Спорт | 13:31 / 04.05.2026
10814
12 дақиқада ўқилади

«Интер» – чемпион, «Реал» «Барса»га тож кийдиришни кечиктирди. Кун ўйинлари

«МЮ» «Ливерпул»ни мағлуб этиб, муддатидан олдин учинчи ўрин ва ЕЧЛ йўлланмасини кафолатлади.

Фото: Getty images

Англия: «МЮ» учинчи ўринни нақд қилди, «шпорлар» лигада қолмоқчи

«МЮ» – «Ливерпул» 3:2
Голлар:
Куня, 6 (1:0). Шешко, 14 (2:0). Собослаи, 47 (2:1). Гакпо, 56 (2:2). Майну, 77 (3:2)
«МЮ»: Ламменс, Магуайр, Ҳевен, Шоу, Далот, Каземиро, Майну, Бруну Фернандеш (Йоро, 90+6), Куня (Зиркзе, 87), Мбемо (Доргу, 75), Шешко (Диалло, 46)
«Ливерпул»: Вудман, ван Дейк, Конате (Киеза, 87), Робертсон (Керкез, 59), Жонс, Макаллистер, Гравенберҳ, Гакпо, Фримпонг (Нгумоҳа, 75), Вирц, Собослаи
Огоҳлантиришлар: Шоу, 49. Бруну Фернандеш, 81 – Жонс, 75. Гакпо, 85

Бу ўйинга «Манчестер Юнайтед» ЕЧЛ йўлланмасини расмийлаштириш учун тушди ва буни уддалади. Рақибнинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда бу қийин иш эмасди. Мерсисайдликлар устози Арне Слот бу ўйинда жароҳат туфайли Исак, Экитике ва Салоҳ каби етакчиларидан фойдалана олмасди, натижада ҳужум марказида Гакпо, ўнг қанот вингери позициясида асли ҳимоячи бўлган Фримпонг туширилди.

Ўйиннинг олтинчи дақиқасидаёқ мезбонлар фаворит мақомини тасдиқлашди. Робертсоннинг бурчак зарбасидан кейин тўп жарима майдонидан узоқлаштирилди ва Куня зарба бериш нуқтасига чиқиб бориб, кучли зарба йўллади. Унинг биринчи зарбаси блокланди, аммо такрорий зарбадан сўнг  тўп рикошет орқали дарвоза тўрига бориб тушди.

Ва бир неча дақиқа ўтиб «Юнайтед» иккинчи голни урди. Бруну бош билан тўпни дарвозабон ҳудуди турган Шешкога етказди, ҳужумчи эса имкониятдан фойдаланди. Аммо меҳмонлар дарвозабони зарбадан олдин қўллари учи билан тўпга тегиниш орқали португалиялик яримҳимоячини навбатдаги ассистдан маҳрум қилди.

Бироз ўтиб Бруну мезбонларнинг учинчи голини уришга яқин келганди, аммо унинг жарима майдони марказидан йўллаган зарбаси бироз хато кетди. «МЮ» биринчи бўлимда тўпни рақибга топширди (38 га 62 фоиз), аммо қарши ҳужумларда вазиятларга эга бўлди.

Танаффусда «МЮ» Шешкони алмаштиришга мажбур бўлди (катта эҳтимол билан, словакиялик ҳужумчи кичик жароҳат олган), унинг ўрнига тушган Амад эса иккинчи бўлим бошидаёқ майдон марказида тўп йўқотди. Собослаи эса тўпни мезбонлар жарима майдонига қадар олиб борди ва олис бурчакни аниқ нишонга олди.

Кўп ўтмай энди дарвозабон Ламменс ҳам хатога йўл қўйди. У тўпни узоқлаштиришда ноаниқ ҳаракат қилди. Рақиб жарима майдонида тўпга эга чиққан меҳмонлар эса бундан фойдаланишди.

Собослаидан узатма қабул қилиб олган Гакпо амалда бўш дарвозани ишғол этди. «МЮ» футболчиларидан иккита қўпол хато – ва ҳисоб тенглашди. Шу билан бирга, бу зарбалар мезбонларнинг ўйинига таъсир қилмади. Бруну ассистлар бўйича рекордни шу ўйинда ўрнатиши мумкин эди, аммо иккинчи бўлимда унинг узатмаларидан кейин Мбемонинг зарбаси устунга борди, Каземиро эса тўпни дарвозабоннинг қўлига ташлаб берди.

Бундай вазиятда ғалаба голини исталган жамоа уриб кетиши мумкин эди. Қайсидир паллада Ламменс яқин масофадан йўллаган зарбани тўсиб чиқишига тўғри келди. Аммо якунда мезбонлар ўз мақсадига эришишди. Мак Аллистер тўпни узоқлаштира олмади ва ҳужумни иккинчи темпда давом эттирган Майну жарима майдонига яқинлашиб борди ва бурчакни аниқ нишонга олди. «Ливерпул» посбони ўрнидан қимирлашга улгурмади – 3:2.

Бу ғалаба «МЮ»га олтинчи ўрин билан орадаги фарқни 12 очкога етказиш имконини берди. Шу тариқа, жамоа 2026/2027 йиллар мавсумида ЕЧЛда қатнашишини кафолатлади. «Ливерпул»да ҳам ЕЧЛ йўлланмаси учун имконият ёмон эмас, жамоа «Астон Вилла» билан тўртинчи ва бешинчи ўринларни бўлишиб турибди.

«Борнмут» – «Кристал Пэлас» 3:0
Голлар:
Лерма, 10 – автогол (1:0). Крупи, 32 – пеналти (2:0). Райан, 77 (3:0)
«Борнмут»: Петрович, Сенеси, Ҳилл, Трюффер, Хименес, Скотт, Адамс (Кристи, 69), Крупи (Брукс, 70), Таверне (Доук, 86), Райан (Адли, 86), Эванилсон (Юнус Унал, 80)
«Кристал Пэлас»: Ҳендерсон, Лакруа, Риад (Ричардс, 76), Канво, Лерма, Камада (Митчелл, 46), Девенни, Мунйос (Уортон, 46), Пино (Сарр, 46), Жонсон, Странн Ларсен (Матета, 65)
Огоҳлантиришлар: Канво, 6. Лакруа, 38

«Борнмут» еврокубоклар учун курашни давом эттирмоқда ва олтинчи ўринга кўтарилиб олди. Ўз навбатида, ҳозирда асосий эътиборини Конференциялар лигасига қаратган «Кристал Пэлас» жуда аламли голларни ўтказиб юборишди. Аввалига бурчак зарбаси ижро этилганида Лерма тўпни ўз жамоаси дарвозасига тўғрилаб юборди. Кейин эса дарвозабон Ҳендерсон тўпга чиқишда хатога йўл қўйди ва Сенесига фол ишлатди. Белгиланган пеналтини эса Крупи бенуқсон иэро этиб, амалда ўйин тақдирини ҳал қилди. Иккинчи бўлим охирларида Райан ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

«Астон Вилла» – «Тоттенҳэм» 1:2
Голлар:
Галлаҳер, 12 (0:1). Ришарлисон, 25 (0:2). Буэндия, 90+6 (1:2)
«Астон Вилла»: Мартинес, Линделёф, Мингс, Матсен, Кэш, Тилеманс, Богард, Баркли (Буэндия, 85), Роджерс, Санчо (Бэйли, 85), Абраҳам (Уоткинс, 60)
«Тоттенҳэм Ҳотспур»: Кински, Дансо, ван де Вен, Удожи, Порро, Палиня, Бентанкур (Биссума, 66), Галлаҳер, Тел (Бергвалл, 90+1), Коло Муани (Спенс, 67), Ришарлисон (Сарр, 90+1)
Огоҳлантиришлар: Баркли, 51. Роджерс, 77 – Коло Муани, 27. Бентанкур, 45. Тел, 73. Дансо, 81. Галлаҳер, 90

Ўтган уикендда «Тоттенҳэм» йил бошидан буён илк ғалабасига эришганди, бу турда эса «Вест Ҳэм»нинг шанба кунги мағлубияти туфайли лондонликларда хавфли зонадан чиқиб олиш имконияти юзага келганди. Бирмингҳэмдаги сафар ўйинида ғалаба қозониш осон эмасди. Аммо ҳозирда «Астон Вилла» асосий эътиборини Европа Лигасига қаратгани ва Унаи Эмери қатор етакчиларга дам беришга қарор қилгани «шпорлар»га қўл келди.

Меҳмонлар ўйинни катта иштиёқ билан бошлашди ва 12-дақиқадаёқ Галлаҳер ҳисобни очди. Бироз ўтиб Жоау Палинянинг зарбасидан кейин тўп устунга борди. Бўлим ўрталарида эса Ришарлисон ҳисобни ишончли кўринишга келтирди. Буэндиянинг жавоб голи жуда кеч урилди ва лондонликлар ғалабани сақлаб қолиб, 17-ўринга кўтарилиб олишди. Энди Роберто Де Дзерби кейинги турда турнирда мотивацияси қолмаган «Лидс»ни қабул қилади, «Вест Ҳэм»ни эса «Арсенал»га қарши дерби кутмоқда. Шундай экан, «шпорлар»да лигада қолиш имконияти «болғачилар»никига қараганда яхшироқ.

Испания: Винисиуснинг икки шедеври

«Эспанёл» – «Реал» 0:2
Голлар:
Винисиус Жуниор, 55 (0:1). Винисиус Жуниор, 66 (0:2)
«Эспанёл»: Дмитрович, Калеро, Кабрера, Ромеро, Ал Ҳилолий, Гонсалес де Сарате, Экспосито (Пикел, 61), Терратс (Каррерас, 73), Долан (Пере Миля, 73), Санчес (Рока, 61), Фернандес (Кике Гарсия, 73)
«Реал»: Лунин, Рюдигер, Ҳаусен, Менди (Ф. Гарсия, 14), Александр-Арнолд, Тшуамени (Камавинга, 83), Питарч (Мастантуоно, 53), Беллингҳэм, Диас (Г. Гарсия, 53), Валверде, Винисиус Жуниор (Паласиос, 84)
Огоҳлантиришлар: Ал Ҳилолий, 26. Экспосито, 45. Гонсалес де Сарате, 85 – Диас, 22. Винисиус Жуниор, 23. Александр-Арнолд, 50. Г. Гарсия, 75

Каталониядаги ўйиндан олдин турнир жадвалидаги вазият оддий эди: «Реал» очко йўқотиши «Барселона»ни мавсум якунига тўрт тур қолганида чемпионга айлантирарди. Натижада 10 майга белгиланган класико арафасида бутун Испания бир мавзуни муҳокама қилган бўларди: мадридликлар «Камп Ноу»да чемпионлик йўлаги ташкил этадими?

Мбаппенинг навбатдаги жароҳати туфайли мадридликлар амалда марказий ҳужумчисиз ўйнамоқда. Бу эса табиийки жамоанинг ҳужумкорлигига таъсир кўрсатмоқда ва биринчи бўлимдаги энг ёдда қоларли вазият голли вазият эмас, Мендининг жароҳати бўлди. Деярли бутун мавсумни жароҳатини даволаш ёки формасини тиклаш билан ўтказиб юборган франциялик ҳимоячи 14-дақиқада ўз ўрнини Фран Гарсияга бўшатиб беришга мажбур бўлди.

Танаффусдан кейин эса «Реал» ниҳоят гол урди. Винисиус Гонсало Гарсия билан девор услубида ҳаракат қилиб, керакли вақтда пауза олиш орқали икки ҳимоячини доғда қолдирди ва тўпни дарвоза тўрига йўллади. Бразилиялик ҳужумчининг иккинчи голи ҳам чиройли чиқди – Беллингҳэм унга товони орқали голли пас берди. Бу дублдан кейин Вини «Реал» тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида 14-ўринга (126 гол) кўтарилиб олди. У яна бир аниқ зарба эвазига Фернандо Йерронинг натижасини такрорлаши мумкин. Энг муҳими жамоа каталонияликларнинг чемпионлигини ортга сурди ва класико арафасида азалий рақибига чемпионлик йўлаги ташкил этишига ҳожат қолмади.

Италия: «Интер» муддатидан олдин чемпион

«Интер» – «Парма» 2:0
Голлар:
Тюрам, 45+1 (1:0). Мхитарян, 80 (2:0)
«Интер»: Зоммер, Аканжи, Бастони (Карлос Аугусту, 67), Биссек, Зелински (Мхитарян, 67), Сучич, Барелла (Фраттези, 89), Димарко, Дюмфрис, Тюрам (Мартинес, 67), Эспозито (Бонни, 46)
«Парма»: Судзуки, Троило, Ндиай, Чиркати, Бернабе (Алмквист, 75), Кейта (Ордонес, 67), Николусси Кавиля, Валери (Карбони, 85), Дел Прато, Стрефецца (Серенсен, 75), Пеллегрино (Элфеге, 67)
Огоҳлантириш: Зелински, 64

Италияда ЕЧЛ учун кураш қизимоқда, скудетто ғолиблиги масаласи эса ёпилди. Амалда «Интер» бу мавсумда чемпион бўлишига анчадан буён деярли ҳеч кимда шубҳа қолмаганди, 21-титулни расмийлаштириш учун миланликлар бу турда уйда «Парма»га ютқазмаслиги кифоя эди. Аммо Кристиан Киву чемпионликни чиройли тарзда расмийлаштириш учун майдонга тушди. Меҳмонлар бунга анча вақт қаршилик кўрсатишди, вазиятлардан бирида дарвозабон Судзуки тўсиндан тушган тўпни дарвоза чизиғи устида тўхтатиб қолди. Аммо биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Тюрам япониялик дарвозабонга ҳеч қандай имкон қолдирмади.

Иккинчи бўлимда мухлислар узоқ вақтдан буён жароҳатда бўлган Лаутаро Мартинесни қарши олишди. У қайтишини гол билан нишонлашга яқин эди, лекин унинг зарбасига бироз аниқлик етишмади. Кейин эса Дюмфрис у томонидан яратилган голли вазиятдан фойдалана олмади. Ниҳоят Мхитарян аргентиналик ҳужумчининг пасини голга айлантириб, ўйин тақдирини узил-кесил ҳал қилди – 2:0.

Бу ғалабадан сўнг, бош мураббий Кристиан Киву шогирдлари мусобақа якунига 3 тур қолганида 82 очко тўплади, энг яқин таъқибчи «Наполи» ҳисобида 70 очко бор.

Шу тариқа, «Интер» икки мавсумдан сўнг чемпионлик унвонини қайтариб олди. Миланликлар охирги марта 2023/24 йиллар мавсумда ғолиб бўлган эди.

2025 йил июн ойида «Интер» бош мураббийи бўлган руминиялик мутахассис Кристиан Киву мураббийлик фаолиятидаги илк совринини қўлга киритди. У Жозе Моуриниоодан кейин (2008/09 ва 2009/10 йилги мавсумлар) А Серияда ғалаба қозонган биринчи хорижлик мураббий бўлди. Ўша йилларда Кивунинг ўзи португалиялик мураббий қўл остида «Интер» ҳимоясида ўйнаган. Шундан бери Италия чемпионатида фақат италиялик мураббийлар ғалаба қозонган эди: Массимилиано Аллегри, Антонио Конте, Маурицио Сарри, Стефано Пиоли, Лучано Спаллетти ва Симоне Инзаги.

Италияда скудеттолар сони бўйича «Интер» иккинчи ўринда туради: 21 та титул. Рекордчи – «Ювентус» (36 та соврин). «Милан»да – 19 та.

Киву жамоасида мавсумни олтин дубл билан якунлаш учун ажойиб имконият бор. 13 май куни «нерадзуррилар» Италия кубоги финалида «Лацио» билан ўйнайди.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид