«Ўтган ҳафта охирида айрим блогерлар ва ОАВ томонидан қўмитамизда ходимлар оммавий равишда ишдан кетаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Лекин бу ҳақиқатдан йироқ, яъни ходимлар лавозимларини оммавий равишда тарк этаётгани мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу табиий равишда юзага келадиган жараён. Кимдир лавозимини тарк этади, кимдир унинг ўрнига келади.

Қўмитамиз 2019 йилда қайта ташкил этилгандан сўнг ходимларни моддий рағбатлантиришни бирмунча яхшиладик. Икки йил ичида ижтимоий пакет босқичма-босқич рақобатбардош даражага чиқарилди. Керак бўлса, давлат органлари билан ҳам, хусусий сектор билан ҳам бемалол рақобатлаша оладиган ижтимоий пакет шакллантирилди.

Фото: Kun.uz

Ходимлар ишдан кетаётгани табиий рўй бераётганини қуйидагича тушунтириб ўтаман. Қўмитадан ишдан кетган аксарият раҳбар-ходимлар бошқа давлат органлари, йирик компанияларга тенг ёки каттароқ лавозимларга ишга ўтишди. Бу табиий ҳол. Бу ердан қандайдир негативни излашимиз умуман нотўғри. Қўмита штат режимида фаолият юритяпти. Фаолиятимизга таъсир қилувчи ҳеч қандай омил йўқ бугунги кунда. Кетаётганлар ўз ихтиёри билан кетяпти, қўмитадан норози эмас деб айтсак, вазиятга нисбатан объектив баҳо берган бўламиз», дейди Фаррух Қорабоев Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ходимлари ўз лавозимларини оммавий равишда тарк этмоқда. Нега?

Қўмита раиси ўринбосари лавозимини тарк этган ходимлардан икки нафари Тошкент шаҳрининг Олмазор ҳамда Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманларида ҳоким ўринбосари этиб тайинлангани, айримлари Олмалиқ кон металлургия комбинати, Республика товар-хомашё биржаси АЖ, «Ўзбекистон республика валюта биржаси» АЖ ишга кетишгани, яқинда лавозимини тарк этган ходимлар «Uzbekistan Airports» АЖга ишга кирмоқчилигини айтиб ўтди.

Қўмита расмийси даставвал йил бошидан буён 25 нафар ходим ишдан кетгани, бироқ айни даврда 21 нафар янги ходим ишга олинганини таъкидлаган бўлса, интервью давомида айни пайтда 21та лавозим вакант эканини айтиб ўтди. Қўмита мулозимидан сўнгги икки ойда неча киши ишдан бўшагани ҳақида қайта-қайта сўралган бўлса-да, ушбу савол очиқ қолдирилди.