Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қуддусдаги отишма, Непалда Z-авлод намойишлари ва Европа бизнесменларининг хавотирлари – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Қуддусда отишма
8 сентябр куни Қуддус чеккасидаги автобус бекатида икки нафар қуролланган шахс ўт очиб, олти кишининг ўлимига сабабчи бўлди. Полиция бу ҳодисани «террорчилик ҳужуми» деб таърифламоқда.
Рамот чорраҳасида ўрнатилган автомобил камераси тасвирларида автобус ёнидан одамларнинг қочаётганини кўриш мумкин. Исроил полициясининг маълум қилишича, ҳужум қилган шахслар воқеа жойида ҳарбийлар ва қуролланган фуқаро томонидан отиб ўлдирилган.
Бош вазир Бенямин Нетаняҳу ҳодиса жойида гапириб, ҳужумчиларга ёрдам берганларни қидириш ишлари кетаётганини айтди. Полиция ҳужумчилар автомобил билан келиб, Рамот чорраҳасидаги автобус бекатида ўқ узганини билдирди. Ҳодиса 1967 йилда Исроил томонидан аннексия қилган ҳудудда содир бўлган
Полиция қурол, ўқ-дори ва пичоқни мусодара қилганини, Шарқий Қуддусдан гумонланувчи бир шахс қўлга олинганини маълум қилди. Рамотда кучли полиция назорати ўрнатилди.
Al-Jazeera'нинг ёзишича, Исроил расмийлари ҳозир бундай воқеа қандай содир бўлганини тушунишга уринмоқда, улар йиллардан бери бундай нарсани кўрмаганди. Қуддус ҳудудида охирги бундай отишма 2023 йил ноябрида содир бўлган.
Исроил ОАВларига кўра, ушбу ҳужумда сўнг Нетаняҳу — хавфсизлик туфайли душанба куни ўзи учун белгиланган коррупцияга доир суд мажлисида қатнашмаслигини судяларга билдирган.
Фаластин Маъмурияти «фаластинлик ва исроиллик тинч аҳолига қарши ҳар қандай ҳужумни рад этиш ва қоралаш ҳақидаги қатъий позициясини» яна бир бор тасдиқлади. Ҳамас ва бошқа қуролли гуруҳлар ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади, бироқ «табрик» билдирган. Ҳамас баёнотида отишма «босқинчилик жиноятлари ва халққа қарши олиб борилаётган геноцидга табиий жавоб» экани айтилади.
Кўплаб таҳлилчилар ҳам фаол сулҳ музокаралари кетаётганда буни Ҳамас амалга оширганига ишонмаслигини айтмоқда.
ЕИ–АҚШ савдо келишуви хавотирлари
The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Европа ишбилармон доираларида Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги савдо келишуви шартларидан норозилик кучаймоқда. Иттифоқдаги компаниялар Оқ уйнинг металл импортига қўшимча божлар тўғрисидаги қарорига таркибида пўлат ва алюминий бўлган юзлаб бошқа маҳсулотларни киритишидан кейин келишув лойиҳасини ўзгартиришини кутмоқда.
Дастлаб, АҚШ президенти Доналд Трампнинг пўлат ва алюминийга савдо божларини ошириш ҳақидаги қарори фақат хомашёнинг ўзига ва улардан тайёрланган маҳсулотларга нисбатан қўлланган. Энди у двигателлар, насослар, дастгоҳлар ва қурилиш ускуналари каби товарларга кенгайтирилди. Натижада кўплаб европалик ишлаб чиқарувчилар Трамп ва Еврокомиссия раиси келишган қўшимча 15 фоизлик тарифлардан ошиб кетадиган божларни тўлаши керак бўлади.
Баъзи Европа компаниялари аллақачон АҚШга экспортни тўхтатиб, етказиб беришни бошқа мамлакатларга йўналтириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи Кроне компанияси АҚШ бозори учун мўлжалланган маҳсулотларни Мексика ва Канадага етказиб бериш вариантини ўрганмоқда.
Тўқаевнинг ислоҳотлари
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда икки палатали парламент ўрнига бир палатали парламент тузиш имкониятини ўрганиб чиқиш ва бу масалани референдумга қўйишни таклиф қилди.
«Айнан бугун мен яқин келажакда мамлакатимизда бир палатали парламент тузиш таклифини билдираман», деди у парламент палаталарининг қўшма мажлисида.
«Ўйлайманки, муҳокамани ўтказиш учун ислоҳотнинг ғайриоддий хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, камида бир йил керак бўлади, шундан сўнг 2027 йилда умумхалқ референдумини ўтказиш, кейин эса Конституцияга зарур ўзгартиришлар киритиш мумкин бўларди», деб қўшимча қилди у.
Тўқаевнинг таъкидлашича, бу жуда жиддий масала ва «уни ҳал қилишда шошилиш мутлақо ноўрин».
Тўқаевнинг таъкидлашича, агар бир палатали парламент тузиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилинса, бундай парламент «фақат партия рўйхатлари бўйича сайланиши керак». Қозоғистоннинг ҳозирги парламенти 1995 йилдан буён икки палатадан — Сенат ва Мажлисдан иборат.
Тўқаев жорий йил май ойида Al-Jazeera нашрига берган интервюсида президентлик лавозимини тарк этишини айтганди.
«2029 йилда лавозимимдан кетишимни аллақачон эълон қилганман. Чунки бу халқимнинг талаби ва ўзимнинг қарорим», деганди у.
Франция ҳукумати истеъфога чиқади
Франция Миллий ассамблеяси мамлакат бош вазири Франсуа Байруга ишончсизлик вотуми эълон қилди. Унинг ҳукумати тўққиз ойлик фаолиятидан сўнг истеъфога чиқади.
Байруни 194 нафар депутат қўллаб-қувватлади, аммо 364 нафари қарши овоз берди. Овоз бериш жараёни Байру ташаббуси билан бўлиб ўтди, чунки Франция давлат қарзини камайтириш учун давлат харажатларини деярли 44 миллиард еврога қисқартиришни таклиф қилганидан сўнг сиёсий инқироз юзага келган эди. Байру, хусусан, солиқ ставкаларини, шунингдек, ижтимоий тўловлар ва пенсияларни ҳозирги даражада музлатиб қўйишни таклиф қилди.
Байру 9 сентябр куни Франция президенти Эммануэл Макронга истеъфога чиқиш учун ариза бериши кутилмоқда. У Макрон 2017 йилда сайланганидан бери олтинчи бош вазир бўлди.
Непалда Z-авлод намойишлари
Непалда сўнгги ўн йилликларда кузатилган энг йирик тартибсизликлар оқибатида душанба куни камида 19 киши ҳалок бўлди. Расмийлар хабар беришича, пойтахт Катмандуда полиция парламентни босиб олишга уринган норозиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ ва резина ўқлар ишлатган.
Маҳаллий амалдорнинг айтишича, асосан ёшлар бўлган намойишчилардан айримлари баррикадани бузиб парламент ҳудудига кириб бориб, тез ёрдам машинасини ёқиб юборишган ва полицияга турли буюмлар улоқтиришган.
«Полиция тартибсиз ўқ узмоқда», деди бир намойишчи ANI агентлигига. Полиция ходими Шекҳар Ҳаналнинг Reutersʼга маълум қилишича, 100 дан ортиқ одам, жумладан 28 нафар полициячи даволанишга муҳтож бўлган. Ярадорлар мотоциклларда шифохонага олиб борилган.
Ўтган ҳафта ҳукумат Facebook каби бир нечта ижтимоий тармоқларни блоклагани ёшларнинг ғазабини қўзғади. Непалнинг 30 миллион аҳолиси орасида 90 фоизи интернетдан фойдаланади. Расмийларнинг айтишича, бу қарор сохта аккаунтлар орқали нафратли ва ёлғон хабарлар тарқалишини чеклаш учун қабул қилинган.
Катманду кўчаларида минглаб ёшлар, жумладан мактаб ва коллеж формаларидаги ўқувчилар «Ижтимоий тармоқларни эмас, коррупция ёпилсин», «Тармоқларни очинг» деган плакатлар билан юриш ўтказди. Намойишлар «З авлоди норозиликлари» деб аталмоқда. Кечга бориб зўравонлик сусайди, бироқ намойишчилар парламент яқинида қолишда давом этмоқда.
Собиқ молия котиби Рамешвор Кҳаналнинг айтишича, иш ўринлари етарли яратилмаган бўлса-да, халқ ғазаби асосан ҳукумат тайинловлари ва коррупцияни йўқ қила олмаганидан келиб чиқмоқда.
Испания Исроилга қурол эмбаргосини жорий қилди
Испания душанба куни Ғазодаги Исроилнинг ҳарбий ҳужумлари сабабли Исроилга қурол-яроғ олиб борувчи кема ва самолётларнинг испан портларига кириши ёки ҳаво ҳудудидан фойдаланишини тақиқлади.
Испания 2024 йил май ойида Фаластин давлатини тан олган ва Ғазо секторида Исроилнинг ҳаракатларини кескин танқид қилиб келмоқда. Бу чораларни Исроил ташқи ишлар вазири «антисемитизм» сифатида қоралади. ТИВ раҳбари Гидеон Саарнинг баёнотига жавобан Мадрид Тел-Авивдаги элчисини маслаҳатлашув учун қайтариб олди.
Педро Санчес ҳукумати қурол-яроғ ёки ҳарбий даражадаги авиакеросин ташувчи кемалар ва самолётларга тақиқ қўшиб, Ғазодаги «геноцид»да бевосита иштирок этган шахсларга Испанияга киришга рухсат бермаслигини ҳам маълум қилди.
Исроил эса испаниялик сиёсатчини ички коррупция можароларидан эътиборни чалғитиш учун чораларни қўллашда айблади.
Санчес ушбу чоралар — Испаниядаги жамоатчилик кайфиятига мос эканини билдириб, Мадриднинг тинчлик, инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқни қўллаб-қувватлашини ифодалайди, деди.
Мавзуга оид
14:35 / 26.12.2025
Нигерияда ИШИДга зарба берган АҚШ, украиналикларнинг Путинга «тилаги» ва Килиманжарода қулаган вертолёт – кун дайжести
14:59 / 25.12.2025
Исроилга қарши даъвога қўшилган Белгия, Кимнинг атом сувости кемаси ва Москва осмонидаги дронлар – кун дайжести
14:02 / 24.12.2025
Ғазода таъмирланган шифохона, авиаҳалокатга учраган Ливия ҳарбий қўмондони, БМТда баҳслашган АҚШ ва Эрон – кун дайжести
16:08 / 23.12.2025