«Биз томонимиздан ҳам камчилик ўтмаган деб айтолмайман» – Давергеодезкадастр қўмитаси раиси ўринбосари Бўстонлиқдаги «снос»лар ҳақида
Давергеодезкадастр қўмитаси раиси ўринбосари Шерзодхўжа Ҳабибуллаев Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш маскани атрофидаги 24 «дача» билан боғлиқ муаммоларга жойлардаги ваколатли органларнинг ўз вазифасига масъулиятсизлиги ҳам сабаб бўлганини, давлат идоралари ходимларидан ҳам хато ўтган жойлари борлигини таъкидлади. У бу ҳақда 2 июль куни журналистлар учун Бўстонлиқ туманига уюштирилган пресс-тур доирасидаги брифингда маълум қилди.
«Жойлардаги ваколатли органларнинг ўз вазифасига масъулиятсизлиги қайсидир маънода бу муаммоларга сабаб бўлган деб айтсак бўлади. Кадастр, шу жойдаги маҳаллий ҳокимлик, ички ишлар, прокуратура органлари уй-жойларининг қонуний қурилишига масъул ҳисобланади. Биз томонимиздан ҳам камчилик ўтмаган деб айтолмайман.
Лекин шу ўринда битта нарсани айтиб ўтмоқчиман. Битта жойда кимдир ўзбошимчалик билан нимадир қура бошласа бориб огоҳлантириш берамиз. Огоҳлантириш бериш тартиби бор. Ундан кейин ҳужжатларни прокуратурага берамиз, улар протест киритади. Ҳамма жараёндан ўтишимиз учун уч ой кетаркан. Бу вақт орасида одамлар ноқонуний иморатни тиклаб қўйишаяпти. Ҳозир сэндвич-панеллар орқали 20 кунда қуриб битказилаяпти «дача»лар. Биз ҳамма босқичлардан ўтиб, судга ҳужжатлар тайёрлагунимизча уйни қуриб олади-да, интернетга чиқиб, олдинроқ қаерга қарагансизлар деб жар солади.
Қўлимизда Бўстонлиқ тумани бўйича ўзбошимчалик билан қурилган ёки томорқасини кадастр ҳужжатларида кўрсатилганидан кўпроқ ерни ноқонуний эгаллаб олган ҳолатлар бўйича 2 мингга яқин огоҳлантириш хатлари берганимизни тасдиқловчи ҳужжатлар бор. Лекин давлат органи бўлганимиз ва фуқароларга босим қилмаслик учун бизда чеклов кўпроқ», дея Шерзодхўжа Ҳабибуллаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мутасаддининг қайд этишича, уйларнинг амалдаги кадастр ҳужжатлари, туман ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарори қалбаки эканини Google Earth географик ахборот тизимининг онлайн харитаси орқали ҳам исботлаш мумкин.
«Google Earth’нинг онлайн харитасини ҳаммамиз биламиз. Ҳамма учун очиқ, ишончли дастур. Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш маскани атрофидаги 24 уй ўзбошимчалик билан қурилганини Google Earth харитаси ҳам тасдиқлайди.
Ушбу харита орқали даволаш маскани атрофидаги ерларнинг 2010 йил март ойидаги ҳолатини кўрсак, атроф ям-яшил, бугунги кунда муҳокамаларга сабаб бўлаётган, ноқонуний қурилган 24 та дача қурилмаганини кўриш мумкин. Бу жойлар тўлиқ болалар сил касалликлари сиҳатгоҳининг ерлари бўлган.
2010 йилдаги харитада йўл 24 та «дача»нинг ёнидаги йўл умуман бўлмаганини кўриш мумкин. Буни исталган одам Google Earth’га кириб солиштириб кўриши мумкин.
2014 йил августда олинган суратда бир четда учта иморатга пойдевор ташланиб, атрофи девор билан ўраб олинганини кўриш мумкин. Бу пойдеворлар бугун ҳам турибди, ҳали ҳам иморат қурилмаган.
2015 йил июлдаги ҳолатда бугунги кунда муҳокамаларга сабаб бўлаётган 24 та «дача» жойлашган ер атрофи девор билан ўраб олинганини кўриш мумкин. Аммо ўша пайтда бу ерда 2014 йилда пайдо бўлган учта пойдевордан ташқари бирорта қурилма бўлмаган.
Энди 2016 йилнинг августида яна учта жойнинг ҳудуди алоҳида-алоҳида деворлар билан ўраб олинган. Аммо ҳали бу ерда пойдеворлар кўзга ташланмайди. Уларнинг ёнидан йўл излари сал кўзга ташланади. Ушбу йўлнинг қарама-қарши тарафида иккита иморат пайдо бўлган.
2017 йилдаги суратда йўлнинг қарама-қарши тарафида яна бир нечта иморат барпо этилгани, 2016 йилда пайдо бўлган уйларда бассейнлар қурилганини кўриш мумкин. Сиҳатгоҳга ёндош тарафда эса 2014 йилда ташлаб қўйилган учта пойдевордан бошқа ҳеч қандай қурилма бўлмаган.
Энди Google Earth орқали ҳудуднинг 2019 йил сентябрдаги ҳолатини кўриб чиқамиз. Кўриб турибмизки, болалар сиҳатгоҳига ёндош ҳудудда «дача»лар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек пайдо бўлган.
Бунга нима сабаб бўлганини тушунтираман. Президент қарори бўйича 2018 йил май ҳолатигача қуриб битказилган ва одам яшаётган уйларга эгалик ҳуқуқи берилиши мумкин. Шу билан бирга, ҳужжатда иморатлар хавфли ҳудудларда қурилмаган бўлиши керак дейилган. 24 «дача» Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш масканига тегишли ер деб қаралмаган тақдирда ҳам бу «дача»лар сел йўлига қурилган.
Google Earth орқали олинган маълумотлар кўрсатмоқдаки, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан қўлланилган бир марталик акция тугаб бўлгандан кейин бу сиҳатгоҳ атрофидаги иморатлар бирин-кетин қад ростлагани, шундаям кўпчилиги «коробка» ҳолатида бўлгани, томи ёпилмаганини кўриш мумкин.
Дрон орқали олинган юқоридаги суратда ҳозирги ҳолат акс этган. Тегишли органлар томонидан ҳамма деворлар қулатилиб, «дача»ларнинг ўзларига тегилмай турилибди», дейди у.
Ҳабибуллаевнинг таъкидлашича, бу «дача»ларнинг ноқонуний қурилгани ҳақида огоҳлантиришлар берилган.
«Қўлимизда «дача»лар ўзбошимчалик билан қурилгани бўйича фуқароларни огоҳлантирганимизни тасдиқловчи ҳужжатлар бор. Улар ижтимоий тармоқларга чиқиб ҳеч ким бу ҳақда огоҳлантирмаганини айтишмоқда. Ундай эмас. Судлар ҳам огоҳлантириш бўлмаса, ўзидан-ўзи қарор чиқариб юбормайди, иш бирданига судга ошмайди. Ҳамма процедуралардан ўтилгач, иш судгача келган», деб айтган у.
Аввалроқ Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган 24 та «дача»нинг ҳужжатлари 1998 йилда расмийлаштирилгани, уларни маҳалла раиси қалбакилаштириб, коррупция орқали туман ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарорини чиқартириб олгани, давлат хизматлари марказига бориб мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини олганини айтган эди. Бироқ у бу ишлардан мутлақо бехабар одамлар томонидан сотиб олинган, яъни айбсиз айбдор бўлиб қолган «дача»ларнинг янги эгаларига нима учун компенсация тўланмаслигига қонуний асос келтира олмаган.
Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш маскани ҳудудида ўзбошимчалик билан қурилгани айтилаётган 24та уй эгалари Kun.uz мухбири билан суҳбатда бузилиши режалаштирилган иморатлар жойлашган ер сиҳатгоҳга тегишли эмаслигини айтишган. Буни ушбу муассаса директори Норинбой Ниёзметов ҳам тасдиқлаган.
Тошкент вилояти прокурори Салом Самадовнинг маълум қилишича, Бўстонлиқ туманидаги сил касаллигига қарши курашиш даволаш маскани атрофидаги дала ҳовлилар ноқонуний қурилишига алоқадорликда айбланиб 10 киши қамоққа олинган, улар орасида туман ҳокими ўринбосари, туман «Ермулккадастр» бўлими ходими, маҳалла раиси, маклерлар бор.
Мавзуга оид
18:10 / 04.11.2024
Бўстонлиқда тоғ эчкисини овлаган браконер ушланди
18:27 / 09.09.2024
«Аукцион ўйинлари» орқали Бўстонлиқдан ер олиб бериш учун 1,5 миллион доллар талаб қилган фуқаро ушланди
13:07 / 05.09.2024
Бўстонлиқда очиқ дала майдонида ёнғин содир бўлди
10:30 / 29.08.2024