Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Киевга Tomahawk бериш билан «қўрқитмоқда». Бу ракета нимани ўзгартириши мумкин?
Фото: Getty Images
New York Times газетаси бир йил муқаддам Украина президенти Володимир Зеленский АҚШдан BGM-109 Tomahawk қанотли ракеталарини сўрагани ва рад жавобини олганини ёзганди: маъмурият унинг сўровини ҳам сиёсий, ҳам объектив сабабларга кўра мутлақо нореал деб топганди.
Бир йил ўтиб, 2025 йил октябрида, АҚШ президенти очиқчасига шундай деди: «Мен у [Россия президенти Владимир Путин] билан буни гаплашишим мумкин. Унга шундай дейман: менга қара, агар бу урушни тугатиб бўлмаса, мен уларга [Украинага] Tomahawk ракеталарини юбораман».
Жо Байден маъмурияти давридан буён АҚШнинг Украинани қўллаб-қувватлаш сиёсати Америка матбуотида «йўқ, йўқ, йўқ, ҳа» деб ном олган, бу орқали Вашингтон Киевга беришни рад этган қуроллар, эртами кечми барибир унга юборилишига ишора қилинган.
Америкаликлар Украинага Abrams танкларини беришда ҳам, F-16 қирувчилари ҳамда ATACMS оператив-тактик баллистик ракеталари етказиб берилишига рози бўлишда ҳам айнан шундай йўл тутган. Ҳар сафар қуролларни топширишдан олдин очиқ ва ёпиқ доираларда узоқ давом этган муҳокамалар бўлиб ўтган. Масалан, Abrams танклари Украина қуролли кучларига етиб келганида жуда кеч бўлганди.
Ва бу ҳолатларнинг ҳар бирида қурол-яроғлар урушда ҳал қилувчи рол ўйнай олмайдиган даражада кам берилган.
Шунга қарамай, агар Трамп маъмурияти ўзидан олдинги раҳбарларнинг сиёсатини давом эттирадиган бўлса, бир нечта «йўқ»дан сўнг Tomahawk ҳам Украина қуролли кучлари ихтиёрига етиб келишини тахмин қилиш мумкинми?
Бунинг эҳтимоли ҳали ҳам унчалик катта эмас. Бироқ, бундай қурол билан боғлиқ ҳолатда, бу эҳтимол нолга тенг эмаслигининг ўзи муҳимдир.
Денгиз ракетаси
Асосий тўсиқ – АҚШда ушбу ракеталарни учириш қурилмаларининг йўқлиги.
Яъни, BGM-109 Tomahawk – денгиз ракетаси бўлиб, у одатда кемалар ва сувости кемаларига ўрнатиладиган Mk41 вертикал учириш мосламасидан учирилади. Украина қуролли кучлари ҳарбий-денгиз кучлари бундай ракеталардан фойдаланиш учун зарур кемаларга эга эмас.
Дастлаб, 1970-йилларда ҳаво ва ердан учириш версиялари ишлаб чиқилган, аммо ҳаво версияси рақобатчисига ютқазган, ер версияси эса Ўрта ва қисқа масофали ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартнома билан тақиқланган.
2000-йилларда Tomahawk’ни ердан учиришнинг ягона имконияти Aegis Ashore ракетага қарши мудофаа тизимлари эди, уларнинг SM-3 ракеталари ерда ўрнатилган Mk41 учириш мосламаларидан учирилади.
Tomahawk’ни учириш учун Aegis Ashore’дан фойдаланишнинг эҳтимолий имконияти Россия томонининг Американинг Европа мудофаа дастурига қарши далилларидан бири бўлган.
Аммо бу қуруқликдаги нишонларни ўққа тутишга мўлжалланмаган ракетага қарши тизимнинг қўшимча хусусияти ҳисобланади, қолаверса, Украинага Aegis Ashore тизимларини беришни америкаликлар муҳокама қилгани ҳам йўқ.
2019 йилда Ўрта ва қисқа масофали ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартнома мавжудлигини йўқотди ҳамда АҚШ Tomahawk ракеталарини қуруқликдан учириш учун кўчма тизимлар дастурини қайтадан тиклай бошлади.
Янги тизим Typhon номини олган, у АҚШ армиясида 2023 йилдан пайдо бўлган. Ҳозирда АҚШ қуролли кучлари камида иккита Typhon батареясига эга ва ундан анча кўп бўлиши ҳам даргумон.
Шунинг учун, Украинага бундай ракеталарни топшириш имконияти ҳақида гап кетганда, қуйидагича мулоҳаза юритиш керак: америкаликлар ўзлари эндигина ишлаб чиқаришни бошлаган ва ўзларида саноқли бўлган қуролларни берадими?
Жиддий таҳдид
Tomahawk’нинг Украинага топширилиши эҳтимолдан кам бўлса ҳам, бу каби хабарлар Россияда жиддий қабул қилинади.
Кремл вакили Дмитрий Песков якшанба куни журналист Павел Зарубинга берган интервюсида шундай деди: «Tomahawk мавзуси бизда катта хавотир уйғотмоқда, бу ҳақда президент [Владимир] Путин аллақачон гапирди».
Октябр ойи бошида Путин Tomahawk’ни «энди унчалик замонавий бўлмаса-да, кучли ва таҳдид солувчи» қурол деб атаганди. «Албатта, бу жанг майдонидаги нисбатни умуман ўзгартирмайди», – дея қўшимча қилган у.
Ford Williams/U.S. Navy/Getty Images
Агар фронт чизиғини жанг майдони деб олинса, қанотли ракеталар унга тўғридан тўғри таъсир қила олмайди – улар фронт ортидаги нишонларга қарши ишлатилади.
Tomahawk 1600 дан 2500 километргача бўлган нишонларга зарба бера олади, ракетанинг ҳозирда ишлаб чиқариш жараёнида бўлган энг замонавий версиялари бундан кичикроқ масофаларга ҳаракатланиши мумкин.
Ушбу қанотли ракета товуш тезлигида, лекин пастлаб учиб, ер релефини айланиб ўтади. У Terrain Contour Matching (Жой контурини таққослаш, TERCOM) тизимидан фойдаланади, унинг хотирасига баландликлар белгиланган харита тикилган.
Tomahawk харитани радиобаландлик ўлчагич кўрсаткичлари билан таққослаб, жойлашувни аниқлайди ва нишонга йўналишни тўғрилайди, уни тутиб олиш жуда қийин бўлган паст баландликда (ўнлаб метр) парвоз қилади. Ракета нишонга яқинлашганида тепага кўтарилади ва нишонни йўналтирувчи каллак билан қамраб олади.
Бундай каллак ракеталарга нишонларни юқори аниқликда уриш имконини беради. Бир пайтлар у керак бўлмаган – баъзи ракеталар ядровий жанговар қисмлар билан жиҳозланган. Бироқ, совуқ уруш тугагандан сўнг, улар олиб қўйилган.
Хорижий иштирок
Бошқа давлатнинг Tomahawk’дан фойдаланиши АҚШ билан яқин ҳамкорликни назарда тутади.
Биринчидан, бундай аниқ ва узоқ масофали ракеталарни қўллаш аниқ разведка маълумотларини талаб қилади. Украина шундоқ ҳам АҚШ разведкасига жуда боғлиқ, бу боғлиқлик баҳорда, АҚШ Украина қуролли кучларига маълумотлар узатишни бир муддат тўхтатиб қўйганида ойдинлашганди.
Ўшанда Америка маълумотлари Россиянинг ички ҳудудларига узоқ масофали зарбалар бериш учун жуда муҳим экани маълум бўлганди.
Financial Times газетаси аниқлашича, ёзда АҚШ Украинага янада кўпроқ маълумот бера бошлаган.
FT Украина ва АҚШ расмийларига таяниб таъкидлаганидек, АҚШ разведкаси Киевга фронт чизиғидан анча узоқда жойлашган Россиянинг муҳим энергетика объектларига, жумладан, нефтни қайта ишлаш заводларига зарба йўллаш имконини берган маълумотларни тақдим этмоқда.
Вазиятдан хабардор амалдорларнинг сўзларига кўра, АҚШ разведкаси Киевга операциялар йўналиши, баландлиги, вақти ва тактикасини аниқлашга ёрдам беради. Бу Украина зарбдоp дронларига Россия ҳаво мудофааси тизимларини четлаб ўтиш имконини беради.
Агар Украина қуролли кучларига Tomahawk қанотли ракеталари етказиб берилса, унда америкалик мутахассислар нафақат парвоз йўналишини ишлаб чиқишда, балки ракеталарни топшириққа тайёрлашда ҳам иштирок этишлари мумкин.
АҚШ қанча ракета бериши мумкин?
Reuters маълумотларига кўра, 1980-йиллар ўрталаридан бери АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари донасига ўртача 1,3 миллион доллар тўлаб, 8959 та ракета сотиб олган. Бошқа манбаларда ҳам шунга яқин рақамлар келтирилган.
Бироқ, ўшандан бери АҚШ жуда кўплаб ракеталар ишлатилган бир неча урушларда қатнашди, баъзи модификациялар эскирди ва агар улар модернизация қилинмасдан, шунчаки ҳисобдан чиқарилса, бу ҳам умумий арсенал ҳажмига таъсир кўрсатди.
Reuters маълумотларига кўра, сўнгги йилларда ракета ишлаб чиқариш ҳажми йилига 55 тадан 90 тагача бўлган. Пентагоннинг бюджет маълумотларига кўра, АҚШ 2026 йилда 57 та ракета сотиб олишни режалаштирмоқда.
Америка арсеналидаги ракеталар сони минглаб, аммо Украинадаги уруш катта армияга эга давлат билан зиддият катта миқдордаги ракеталарни ҳам талаб қилишини кўрсатди.
АҚШ Хитой билан эҳтимолий урушдан хавотирланаётгани ҳисобга олинса, улар Украинага фақат ҳарбий нишонларни йўқ қилиш орқали урушнинг боришини ўзгартира оладиган миқдордаги ракеталарни етказиб бера олмайди.
Бошқа томондан, нефтни қайта ишлаш саноати объектларига аниқ зарбалар аллақачон Россиядаги иқтисодий вазиятни мураккаблаштирган.
Шунинг учун Украинадаги юзлаб эмас, балки ўнлаб ракеталар бошқа воситалар билан биргаликда урушда сезиларли рол ўйнаган бўларди. Украинага қарши турли қанотли ракеталарни дронлар билан биргаликда фаол қўллаётган Россиянинг ўзи ҳам бундай усулнинг самарадорлигини намойиш этиб бермоқда.
Мавзуга оид
08:42
Краснодар ўлкаси: дронлар қувур ва 2 та кемага зарар етказди
18:59 / 21.12.2025
Украина армияси Купянскни қисман озод этган, аммо бошқа участкаларда вазият оғирлашмоқда
16:05 / 20.12.2025
Киев ЕИ саммити ҳақида: РФнинг Украинани қулатишга қаратилган ҳисоб-китоби барбод бўлди
15:21 / 20.12.2025