Жамият | 16:20 / 01.06.2019
142353
24 дақиқада ўқилади

Тушдан қайтиш. Уч хил интервью орасидаги «Андижон воқеаси»

28 май куни интернетда андижонлик 35 ёшли тикувчи аёл Хуршида Тиллаеванинг видеомурожаати эълон қилингач, бу мавзу ҳафтанинг асосий воқеасига айланди. Аёл ўз мурожаатида айтишича, унга мутасаддилар 16 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи вақтида «Ўзбекистон 24» телеканали камераси қаршисида янги уйли бўлгани ҳақида гапиришни тайинлашган, у хурсандчилик билан берган интервью эфирга узатилган. Аммо аёлга уй берилмаган. Шунингдек, давлат раҳбарига «уй берилган» дея кўрсатилган бошқа аёллардан, Хуршида Тиллаеванинг ҳамкасбларидан ҳам уйлар қайтариб олинган.

Сўнгги кунлар давомида турли нашрлар бу мавзуни турли ракурслардан ёритишди ва ёритишда давом этишмоқда. Kun.uz мухбирлари ҳам суриштирув ўтказиб, Андижондаги вазият тафсилотларини ўрганди.

Интервью тарихи

Хуршида Тиллаева Пушкин кўчасидаги эски уйда икки фарзанди, синглиси ва унинг фарзанди билан

Хуршида Тиллаева «Ўзбекистон 24» телеканали учун берган интервьюсида Андижон шаҳри билан чегарадош бўлган Хўжаобод туманидаги Хидирша массивида бунёд этилган шаҳарчадаги шарт-шароитлар, ўзи ҳам икки фарзанди билан коттежлардан бирига кўчиб ўтгани ҳақида қувониб сўзлаганди. Сўнгги вақтларда Андижон шаҳри марказидаги «Мустақиллик» МФЙ, Пушкин кўчаси умумий ҳовлидаги онасининг уйида истиқомат қилиб келаётган бу аёл бутун Ўзбекистонга президент томонидан уй совға қилинган бахтиёр аёл сифатида кўрсатилди.

16 май куни «Ўзбекистон 24» телеканали эфирида кетган лавҳада Хуршида Тиллаева уй эгаси сифатида кўрсатилди.

Энди эса унга аслида коттеж эмас, ўзининг иш ҳақи ҳисобидан кўп қаватли уйдан икки хонали квартира берилиши маълум қилинмоқда. Унинг онасига эса маҳалла «Обод маҳалла» дастури доирасида бузилиши туфайли шаҳар ташқарисидан – Хидирша массивидан коттеж берилган.

Тикувчилик цехи

Хуршида Тиллаева 2018 йилнинг сентябрида ташкил этилган «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси» МЧЖ тикувчилик корхонасида ишлайди. Бу тикувчилик цехи Андижон шаҳридаги бузилаётган маҳаллаларда ҳеч қандай кадастр ҳужжатларисиз яшаб келаётган, ўша ҳудуддаги уйларда ижара асосида узоқ йиллардан бери истиқомат қилиб келаётган ёки бир хонадонда сиқилиб яшаётган бир неча оила вакиллари бўлган аёлларни иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган. Мазкур лойиҳа уйсиз, ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга уйга пул йиғиш имкониятини яратиш учун йўлга қўйилган.

Хуршида Тиллаева турмуши бузилганидан сўнг икки боласи билан онасининг олдига келиб, «Мустақиллик» МФЙ, Пушкин кўчасидаги умумий ҳовлида яшай бошлаган. Бу хонадонда унинг онаси Ҳалима Тиллаева, ногиронлиги бор укаси Оятилло ва синглиси Иродахон бир фарзанди билан истиқомат қилиб келган. Яъни, бир хонадонда уч оила. Онасининг уй-жой учун барча ҳужжатлари мавжудлиги сабабли унга Хидирша массивидан коттеж биноси ажратилади. Синглиси онасига укасига қарашда ёрдамчи сифатида оила билан қоладиган бўлади - Хуршиданинг оиласи учун эса алоҳида бошпана зарур эди. Ёлғиз она шунинг учун тикув корхонасига ишга кирган.

Бу масала интернетда кўтарилгач аввалига дастлабки версия сифатида «Хуршида Тиллаева ҳокимлик кўп қаватли уйдан квартира берганига қаноат қилмасдан коттеж истаётгани» айтилди. Бу версия мурожаатчининг ўз сўзларига асосланганди.

Хуршида Тиллаеванинг учинчи интервьюси

Хуршида Тиллаева онаси Ҳалима Тиллаева билан Хидирша массивидаги коттежда
30 май, «Мустақилликнинг 27 йиллиги» маҳалласи

Хуршида Тиллаева мухбирнинг саволларига тушкун ҳолатда жавоб берди.

«Ўзбекистон 24» телеканалига коттеж эгаси сифатида интервью бергандим. Болаларим билан кенг коттежда яшагим бор. Агар, ижтимоий тармоқларда чиқиш қилсам, менга ҳам коттеж беришади, деб ўйладим. Хидирша массивида қурилаётган кўпқаватли уйга ишхонам томонидан бошланғич тўлов тўлангани ва квартирамиз сентябрь ойларида битишидан хабарим бор», дейди у ғамгин ҳолатда.

Ҳалима опа Тиллаева қўшимча қилади: «Қизим билан муносабатларимиз яхши. Иккита фарзанди бор. Алоҳида яшашни орзу қилади. Коттеж берилишига ишониб қолган экан».

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix) 

Унинг «Ўзбекистон 24» учун берган биринчи ва телефон камерасига қарата берган иккинчи интервьюсини ҳам эслаймиз. 

«Неча йилда уй қиларканман деб ўйимга етолмасдим. Ҳозир эса тушга тушиб қолгандекман, бу мўъжиза бўлди-да. Уй жудаям чиройли, аёл кишига керак бўлган, аёл киши орзу қилган барча нарсалар бор. Жудаям хурсандман, мен ватанли бўлдим. Президентимизга мингдан-минг раҳмат. Дадам ўтиб кетганди, лекин биз ҳақимизда қайғурадиган меҳрибон отамиз бор экан. Бир умр дуо қилиб ўтамиз», деганди у биринчи интервьюсида.

«Мен Тиллаева Хуршида, Андижон шаҳар, Пушкин кўчаси, 49-умумий ҳовлида икки нафар фарзандим билан яшайман. 2018 йил 22 сентябрида очилган «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси»да ишлаб келаман. Фабрикада ишлаётган аёллар орасидан шароити ўта оғир, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни танлаб, 27 март куни Боғишамолдаги коттежларга олиб боришди. Бизга шу уйлар сизларники дейишди. Президентимиз келган куни ҳам 24-канал («Ўзбекистон 24» телеканали) мухбирларига хурсанд бўлганимдан «шу уйга кўчиб ўтдим» деб айтдим. Лекин бизга «кўчиб ўтяпмиз» деб айтинглар дейишганди. Ҳозир эса бу коттежларни бизга беришмади, уйларнинг бошқа эгалари борлигини айтишяпти. Сентябрь ойидаги квартиралардан берилади дейишмоқда. Менга шу коттежларни кўрсатишганида жуда хурсанд бўлгандим. Менам ёруғ кунларга чиқарканман, менам ёруғ кунларни кўрарканман деб ўйлагандим.

Энди шу билан катталарни айбламоқчи эмасман. Лекин вазиятга аниқлик киритилишини сўрамоқчиман».

Бу эса Тиллаева кўзбўямачилик қурбони бўлганини билганидан кейин берган иккинчи интервьюси.

Ўз видеомурожаати интернетда шов-шув бўлиб кетгач, Хуршида Тиллаеванинг тинчи бузилган – унинг уйидан мухбирлар ва мутасаддиларнинг оёғи аримай қолган. У энди мухбирларга бераётган интервьюларида бутунлай бошқача – видеомурожаатидаги гапларига тескари гапирмоқда ва вазиятни чигаллаштирмоқда. У нега аввалги гапларини қайтариб олаётгани каттагина савол остида.

Хуршиданинг ҳамкасблари берган маълумотлар
Маълум бўлишича, Хуршида Тиллаева ва у ишлайдиган тикувчилик цехининг яна 9 ходимига коттежлар берилиши ваъда қилинган, аммо якунда 10 кишидан фақат бир киши – Дилфуза Ҳожиматова коттежли бўлган. Унга берилган уйга Президент Шавкат Мирзиёев, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Пазлиддиновна Юнусова ташриф буюрган.

Президент, вилоят ҳокими ва унинг ўринбосари Дилфуза Ҳожиматовага берилган уйда.
16 май, «Мустақилликнинг 27 йиллиги» маҳалласи

Тиллаева билан тикувчилик цехида бирга ишлайдиган ҳамкасбларининг сўзларига кўра, у «Ўзбекистон 24» телеканали учун интервью берган куни ўзига алоҳида коттеж берилишига ишонган. Чунки, у ва яна 9 ишчига Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан коттеж берилиши айтилган эди.

Натижада телевидение камерасига қувонч билан чиройли гапларни сўзлаган аёл бир ҳафта ўтиб, телефон камерасига бутунлай бошқача интервью беради.

Цехдаги тикувчилардан бири Жамилахон Ирисова вазиятга ойдинлик киритадиган сўзларни маълум қилди.

«Бизнинг корхонада 63 нафар аёл ишлайди. Шулардан 48 нафари айнан уй олишга маблағ йиғиш учун ишга кирган. Ўзинглар ишлаб топган пул эвазига Хидиршадаги кўп қаватли уйлардан уй берамиз дейишган. Шартномалар қилинган. Лекин 10 нафар ишчига эса ўша ердаги коттежларни ваъда қилишди. Бунга орамиздан ҳеч ким қаршимасди. Хуршидага ҳам коттеж берилади, деб айтишганди.

Коттеж олиши кутилаётганлар телевидениега чиқиб интервьюлар беришди. Қизларимиз «коттежли бўлдик» деб роса ишониб қолишганди. Умидвор бўлиб қолишганди. Ўзингиз ўйланг, бутун Ўзбекистонга коттеж эгаси, деб овоза қилишди. Лекин умидвор бўлиб қолган Хуршида ва бошқа коттеж берилиши кутилаётганларга ходимлар бўлими бошлиғи Мавлудахон Нишонова «Йўқ сизларга коттеж эмас, кўпқаватли уйлардан берилади», деганидан кейин улар тушкунликка тушиб қолишди. Биз айниқса Хуршида жуда тушкун кайфиятда қолганини кўрдик. Интернетга алам-аччиқда сўзлагани аниқ. Чунки, у ваъдаларга ишониб қолганди», дейди у.

Тикувчи аёлларнинг сўзларига кўра, ходимлар бўлими бошлиғи Мавлудахон Нишонова Хуршиданинг нафсониятига тегадиган гаплар айтган экан. Ўша ўн киши ичидан бир кишига – президент билан учрашган Дилфуза Ҳожиматовагагина коттеж берилгач, Хуршида Тиллаева видеомурожаат билан интернетга чиққан.

Мавлудахон Нишонова Kun.uz мухбирига Тиллаева Хуршидахон Жаббор қизига янги уй учун иш ҳақи ҳисобидан тўлаш йўли билан 12 миллион сўм ўтказилгани ҳақидаги тўлов топшириқномасини кўрсатди.

Кўриб турганингиздек, тўлов топшириқномасида пул 22 май куни ўтказилгани қайд этилган. Хуршида Тиллаева телевидениега интервьюни 16 май куни берган, унга мўлжалланган намунали уй учун бошланғич тўлов 22 май куни ўтказилган.

Демак, Хуршида чиндан ҳам аввалига кўп қаватли уйдан квартира эмас, коттеж олиши режалаштирилган бўлган, дейишга асос бор.

Уй ваъда қилинган бошқа аёллар

Андижон вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова уй-жойга муҳтож аёллар билан янги уйларда
(2019 йил март).

«Дарё» мухбири ушбу ҳолат юзасидан журналистик суриштирув ўтказиб, бошқа алданган аёллар билан ҳам гаплашган.

Улардан бири, «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси»да ишловчи 30 ёшли Муяссар Раҳимова 4 ой муқаддам вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова унга ва уй-жойга муҳтож яна бир неча киши, жумладан Хуршида Тиллаевага ҳам Президент совғаси сифатида намунали уйлардан берилишини маълум қилгани, апрель ойида у янги уйлар олдида «Ўзбекистон 24» телеканали учун интервью берганини ҳам айтиб ўтган (бу интервьюни мана бу ҳавола орқали кўриш мумкин).

«Бундан тўрт ой аввал Манзура Пазлиддиновна 10 нафар ҳақиқий уйга муҳтожларни ўша намунали уйларга олиб борди. Улар ичида мендан ташқари Хуршида, Дилфуза Ҳожиматова, Шоҳиста Бакирова, Зулфия опа, Хайринисо хола, Камолиддин ака ҳам бор эди. Ўшанда Манзура опа «Президентимиз совғаси бу сизларга. Биз фақат буйруқни бажаряпмиз. Уйлар сотилмайди, кўнгилни тўқ қилинглар. Барча қийинчиликлар ҳали ортда қолиб кетади. Подшоҳнинг назари тушиб, уйли бўляпсизлар», деди. Биз эса уйдан умид қилиб, ишчи кийимлар ва постеллар ишлаб чиқарадиган «Мустақиллик» тикувчилик цехида дам олиш кунлари ҳам кўп пул топиш мақсадида астойдил ишлашда давом этдик. Бу ерга октябрь ойида ишга кирганман. Ўшанда операцияни бошдан кечирганимга бир ҳафта бўлганди. Маошим ўзимнинг ҳисобим бўйича ўртача бир миллион сўм бўлиши керак эди. Аммо компьютерга бунинг ярми тушарди. Икки марта болам касал бўлганда иложсиз 200 мингдан 400 минг сўм ва бир марта мукофот сифатида 100 минг сўмни амаллаб олдим, холос. Қолган пулларимиз эса уй учун ўтарди. Мутасаддилар қистови ва хурсандлигимдан апрель ойида «Ўзбекистон 24» телеканали учун интервью ҳам берганман. Мухбирлар цехда иш қилаётганимни ва биз учун ажратилган уй олдида мамнуният билан гапирганимни съёмка қилишганди.

Президент вилоятимизга келган куни эрталаб соат 08:00лар атрофида ўша уйларда йиғилдик. Манзура опа «Ортиқча гап-сўз қилмайсизлар, раҳмат айтинглар холос. Уйлар албатта берилади сизларга, фақат кўчаётганларингизда ўрни алмашиши мумкин. Кайфиятни бузманглар», дея қаттиқ тайинлади. Ўзим адрас кўйлак-лозим, фарзандларим ҳам чиройли кийиниши кераклигини айтишди. Уйда бир сўм ҳам маблағим йўқлиги боис бир танишимдан 500 минг сўм қарз олиб, болаларим билан кийиниб, ясандик. Ўша куни ўзини Президент қўриқчиси дея таништирган бир ака менга берилган уйга кириб, «Сизларга бу уйлар жиҳозлари билан берилиши ҳақида топшириқ бўлган. Қуллуқ бўлсин!», деб табриклади. Манзура опа Танзила Норбоевага (Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси) мен, Хуршидахон ва Шоҳистахон учун янги уйларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилаётганини айтаётганини эшитгач, кўнглимиз янада ёришди.

Президентни кузатиб, уйга қайтишимдан кейин ҳеч қанча вақт ўтмай цехимизнинг кадрлар бўйича мутахассиси Мавлуда опа телефон қилди. «Муяссар, ҳаммага бирма-бир айтиб чиқдим. Сенларга уй берилганига бошида ишонгандим мен ҳам. Аммо уй йўқ экан. Сизлар актрисалик қилибсизлар», деди. Унинг бу гапларидан шокка тушиб қолдим. Ўша кундан бери тинчим йўқолди. Умидсизликда яшаш жуда қийин экан.

Қизлик уйимда икки хонада 15га яқин одам жуда қийин аҳволда яшаймиз. Ўз Ватаним бўлишини, болаларим ўқимишли бўлишини истайман. Ҳаёт қийинчиликларини енгиб, 3 фарзандим учун курашишдан асло ортга чекинмайман. Менга ўша намунали уйлар олдида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирини берамиз, дейишди. Аммо кўнмаяпман. Бизни шу пайтгача нега алдаб келишди? Нима учун Президент келиб-кетгач, уйни яна қайтариб олишди? Эшитишимча, менга деб берилган ўша янги уй ҳозир хусусий боғчага айлантирилибди», деган у.

Тикувчилик цехида ишловчи Шоҳистахон Бакирова эса Президент маслаҳатчиси Турсинхон Худойбергенов келиб, ҳокимлик вакиллари олдида ишчиларга бунёд этилаётган янги уйлардан берилишини айтгани, лекин орадан уч ой ўтгач, шаҳар хотин-қизлар қўмитасидан Равшаной опа келиб, барчанинг цехдаги пуллари эндиликда кўп қаватли уйлар учун ўтишини маълум қилгани, ундан кўп ўтмай эса вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Пазлиддиновна цех ишчиларини янги уйларга олиб бориб, биттадан ажратиб бергани ҳақида гапирган.

Шоҳистахон ва Ширинхон ая Бакировалар.
Фото: «Дарё»

«Мен қувониб, Наврўздан сўнг «Ўзбекистон 24» телеканалига интервью берганман. Ишонмасангиз, канал архивидан изласангиз, чиқиб қолади.

Хуллас, Президент намунали уйларга борган куни кечга яқин у ердан, эртасига эски ижара уйимиздан ҳайдалдик. Кейин Манзура опа билан кўришдик. Унинг ёрдами орқали шу уйда вақтинчалик яшаяпмиз. Деярли ҳар куни ижрочи аёллар келишиб, тезроқ чиқиб кетишимиз кераклигини айтишяпти. 22 май куни Муяссар иккимиз йиғлаб, бировлардан қарз-ҳавола қилиб Президент порталидан ёрдам сўраб, Тошкент сари отландик. У ерда ходимларга бор гапни айтдик ва ташкилот раисининг қабулига ёзилиб қайтдик. Ой охирида яна борамиз. Нега Президент уйига кирган ва суҳбатлашган аёл — Дилфуза Ҳожиматовага уй бериляпти? У ҳам бошида биз билан рўйхатда эди-ку. Оиламизга бермоқчи бўлган кўп қаватли уйлар августда битаркан. Балкони, канализацияси йўқ бинода кекса онам билан қандай яшаймиз? Бизни нега алдашди бошида? Шунга ҳайронмиз», — дейди Шоҳистахон Бакирова.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси кўзбўямачилик фактини тан олди

«Газета.uz» нашри вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова билан гаплашган.

Ҳокимлик вакили ҳам аёллар алданганини тан олган, фақат бу алдов эзгу мақсадлар йўлида қилинган гўёки.

У аёлларни улар юқорида айтганидек чиндан ҳам янги уйларга олиб боргани ва уларга «буларнинг барчаси улар учун экани»ни айтганини тасдиқлаган.

«Биз «Ўздарётранс»дан уларнинг юкларини ташиб беришни сўрадик. Уйлар улар учун қурилганини айтдик. Биз уларни янада яхшироқ ишлашга руҳлантириш учун шундай дедик», — деган у.

Вилоят ҳокими нима деди?

31 май куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов журналистлар учун матбуот анжумани ўтказди ва «коттеж можароси»га ҳам тўхталди.

«Андижон шаҳрининг «Мустақиллик», собиқ Пушкин МФЙда 14та кўча бўлиб, уларда 1539та хонадонда 2256та оила истиқомат қилади. Маҳалла 1920-1930 йилларда умумий ҳовли шаклида барпо этилгани сабаб бугунги кунга келиб, яроқсиз ҳолатга тушиб қолган. Аҳоли сонининг ортиши натижасида битта хонада бир неча киши истиқомат қилишига тўғри келган. Ҳатто омборхоналардан турар-жой сифатида фойдаланаётганлар ҳам кўп. Шу боис маҳалла аҳлининг яшаш шароитини яхшилаш, турмуш тарзини шакллантириш,доимий иш ўрни билан таъминлаш чораларини кўра бошладик. 

Хўжаобод туманининг Андижон шаҳри билан туташган қисмида дастлаб 226та турар-жой биноси қуриб битказилди. Айни пайтда давом этаётган қурилишлар туфайли уларнинг сони 1000та етади. Бунинг натижасида 2256та оиланинг 1000таси намунали, арзон ва барча қулайликларга эга бўлган 2 сотихли ҳовли-жойга эга бўлишади. Аҳолининг қолган қисми айнан шу ерда қад ростлаётган кўп қаватли уйларга кўчиб ўтади. Айтиш, жоиз барпо этилаётган уйларнинг умумий қиймати 75 миллион сўмдан 85 миллион сўмгачани ташкил этади. «Мустақиллик» кўчасидаги уйларнинг эркин савдодаги нархи эса 4 миллион сўмдан 55 миллион сўмгачалигини инобатга олсак, аҳоли эътирозига ўрин қолмайди. Амалдаги тартибларга риоя этиладиган бўлса ҳар бир хўжаликка биттадан уй қуриб беришимиз ҳам мумкин эди. Бироқ биз ундай қилмадик. Мана шу хўжаликда нечта оила мавжуд бўлса, уларнинг барчасини алоҳида турар-жой билан таъминлашга қарор қилдик. Оқибатда 2 сотихли ҳовли-жойлар ҳақиқий рўйхатда турувчи фуқароларга бепул қуриб берилди. Бир ҳовлида истиқомат қилувчи иккинчи оила вакиллари, яъни уй бекасининг қизи ёки ўғли эса кўп қаватли турар-жой биноларига кўчирилиши кўзда тутилган. Айтиш жоизки, уларнинг аксарияти ҳатто ушбу ҳудудда доимий рўйхатда ҳам туришмайди. Ана шундай фуқаролардан Х.Тиллаева, М.Раҳимова, Ш.Бакирова, Х.Эрматова ҳамда М.Абдувалиева ҳам кўп қаватли уйлардаги хонадонларга эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган ва улар учун ажратиладиган хонадонларнинг дастлабки тўловлари «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси» МЧЖ томонидан олдиндан тўлаб берилган.

Умуман олганда, 46 нафар оғир шароитдаги аёллар билан 15 февраль куни шартнома тузилган бўлиб, 596 млн. 700 минг сўм дастлабки тўлов учун маблағлар ўтказиб берилиши шакллантирилган», — деган вилоят ҳокими.

Бундан ташқари, у Тиллаеванинг онасидан ташқари опасига ҳам коттеж берилганини айтмоқда. Бу гап қаердан пайдо бўлиб қолгани ҳозирча тушунарсиз.

Лекин бу мавзунинг асосий нуқтаси — ҳокимлик ва «Ўзбекистон 24» телеканали президентга кўзбўямачилик қилганида эди-ку?

Ҳоким эса аввалроқ бир неча нашрларда ёзилган версияни дастак қилмоқда — «Хуршида Тиллаева онасига берилган уйда унинг номидан интервью берган ва энди ўзи ҳам коттеж истамоқда».

Лекин бу версия аллақачон ўз вазнини йўқотди.

Биринчидан, ҳоким ўринбосари Манзура Юнусова аёллар коттежларга олиб борилиб, уларга бу уйлар улар учун деб айтилганини тасдиқлади. Бу Андижонда президентга кўзбўямачилик қилинганини тасдиқлаш демакдир.

Иккинчидан, «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси»да ишловчи аёллардан бири Дилфуза Ҳожиматовага бошқа ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ коттеж берилди — демак тикувчилик цехида ишлаган 10 аёлга коттеж ваъда қилинганди ва уларнинг фақат биттасида коттеж қолдирилди. Буни манфаатдор бўлмаган ўнлаб гувоҳлар — тикувчилик цехи ишчилари тасдиқлашмоқда.

Муаммо фақат Хуршида Тиллаева билан боғлиқ эмас - у каби алданган бошқа аёллар ҳам бор - улар уй олгани ҳақида яна ўша «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюлар ҳам бор - буни ўчириб юбориб бўлмайди.

Учинчидан, Хуршида Тиллаеванинг тўлов топшириқномаси бўйича тушунарсиз вазият юзага келган – унда тўлов арзон намунавий уй-жой, яъни коттеж учун қилинганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2018 йил 24 ноябрдаги ПҚ-4028 сонли қарорида арзон намунавий уй жой ва арзон квартиралар алоҳида кўрсатилган.

Тўртинчидан, муҳтож хотин-қизларга имтиёзли шартларда уй-жой бериш ташаббуси президентга тегишли. Вилоят ҳокими эса бу борада олиб борилаётган ишларни ўз ташаббуси сифатида кўрсатмаслиги керак.

Вазирлар Маҳкамасининг 12.04.2018 йилдаги 285-сон қарори билан арзон уй-жойларни бериш тартиби тасдиқланган бўлиб, унга кўра оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган оналар тоифаларига мос келувчи хотин-қизлар арзон уй-жойларни олишлари мумкин.

Вилоят ҳокими эса «инсонийлик нуқтаи назаридан» «Мустақиллик» маҳалласидаги эски уйларда яшаётган аёлларга ёрдам кўрсатиш учун уларни «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси»га ишга жойлаштириб, «Қишлоққурилишинвест» МЧЖ билан жорий йилнинг 15 февралида тузилган шартномага асосан иш ҳақлари ҳисобидан кўп қаватли уйлардан оладиган квартираси учун бошланғич тўлов сифатида 12 миллион сўмдан 15 миллион сўмгача, жами 596 миллион 700 минг сўм маблағ ўтказиб берилгани, шундан 94 миллион 759 минг сўми квартира олувчиларнинг иш ҳақи ҳисобидан, 431 миллион 641 минг сўми корхона фойдаси ҳисобидан ҳомийлик тарзида ўтказилганини пеш қилмоқда.

Лекин бу вилоят ҳокимининг валломатлиги эмас, унинг президент топшириқларини ижро этишидаги вазифаларидир.

Президент шу йил мартидаги видеоселекторда илгари сурган бешинчи ташаббус ҳам хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.

Бир йил муқаддам Президент томонидан «Андижон халқи бахти» дея алқанган Шуҳрат Қўшоқбоевич энди ўз ҳудудида президентга кўзбўямачилик қилинишига йўл қўйиб берди, унинг матбуот анжуманида берган маълумотлари вазиятни янада чалкаштирди. Ҳоким аёлларни квартира олишга рози бўлмагани учун ношукрликда айблади ва уларни норози қилди.

Вилоят ҳокими матбуот анжуманида бу масала бўйича саволларга жавоб қайтарганини айтди ва у бу мавзуга бошқа қайтмоқчи эмас. Аммо унга ҳали кўп саволлар бор.

Хуршида Тиллаева ва унинг ҳамкасблари ҳолатида кўриниб турибдики, улар вазият қурбонига айланишди. Улар алдов қурбони бўлишди. Ўз ҳаққини талаб қилиб мурожаат қилишганида эса турли босимларга учраб, ҳуқуқлари бузилди. Ахир у президентни «отам» деб чин дилдан гапирганди.

Айни пайтда вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳи мазкур ҳолатни ўрганмоқда. Лекин бу масалага республика даражасида ёндашилиши ва ҳақиқат қарор топиши, айбдорлар аниқланиб, кўзбўямачиликка йўл қўйган мутасаддилар жазосини олишига зарурат юзага келган.

Токи, бир ёлғонни ёпиш учун ёлғон сўзлашда давом этиш қандай оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлиги жойлардаги барча мутасаддилар учун ибрат бўлсин.

Азиз Қаршиев

Мавзуга оид