Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда тоғ портлатилди - арз қилганлар қўрқитилиб, ҳолатга "кўникиш" тавсия қилинди
Китоб тумани, Макрид маҳалласи яқинида тоғ портлатилди. Маҳалла яқинида "пайдо бўлган" номаълум корхонанинг фаолияти ортидан уйлар дарз кетиши, одамлар ва экологияга зарар етиши мумкинлиги маҳаллий аҳолини ташвишга солмоқда. Ҳолатни маҳалла телеграм гуруҳига жойлаганларнинг овози ўчирилиб, "кўникиш" тавсия қилинаётгани айтилмоқда.
Маълум бўлишича, жорий йил 22 декабрда Макрид маҳалласига яқин ҳудудда жойлашган тоғда портлатиш ишлари олиб борилган. Маҳаллий аҳоли ҳеч қанақасига огоҳлантирилмаган ва қўрқувга тушиб қолган. Ҳаммада савол бор, аммо аниқ жавоб йўқ.
Буни қаердан билганимизни изоҳлаймиз. Чунки ҳозир бориб макридликларга микрофон тутсангиз, уларнинг гапирмаслик эҳтимоли катта. Бунинг сабабини ҳам бироз кейинроқ маълум қиламиз.
Бугун қашқадарёликлар, китобликлар, макридликлар каби телеграм каналлар ва гуруҳлар ҳамма жойда бор. Хуллас, ўша куни макридликлар телеграм каналига портлаш тасвирлари акс этган кўплаб видеолар жойланди. Ҳозир уларни излаб ўтирманг, тасвирлар аллақачон ўчириб ташланган. Маҳалла гуруҳида маҳаллий аҳоли қаттиқ ташвишга тушгани, портлаш сабабларини билмагани, уйларга дарз кетиши, экологияни зарарлаши, одамлар жароҳат олиши ёки бошқа фалокатлар содир бўлиши мумкинлигидан ташвиш тортиб, фикрлар қолдиришди. Масъул идораларга мурожаат қилиш, бу нохуш корхона фаолиятини тўхтатиш учун ташаббус қилмоқчи бўлишди. Ҳаммамиз йиғилиб, арзимизни айтамиз, дейишди. Бироқ ундай бўлмади.
Таҳририят Қашқадарё вилояти ҳамда Китоб тумани ҳокимлигидан ҳолат бўйича жўяли жавоб ололмади.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маҳаллий ҳокимият вакиллари аҳоли билан учрашгани, вазият юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилганини маълум қилди. Аммо макридликлар бу учрашувдан мутлақо қаноат ҳосил қилмаганини айтмоқда.
Макридликларнинг айтишича, учрашув давомида ҳокимият томонидан портлаш ишларини амалга ошираётган корхона ҳудудни тендер асосида ютиб олгани, шу боис бундай ҳолатларга “кўникиши кераклиги” айтилган. Бу эса маҳаллий аҳолининг хавотири, хавфсизлиги ва экологик оқибатлар масаласи иккинчи ўринга сурилганини кўрсатади.
“Икки-уч йилча аввал маҳалламиз яқинида Хитой Халқ Республикасига тегишли цемент завод қурилганди. Улар ҳам портлатиш ишларини олиб боради, бироқ унинг шовқини бу даражада эмас. Уларнинг фаолиятига кўникиб қолганмиз. Бироқ маҳалламизга жуда яқин ҳудудда тоғнинг портлатилиши ва тош олинаётгани ҳаммамизни ташвишга соляпти”, - демоқда Макрид аҳли.
Энг хавотирли жиҳатлардан бири, мавзуни кўтарган фуқароларга нисбатан босим бўлган. Маълумотларга кўра, портлаш лавҳаларини ижтимоий тармоқларга жойлаган фуқаролар огоҳлантирилган, айрим постлар ўчиртирилган. Натижада, Макрид маҳалласи аҳолиси қўрқиб қолган.
Бизда очиғи, ҳозир ҳам Макрид маҳалласида айнан қайси корхона иш бошлади ва қандай рухсатлар билан фаолият кўрсатяпти, деган саволларга жавоб йўқ.
Ушбу номаълум корхона фаолиятини қандай мезонлар асосида олиб бораётганини билиш мақсадида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига Kun.uz сўрови юборилди. Айни пайтда уларнинг жавоби кутилмоқда.
Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
10:52 / 26.12.2025
Макриддаги тоғ портлатилиши бўйича изоҳ берилди: уй ва мактаб деворларидаги ёриқлар қўшимча текширилади
14:25 / 24.12.2025
Москвада портлаш оқибатида икки полициячи ҳалок бўлди
12:30 / 22.12.2025
Янги конларни аниқлаш: Ўзбекистон–Миср ҳамкорлиги учун ишчи гуруҳ тузилади
16:05 / 08.12.2025