Ўзбекистон | 13:02 / 07.04.2022
16431
2 дақиқада ўқилади

Антимонополия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ҳам ишдан кетди

У қўмитанинг аввалги раиси каби бир неча бор UzAuto Motors монополиясига қарши чиқишлар қилганди.

Фото: Kun.uz

Бобур Каримов Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.

«Нигоҳ» Телеграм-канали манбасига кўра, унинг ўрнига шу кунгача президент администрацияси масъул ходими сифатида фаолият юритган Асадулла Қаюмов тайинланди.

Бобур Каримов 2019 йил февралида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди.

У «Умид» фонди стипендиати, 2001 йилда Буюк Британиянинг Уорик Университетида бакалавр даражасини олган, 2004 йилда эса Ўзбекистон Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг «Халқаро ҳуқуқ» мутахассислиги бўйича магистратурани тамомлаган.

2002–2005 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасида бош юрист маслаҳатчиси, юридик хизмати раҳбари лавозимларида фаолият юритган. 2005 йилдан 2019 йилга қадар Ўзбекистон, Қозоғистон ва БААдаги турли халқаро консалтинг фирмаларида ишлаган.

Унинг кейинги иш фаолияти ҳақида маълумот йўқ.

Эслатиб ўтамиз, монополияга қарши кураш қўмитасининг аввалги раиси Нажмиддинхўжа Шарипов «UzAuto Motors» АЖ билан мунозаралар ортидан 2021 йилнинг мартида лавозимидан озод этилган, унинг ўрнига Шоҳрух Шораҳмедов тайинланганди.

Мавзуга оид