Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Соловёв Ўзбекистонда номақбул шахс деб эътироф этилиши керак — Бобур Бекмуродов
Марказий Осиёга босқин уюштиришни таклиф қилган россиялик пропагандачи нега персона-нон-грата деб эълон қилинмаяпти? Ўзи умуман нега минтақа мамлакатлари давлат даражасида бунга ҳалигача муносабат билдирмади? Kun.uz шу каби саволлар билан жонли эфирда депутат Бобур Бекмуродов ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди.
Россиялик пропагандачи Владимир Соловёв Марказий Осиёда ҳам “махсус ҳарбий амалиёт бошлаш кераклигини айтгани минтақа жамиятларида кескин норозилик уйғотди. Лекин бу норозилик, Соловёв тилга олган Арманистондан фарқли равишда, Марказий Осиё давлатларининг юқори идоралари томонидан ҳозирча билдирилгани йўқ.
Хусусан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Соловёвни “номақбул шахс” деб эълон қилиб, унинг Ўзбекистонга киришини тақиқлашга шошилмаётгандек.
Kun.uz мухбири бу ҳақдаги савол билан Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга юзланди.
“1-2 кун ичида [ТИВ] реакция қилмаяпти дейишимиз вақтлироқ бўлиши мумкин, кузатайлик. Албатта, Соловёв Ўзбекистонда номақбул шахс бўлиш учун ҳамма асосларни яратган. У тайёр номзод, энг биринчи номзод. Албатта, бу қонун ишлаши керак ва номақбул шахс сифатида эътироф этилиши керак”, – деди Бекмуродов 14 январ куни Kun.uz студиясидаги суҳбатда.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, эҳтимолий хуружларга қарши Марказий Осиёнинг бирлиги алоҳида аҳамиятга эга.
“Марказий Осиё давлатлари ўртасида координация бўладиган бўлса, Россиянинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Россия шундоқ ҳам ҳозир янги махсус ҳарбий амалиёт учун ҳеч қандай ресурсга эга эмас. Бешта давлатнинг позицияси якдил бўлса, Россия буни инобатга олишга мажбур бўлади. Ҳақиқатда ҳам ҳозир минтақамизда геосиёсий парокандалик йўқ, бу – уникал нарса ва бундан максимал фойдаланиш керак”, – деди у.
“Ўзбекистон аҳолиси орасида Россияга хайрихоҳ қатлам қисқаряпти”
Бобур Бекмуродовнинг таъкидлашича, стратегик шерик ва иттифоқчи давлатлар ўртасида расмий телеканаллар орқали бир-бирига нисбатан бундай баёнотларнинг янграши мутлақо номақбул ҳолатдир.
“Агар Россия Ўзбекистонда ўз компаниялари муваффақиятли фаолият юритишини, жамиятда Москвага нисбатан ҳеч бўлмаганда нейтрал муносабат сақланиб қолишини истаса, бундай чиқишларни қатъий тўхтатиши зарур. Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги 3 мингдан ортиқ компания фаолият юритмоқда, улар йирик иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларда қатнашмоқда. Шубҳасиз, кескин ва ноўрин баёнотлар Россия компаниялари учун Ўзбекистондаги бизнес муҳитига салбий таъсир кўрсатади.
Бу масала фақат бизнес манфаатлари билан чекланмайди. Гап жамиятдаги умумий муносабат ҳақида ҳам бормоқда. Бундай чиқишлар акс таъсир кўрсатиб, жамиятда Россияга нисбатан салбий фикрлар шаклланишига олиб келмоқда. Очиқ айтиш мумкинки, илгари Россия Федерациясига ижобий муносабатда бўлган қатлам анча кенг эди, бугун эса бу қатлам аста-секин қисқариб бормоқда. Биз доим таъкидлаб келамиз: Россия Ўзбекистоннинг иттифоқчиси, стратегик ва энг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири, йирик инвестициялар манбаи ҳисобланади. Айнан шу сабабли ҳам Россия томони бундай баёнотларни тўхтатиши шарт”, – деди депутат.
“Марказий Осиёга таҳдидли риторика учун аслида асос йўқ”
Камолиддин Раббимов бугунги Марказий Осиё чор Россияси пайтидаги Марказий Осиё эмаслигини қайд этди.
“Бугунги глобаллашган дунёда уруш орқали сиёсий мақсадларга эришиш мумкин эмаслиги тобора яққол кўриниб бормоқда. Агар уруш йўли билан барқарор натижага эришиш мумкин бўлганида, Россия буни Украинада аллақачон уддалаган бўларди. Худди шунингдек, агар АҚШ дунёнинг энг қудратли иқтисодий ва ҳарбий давлати сифатида уруш орқали мақсадларига эриша олганида, Афғонистонда бунга 20 йил ичида муваффақ бўлган бўларди. Аммо у ерда қўйилган вазифаларнинг бирортаси тизимли ва барқарор тарзда бажарилмади, натижада АҚШ чиқиб кетди. Россияни ҳам Украинада шунга ўхшаш оқибат кутмоқда.
Ҳарбий дағдағалар қисқа муддатда муайян давлатлар учун хавф туғдириши мумкин, бироқ узоқ муддатда Россиянинг ўзига ҳам жиддий муаммолар келтириб чиқаради. Тарих шуни кўрсатадики, урушлар камдан кам ҳолларда режалаштирилган идеал натижа билан якунланади, кўпинча якуний натижа бошланғич мақсадлардан бутунлай фарқ қилади. Аслида, қудратли давлатлар ўз таъсирини куч ишлатмасдан, ўқ отмасдан ва улкан ҳарбий харажатларсиз кенгайтиришга интилади. Шу сабабли улар ижобий имиж ва юмшоқ кучга катта эътибор беради. Россия эса айнан шу йўналишда жиддий муаммоларга дуч келмоқда.
Бугунги Марказий Осиё чор Россияси давридаги қолоқ ва пароканда минтақа эмас. Ўша даврда минтақада тахминан 5 миллион аҳоли яшаган бўлса, Россияда 55–60 миллион киши бор эди. Бугун Марказий Осиё аҳолиси 80–85 миллиондан ошган, Россия аҳолиси эса расмий маълумотларга кўра 140 миллион деб кўрсатилади, бироқ бу рақамлар ички экспертлар томонидан ҳам шубҳа остига олинмоқда.
Қолаверса, Марказий Осиёнинг Туркия, мусулмон дунёси ва бошқа глобал ҳамкорлар билан алоқалари мавжуд. Шу сабабли Россиянинг Марказий Осиёга нисбатан ҳарбий босим ёки таҳдид риторикаси мутлақо мантиқсиз. Чунки минтақамиз НАТОга интилмаяпти, Украинадаги вазиятга ўхшаш асослар бу ерда йўқ. Соловёвнинг ўзи ҳам тайинли асос келтира олгани йўқ”, – дейди сиёсатшунос.
Нега Марказий Осиё расмийларида жиддий реакция бўлмади?
Депутат Бобур Бекмуродовнинг фикрича, Соловёвнинг бундай чиқишларига расмий даражада муносабат билдириш зарурми ёки йўқми, деган савол “вазиятдан келиб чиқиб” баҳоланиши керак.
“Аввало, Соловёв – журналист, у ҳукуматдаги расмий шахс эмас. Шу боис унинг баёнотлари давлат позицияси сифатида қабул қилинмаслиги лозим. Агар Ўзбекистон мисолида қарайдиган бўлсак, бу салкам 40 миллион аҳолига эга давлат ва унинг расмий позициясини Ташқи ишлар вазирлиги ифодалайди. Вазирлик ҳар бир баёнотга давлат манфаатлари ва мавжуд сиёсий вазиятдан келиб чиқиб баҳо беради. ТИВ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида айта оламанки, бундай масалалар ҳар доим ички муҳокамадан ўтади ва зарурат туғилгандагина расмий муносабат билдирилади. Агар жамият томонидан етарли ва аниқ реакция бўлса, кўпинча бу ўз-ўзидан етарли сигнал вазифасини бажаради. Бундай ҳолатда жамоатчиликнинг позицияси давлат учун ҳам муҳим кўрсаткич ҳисобланади.
Шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг ҳар бири ўзига хос омилларни инобатга олишга мажбур: умумий чегаралар, ҳарбий инфратузилма, иқтисодий боғлиқлик ёки ички барқарорлик масалалари шулар жумласидандир. Шу сабабли жамиятда салбий қабул қилинган масала, табиийки, давлат даражасида ҳам маъқулланмайди. Энг муҳим жиҳат шундаки, бундай вазиятларда ҳаддан ташқари кескинлик ва агрессияга йўл қўймасдан, вазмин ва мутаносиб жавоб бериш энг тўғри ёндашув ҳисобланади”, – дейди парламент аъзоси.
Сиёсатшунос Раббимовнинг фикрича, Марказий Осиё ҳокимиятлари қўшимча эскалация учун Россияга имкон бермасликка интиляпти.
“Менинг назаримда Соловёвнинг баёнотига расмий ва кескин муносабат билдирилиши вазиятни сунъий равишда эскалация қилиш, яъни муаммони янада юқори даражага олиб чиқиш хавфини туғдиради деган ёндашув мавжуд. Шу сабабли Марказий Осиё давлатлари бу масалада эҳтиёткор йўл тутмоқда.
Билишимча, ҳозирга қадар Марказий Осиё мамлакатларининг бирортасида Ташқи ишлар вазирлиги даражасида расмий баёнот берилмади. Бироқ айрим депутат, сенатор ва жамоатчилик вакиллари индивидуал тарзда муносабат билдирди. Бу, бир томондан, жамият позициясини ифодаласа, иккинчи томондан расмий эскалациянинг олдини олишга қаратилган ёндашувдир. Россия эса амалда постимпериал синдромни бошдан кечирмоқда. Ҳар икки-уч ойда турли расмий ёки ярим расмий шахслар Марказий Осиё давлатларига нисбатан кескин баёнотлар билан чиқмоқда. Яқинда Тожикистон фуқаросининг ўлдирилиши билан боғлиқ воқеаларда ҳам бу ҳолат яққол кўринди: дастлаб кескин риторика бўлди, кейин эса Путин буни терроризм деб баҳолаб, Имомали Раҳмондан узр сўрашга мажбур бўлди.
Асл муаммо шундаки, Россия сўнгги йилларда ўз сиёсий муҳитида империалистик кайфиятни онгли равишда шакллантирди. Бугунги кунда эса на бу кайфиятни тўхтатишга реал интилиш бор, на уни қандай бартараф этиш механизми мавжуд. Бир марта шаклланган мафкурани йўқотиш учун унинг ўрнига бошқа, муқобил ғоя таклиф қилиниши керак. Путин даврида эса Россия бундай янги сиёсий ғоя ёки мафкурани таклиф қила олмаяпти. Бунинг учун янги сиёсий консенсус, ундан ҳам муҳими, янги сиёсий раҳбарлар зарур. Фақат шундагина Россия “империя ёки постимперия эмас, балки либерал, ҳуқуқий ва тенг муносабатларга асосланган давлат” деган тафаккурни шакллантириш имконига эга бўлади. Бу жараён эса, эҳтимол, Путин давридан кейингина бошланиши мумкин.
Шу шароитда Марказий Осиё давлатлари Россиянинг умумий кайфиятини ва сиёсий хатти-ҳаракатларини яхши англаган ҳолда, Соловёвнинг баёнотларига расмий даражада жавоб бермасликни, бу масалани асосан жамоатчилик муносабати доирасида қолдиришни маъқул кўраётгандек. Мазкур ёндашув Россия томонига қўшимча эскалация учун имкон бермасликка қаратилган бўлиши мумкин.
Озарбойжон билан Арманистон ўртасидаги тинчлик келишуви тўлиқ имзоланиш арафасида турибди. Арманистоннинг минтақавий ҳамкорликка яқинлашуви унинг иттифоқчилар доирасини кенгайтиради. Агар келгусида Арманистон ва Грузия ҳам Марказий Осиё билан яқин ҳамкорликка киришса, бу тарихий жиҳатдан ноёб имкониятлар ва йирик минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратади”, – дейди эксперт.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
16:57 / 16.01.2026
“АҚШнинг Эронга душманлиги энг авж нуқтасига чиқди” – Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси билан суҳбат
15:30 / 16.01.2026
🔴 LIVE: Ғазода сулҳнинг 2-босқичига ўтилди | "Геосиёсат"
12:29 / 16.01.2026
Захарова Соловёвнинг Марказий Осиё ва Арманистон ҳақидаги сўзлари юзасидан муносабат билдирди
15:08 / 15.01.2026