Жамият | 10:01 / 11.08.2019
15913
9 дақиқада ўқилади

Волонтёрлик мажбуриятми ёки имкониятлар эшиги? Жамият волонтёрликдан қандай фойда кўради?

Фото: Fotolia

«Волонтёрлик» деганда кўнгилли бўлиб жамоат ишларида қатнашиш назарда тутилади. Бошқача айтганда, волонтёрлар ўзининг шахсий манфаатидан ташқарига чиқиб, жамиятдаги муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашади. Жуда кўп ҳолларда буни нотўғри талқин қилишади ва мажбурий фаолият тури сифатида талқин қилинади. Ўзбекистонда мажбурий-ихтиёрий волонтёрлик асосан умумхалқ байрамларида ҳашар шаклида ташкил этилади. Ҳозирги пайтда ёшлар кўнгилли бўлиб маълум жойда ўз фуқаролик позициясини кўрсатишдан қочишга ҳаракат қилишади. Нега шундай? Чунки бу йўналишнинг моҳияти тўлиқ англашилмаган. Натижада, тушунча нотўғри шаклланган ва ёшларга ҳам шу тахлитда сингдирилган.    

«Кўнгилли бўлиб жамоат ишларида қатнашиш боқимандалик кайфиятини йўқотишга ёрдам беради»

Ҳарвард Тиббиёт мактаби тадқиқотчиси Жамшид Жамбулов:

— АҚШ мактабларидан бирида ўқиб юрган пайтимда волонтёрлик дастурларига қатнашганман. Дарслардан кейин камбағалларга овқат, кийим-кечак тарқатиш, атроф-муҳит тозалигига кўмаклашиш каби ишларни бажарганмиз. Мисол учун, ҳар ҳафта камбағаллар уйига бориб, кийим тарқатиш, таом тайёрлаш, тозалик ишларини олиб боришда ёрдамлашардик. Шу тариқа волонтёрлик соатлари ҳисоблаб бориларди. Йиғилган миқдорга қараб мукофот белгиланади (олтин, кумуш, бронза медаль). Оқ уй қошида Миллий ва жамоатчилик хизмати бор. Шу ташкилот волонтёрларни рағбатлантириш учун президентнинг волонтёрлик хизмати мукофотини беришда вакиллик органи ҳисобланади. Жамоат ишларида фаоллик кўрсатганларга алоҳида эътибор беришдан мақсад ёшларда жамиятга дахлдорлик ҳиссини уйғотишдир. Волонтёрликнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, олий ўқув юртига ҳужжат топшираётганда ёки ишга киришда бу алоҳида ҳисобга олинади.

Волонтёрликнинг фойдали жиҳатлари: маҳаллий ҳамжиҳатликни қарор топтиради, одамлар орасида дўстона муносабатларни шакллантиради. Бизда ҳам волонтёрлик хизматларини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўларди. Тасаввур қилинг: Президент Шавкат Мирзиёев номидан шахсан ёзилган мактубни қабул қилсангиз, қанчалик фахрга тўласиз. Бунинг ортида бир маъно бор: сиз жамиятнинг бир бўлаги эканлигингиз, эътибордан четда эмаслигингизни англатиб туради. Ўзбекистонда волонтёрлик асосан ҳашар кўринишида ташкил қилинади. Унинг бошқа йўналишларини ҳам ташкиллаштириш лозим. Энг муҳими, волонтёрларга қилган ишлари учун кичкина бўлса ҳам рағбат бўлиши керак.

Ёшлар волонтёрликдан қандай фойда кўриши мумкин? Уларда боқимандалик кайфияти бироз бўлса-да, чекинади. Ҳаммасини давлат қилиб бериши керак, деган тушунча йўқолади. Мен ҳам жамиятнинг бир бўлаги эканман, деб ўйлай бошлайди, мустақил фикрлашга чорлайди, ижтимоий масъулиятни оширади.

«Волонтёрлик жамоатчилик назорати тизимини мустаҳкам бўғинга айлантиролади»

Ёшлар Иттифоқи талаба-ёшлар ва волонтёрлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ойбек Раҳмонбердиев:

— Ўзбекистонда волонтёрлик тизимлаштирилмаган тарзда ишлайди. Бу фаолият фақатгина қариялар, болалар, ногиронлар уйига бориш ёки ҳашар кўриниши билан чекланиб қоляпти. Холбуки, соҳанинг тармоқлари ва имкониятлари кенг. Масалан, халқаро анжуман, спорт мусобақаларида таржимонлик қилиш, модераторлик билан шуғулланадиган кадрларга эҳтиёж сезилади. Бу пайтда ташкилотчилар ўзларининг ходимларини жалб этишади. Бунинг иккита салбий тарафи бор: Биринчидан, ходим ўзининг идорадаги кунлик вазифасидан четлашади. Бунинг оқибатида ўша корхонада маълум муддат иш самарадорлиги пасаяди. Иккинчидан, у ташкилотчилик ишини сидқидилдан бажармайди, негаки бу мажбурийлик омилига бориб тақалади.

Волонтёр эса ўз хоҳиши билан ишини сидқидилдан бажаради, чунки у катта тажриба, билим, имкониятларга эга бўлишини билади. Волонтёрликнинг бошқа йўналишларидан бири маълум ташкилотда амалиёт ўташдир. Бунда энг катта эришиладиган ютуқ – тажриба. Яна атрофдагилар билан жонли мулоқот, маълум соҳанинг етакчи мутахассислари билан танишиб, алоқа ўрнатиш. Умумий қилиб айтганда, волонтёрлик инсон ресурсларини тўғри томонга йўналтира олади. Унинг қуйидаги афзалликлари бор:

·       қўшимча инсон ресурслари;

·       харажатларни иқтисод қилиш;

·       ташкилот нуфузини ошириш;

·       янги тажриба, билим, ғояларга эга бўлиш.

Ўзбекистонда бу тизим жорий этиладими?

Ойбек Раҳмонбердиевнинг сўзларига кўра, Ёшлар Иттифоқининг вилоят ва туман кенгашлари таркибида волонтёрликни ташкиллаштирадиган махсус бўлимлар тузилади. Бу иш билан координаторлар шуғулланади. «Волонтёрлар мактаби»ни ҳам ташкил этиш режалаштирилган. Юқорида айтилганидек, волонтёрлар жамоатчилик назорати кучайишига ёрдам беради.

Бу қандай тартибда амалга оширилади? Аввало, уларга ижтимоий муаммоларни ўрганиб таҳлил қилишни ўргатиш лозим. Кейин эса жамиятдаги камчилиг-у нуқсонларга муносабат билдириш инстинкти шаклланади. Агар шунақа кадрлар кўпроқ етиштирилса, волонтёрлар томонидан жойлардаги муаммолар аниқланиб, юқори органларга етказилса, қанчадан-қанча масалалар ижобий ечимини топган бўларди. Волонтёрликни битта тизимга қамраб олиш нима учун керак? Волонтёрлик хизматлари нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида ассоциацияга бирлашадиган бўлса, кенг масштабдаги лойиҳаларни амалга оширишга шароит яратилади. Шунингдек, ижтимоий муаммоларни юқори органларга етказишда платформа вазифасини бажаради. Яна бир муҳим жиҳатни эътиборга олиш муҳим: волонтёрнинг аниқ мақоми белгиланиши керак. Бу бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши айни вақтдаги ва кейинчалик юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларни ҳал қилган бўларди.

«Волонтёр имкониятларни қўлга киритиш учун ўз дунёсининг эшигидан чиқиб, имкониятлар дарвозасидан бир ўтиб кўриши керак»

ЮНИСЕФнинг Ю-Репорт халқаро ёшлар лойиҳаси раҳбари Жамила Нуржанова:

— Нега бизда волонтёрлик қилишни унчалик хоҳлашмайди? Бунинг сабаби, фикримча, волонтёрлик моҳиятини етарлича тушунмаслик ва айрим сабабларга кўра, жамиятимизда бироз салбий кўринишга келиб қолганидир. Волонтёрлик деганда, мажбурият ёки бориб «массовка» қилиб бериш тушунилади. Шундай фикр бор: «Ишим, ўқишим бор, уйда буни қилишим керак. Елкамга яна битта тошни олиб нима қиламан». Аслини олганда, волонтёрликка юк сифатида қараш – хато. Унга имкониятлар назаридан боқиш даркор.

Ўзим 8 йилга яқин волонтёрлик фаолияти билан шуғулланганман. Ҳозирда эса халқаро ёшлар лойиҳаси раҳбариман ва жамоамда 200 нафардан ортиқ фаол волонтёрлар бор. Тажрибамдан келиб чиқиб, унинг учта энг муҳим афзалликларини айтсам:

1.    Нетворкинг. Оддий қилиб айтганда, янги одамлар, танишувлар ва ён атрофдаги доирангиз кенгайиши. Кундалик ҳаётимизда ўзимизнинг кичик «контакт жамият»имиз шаклланади ва ундан узоққа чиқиб кетишингиз имконияти жуда паст. Қанчалик кўп волонтёрликда фаол бўлсангиз, шунчалик кўпроқ инсонлар билан учрашиш ва турли сохаларга кириб бориш имкониятини қўлга киритасиз. Балки, айнан волонтёрлик ортидан бўлган танишув ҳаётингизга кескин бурилиш ясаши, энг қадрли инсонларни туҳфа қилиши ёки муҳим ютуқларга эга бўлишга туртки бўлар.

2.    Шахсий ўсиш. Аудиторияда ўқитилмайдиган тажриба, кўникма ва билимларни қўлга кирита оласиз. Бу инсонлар билан мулоқот қилиш, омма олдида чиқиш қилиш, нотиқлик маҳоратини ошириш имкониятини беради. Ўз волонтёрлик жамоамдагиларга ҳамиша айтаман: «Волонтёрлик қилиш бу катта ҳаёт олдидан кичкина репитициялардир. Қанчалик кўпроқ репетиция қилсангиз, шунчалик кучлироқ бўлиб, катта ҳаёт саҳнасига кириб борасизлар. Волонтёрлик бу келажак томон йўналтирилган туганмас инвестициядир».

3.    Ҳаётда ижобий ўзгаришларга сабабчи бўлиш, яъни бирон нарсанинг устида ишлаб, натижасидан завқ олиш – бу жуда муҳим тажриба. Ўзини жамиятга керакли ҳис қилиш, кимгадир ёрдам бера олиш.

Волонтёрликни ривожлантириш учун аслида кўп нарса керак эмас: ҳукуматдан волонтёрликни тартибга солувчи ҳуқуқий-ташкилий механизм (йиғилишларини бемалол ўтказиши учун, берадиган таклифларини амалга оширишда пайдо бўлиши мумкин бўладиган сунъий тўсиқларни олиб ташлаш учун ва ҳ.к.), жамиятдан фаоллик ва ғоялар, инсонлардан эса чин дилдан ўзи ва атрофидагилар учун бирор ижобий ўзгаришларни қўлга киритиш иштиёқи. Волонтёрлик ҳақида гапирганда, Маслоу эҳтиёжлар пирамидасини ҳам унутмаслик керак. Лекин имкониятларни қўлга киритиш учун ўз дунёсининг эшигидан чиқиб, имкониятлар дарвозасидан бир ўтиб кўриш лозим.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид