Янгиҳаётда қулаган лифт Туркияда ишлаб чиқарилгани маълум қилинди
Контехназорат республика бўйлаб кўп қаватли уйлардаги лифтларни техник кўрикдан ўтказишни бошлади.
Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси (Контехназорат) Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида янги қурилган кўп қаватли уй лифти қулагани бўйича расмий маълумот берди.
Инспекцияга кўра, Янги Дархон маҳалласидаги 16 қаватли уй “Land House” МЧЖ томонидан 2023 йил апрел ойида фойдаланишга топширилган. Аввалроқ Бош прокуратура 16 қаватли бу уй май ойида фойдаланишга топширилганини маълум қилганди.
Саноат хавфсизлиги органи баёнотида айтилишича, бу уйга ўрнатилган лифт Туркиянинг “Ахтем асансор” корхонаси томонидан 2022 йилда ишлаб чиқарилган.
“Юк кўтариш қуввати 1000 кг бўлган лифт қурилмаси 16-қаватдан 1-қаватга ҳаракатга келгач, мазкур лифт қурилмасини лифтнинг тезлигини назорат қилувчи, яъни тўхташ лозим бўлган қаватга яқинлашган даврида лифт кабинасини секинлатувчи (датчик замедления) қурилмаси носозлиги сабабли тезлик камаймагани, 1-қаватга яқинлашганда лифтнинг автоматик тормоз тизими ишга тушиб тўхтагани, тезлик камаймагани туфайли лифт шахтада ўрнатилган буфер қисмига келиб ўрилгани тахмин қилинди”, – дея бирламчи ўрганиш натижаларини маълум қилди инспекция.
Қайд этилишича, лифт тўхтагандан кейин шу мавзедаги уйларга хизмат кўрсатувчи инжиниринг компанияси “Premium Promotion” МЧЖнинг лифтларга хизмат кўрсатувчи мутахассислари эшикни очиб, лифтдан тахминан 11 кишини чиқариб олган, булардан 3 киши турли хил синишлар билан шифохонага ётқизилган (Бош прокуратура фарқли маълумот берган).
Контехназоратга кўра, ҳозирда бу мавзедаги барча лифтларни қайта навбатдан ташқари техник кўрикдан ўтказиш ва лифтларнинг тезлигини назорат қилувчи, яъни секинлатувчи (датчик замедления) қурилмалари қайта кўрикдан ўтказиляпти.
Шунингдек, инспекция мутахассислари томонидан Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги кўп қаватли уйларда ўрнатилган лифтларни техник кўрикдан ўтказиш ишлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бош прокуратура берган хабарга кўра, янги фойдаланишга топширилган уйнинг аҳоли учун ажратилган 2 та лифти носоз ҳолда бўлган, шу сабабли фуқаролар юк ташувчи лифтдан фойдаланиб келишган. Идора ахборотида лифт ичида 13 киши бўлгани, уларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилгани, 6 кишининг оёғи сингани ва улар реабилитация бўлимига ётқизилгани айтилганди.
Kun.uz мухбири кеча тунда воқеа жойида бўлиб, ҳодиса гувоҳлари билан суҳбатлашганди. Воқеа гувоҳлари ушбу лифт олдинроқ ҳам 3-қаватдан пастга “қулагани” ва тормози ишлаб, ушлаб қолганини билдиришган.
Мавзуга оид
19:26 / 03.07.2024
Лифт импорти юзасидан ҳукуматга таклифлар берилган — Рақобат қўмитаси
14:53 / 15.06.2024
Сенат аралашуви билан божхонада қолиб кетган лифтлар чиқарилди, лекин муаммо ҳал бўлмади
20:50 / 26.04.2024
“Салласи деса калласи” – давлат органидаги тафтиш сабаб лифт импорти тўхтатиб қўйилди
20:05 / 16.04.2024