Ўзбекистон | 21:54 / 10.02.2020
39081
5 дақиқада ўқилади

Яна битта сохта ОТМ, Қашқадарёда пахта ўғрилари ва бошқалар – сўнгги кунларда аниқланган жиноятлар

Хивада олий ўқув юртига ўқишга киритишни ваъда қилган фуқаро 120 млн сўмдан ортиқ пул жамғарди, Чироқчида эса 2,1 млрд сўмлик 545,6 тонна пахта хом-ашёсини талон-торож қилганлар қўлга олинди.

Бош прокуратура ахборот хизмати маҳкама ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари томонидан сўнгги кунларда аниқланган коррупция, фирибгарлик ва тамагирлик ҳолатлари ҳақида маълумот берди.

Хивада фуқароларни ўқишга ноқонуний киритмоқчи бўлган фирибгар ушланди

«Маъмун номидаги жаҳон тиллари» НТМ раҳбари А.Н. фуқароларни олий таълим йўналиши бўйича ўқитишга рухсат берувчи тегишли лицензияси бўлмаса-да, фуқаро Э.И.га НТМни чет тили филологияси мутахассислиги бўйича ўқитиб, бакалавр дипломи бериш имкониятига эгалигини айтиб, уни алдаб, ўқув юртининг 2-семестридан ўқишни бошлашига ёрдам бериши эвазига 1 850 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 1 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, НТМ раҳбари А.Н. бир неча фуқароларнинг ишончига кириб, уларининг 128,5 млн. сўм ва 500 АҚШ долларини қўлга киритгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан НТМ раҳбари А.Н.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тезкор тадбир Департаментнинг Хива шаҳар бўлими томонидан ўтказилган.

Каттақўрғонда ҳарбий хизматга юбориш учун тамагирлик қилган шифокор қўлга олинди

Каттақўрғон шаҳар тиббий чақирув комиссияси катта врачи Т.И. фуқаро Х.Ш.га унинг ўғли А.Т.ни оёғи ясси экани ва тиббий кўрикда «муддатли ҳарбий хизматга яроқсиз» деб топилганини, лекин танишлари орқали муддатли ҳарбий хизматга юбориш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига 600 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Т.И.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тезкор тадбир Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган.

Жарқўрғонда қарзни қайтариш учун пора талаб қилган ҳисобчи ушланди

Жарқўрғон туман «Йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси бош ҳисобчиси Д.Б. хизмат мавқейидан фойдаланиб, корхонанинг «Х.» хусусий деҳқон фермер хўжалигидан мавжуд 43,7 млн. сўм қарздорлигини тўлаб бериш эвазига, хўжалик раҳбари Д.дан 2,0 млн. сўм пулларни пора тариқасида олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Д.Б.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тезкор тадбир Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан прокуратура ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган.

Ҳазораспда ҳужжатларни тайёрлаб бермоқчи бўлган кадастр ходими ҳибсга олинди

«Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонасининг Ҳазорасп туман филиалининг турар жойларни инвентаризация қилиш ва баҳолаш бўлими мутахассиси Б.М., фуқаро К.Э.дан унинг эски турар жой биносига кадастр йиғма жилдини тайёрлаб, танишлари орқали туман ҳокимининг кўчмас мулкка эгалик қилиш тўғрисидаги қарорини чиқартириб бериш эвазига 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Б.М.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тезкор тадбир Департаментнинг Ҳазорасп тумани бўлими томонидан ўтказилган.

Бухорода мактаб директори ўқитувчидан пора талаб қилди

Бухоро шаҳридаги 9-сонли мактаб директори Т.И. шу мактаб ўқитувчиси Ю.Ҳ.дан узрли сабабларсиз ишга келмагани сабабли унга чора кўрмаслик ва меҳнат шартномасини бекор қилмаслик эвазига тамагирлик йўли билан 500 минг сўмни пора тариқасида олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Т.И.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тезкор тадбир Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган.

Чироқчида жуда кўп миқдордаги пахта хом-ашёсини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди

«Чироқчи пахта тозалаш» АЖнинг мансабдор шахслари ҳамда жамият катта товаршуноси Ш.Т. ўзларига ишониб топширилган умумий нархи 2,1 млрд. сўмлик 545,6 тонна пахта хом-ашёсини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан «Чироқчи пахта тозалаш» АЖ мансабдор ва моддий жавобгар шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Терговга қадар текширув Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган.

Мавзуга оид