Kun.uz мухбири антимонопол орган фаолиятидаги бундай туб бурилиш қўмита раҳбариятининг ўзгариши билан қанчалик боғлиқлигига қизиқди. Бу ҳақдаги саволга жавобан қўмита раисининг ўринбосари Фаррух Қорабоев аввалги ва ҳозирги раҳбарни шов-шувли кейслар билан солиштириш тўғри эмаслигини айтди.
“Иккита раҳбарни солиштириш, айрим шов-шувли кейслар билан фаолиятини баҳолаш нотўғри ҳисобланади. Чунки бугунги кунда ҳам қўмитамизнинг икки ярим йил ичида репутациясини шакллантирган, умуман, қўмитанинг жамоатчилик ўртасида обрў қозонишига замин яратган аксарият ходимлар шу ерда. Тўғри, айримлари турли сабабларга кўра ишдан кетди. Фақатгина қўмитанинг фаолиятини ёритиш масаласида камчилик бор.
Ҳозир ҳам айрим вазирлик-идоралар рақобатга зид қонун ҳужжатлари лойиҳаларини киритишади. Биз бу бўйича ўзимизнинг фикримизни билдирамиз, позициямизни баён қиламиз. Лекин ҳамиша ҳам буни оммага эълон қилмаймиз. Биргина 2021 йилни оладиган бўлсак, 9 ой ичида икки юздан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларининг 57 фоизида рақобатга зид нормалар аниқланган. Агар қабул қилинган ҳужжатлар билан бирга қўшиб ҳисобласак, давлат органларининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунга зид бўлган 890та қарори бекор бўлган. Бу 2020 йилга нисбатан 2-3 баробар кўп кўрсаткич ҳисобланади”, – деди Фаррух Қорабоев.

Гарчи Фаррух Қорабоев буни тан олмаса-да, қўмита раҳбари ўзгарганидан кейин қўмита ваколатларига бевосита дахлдор масалалар бўйича баёнотлар бериш тўхтаб қолгани рост. UzAuto Motors Captiva 5 автомобилларини сотиш фикридан қайтгани, автомобиль учун тўлов қилиб қўйган мижозларнинг пули қайтарилишини маълум қилганди.
Бунгача эса компания октябрь-ноябрь ойларида етказиб берилиши шарт бўлган Lacetti ва Labo бўйича шартномалар 2 ойга кечикиши ҳақида огоҳлантирди, сўнгра ноябр ва декабрда чиқиши керак бўлган барча турдаги автомобилларни етказиб бериш 2 ойга кечиктирилишини маълум қилди








