.

Бундан ташқари, «Толибон» олиб қочилган авиация техникаларини ҳам қайтаришни талаб қилган.

WSJ нашрининг қайд этишича, афғон армияси учувчилари толибларнинг асосий душманлари саналган, учувчилар уруш вақтида уларнинг позицияларига бомбалар ёғдириб, энг кўп талафот келтирган. «Толибон»нинг собиқ ҳукумат амалдорлари ва ҳарбий хизматчиларига амнистия эълон қилганига қарамай, учувчилар ўз ҳаёти ва яқинлари ҳаёти учун хавотирда ва мамлакатга қайтишни исташмаган.

  • Август ойи охирида WSJ Ўзбекистон АҚШни «Толибон» босими туфайли афғон учувчиларини чиқариб юборишни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантиргани тўғрисида хабар қилганди.
  • Сентябрь ойи бошида Reuters Ўзбекистондаги лагерда бўлиб турган, АҚШ дастурлари доирасида ўқитилган афғон учувчилари Афғонистонга қайтариб юборилишларидан қўрқаётгани ҳақида репортаж тайёрлаганди. «Агар бизни Афғонистонга қайтаришса, улар (толиблар) бизни ўлдириши 100 фоиз аниқ», деганди учувчилардан бири. Reuters лагер тасвирларини ҳам эълон қилганди.

Мавзуга оид