Спорт | 12:07 / 30.04.2026
17455
6 дақиқада ўқилади

«Арсенал» Мадриддан дуранг билан қайтди

«Атлетико» ва «Арсенал» ўйинида голлар фақат пеналтидан урилди. Яна бир 11 метрлик жарима зарбаси эса VAR аралашуви билан бекор қилинди.

Фото: Reuters

Сешанба оқшомида Парижда «ПСЖ» ва «Бавария» ўртасида бўлиб ўтган ёрқин ўйиндан кейин кўпчилик Мадриддаги жуфтлик ўйини жуда зерикарли бўлишини ва ҳар икки жамоа ўта ҳимоявий тактика қўллашини тахмин қилаётганди. Амалда эса ўйинда ҳужумлар ва голли вазиятлар етарлича бўлди, фақат дастлабки яримфинал ўйинидан фарқли ўлароқ, бу ўйинда ҳимоячилар ва дарвозабонлар яхши ҳаракат қилишди, натижада жамоалар фақат пеналти орқали гол ура олишди.

«Атлетико» – «Арсенал» 1:1
Голлар:
Йокереш, 44 - пеналти (0:1). Алварес, 56 - пеналти (1:1)
«Атлетико»: Облак, Ганцко, Пубил, Руджери, Лиоренте, Кардозо (Молина, 88), Коке, Лукман, Симеоне (Ле Норман, 46), Гризманн, Алварес (Баэна, 77)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Инкапие, Уайт (Москера, 86), Райс, Субименди, Эдегор (Эзе, 57), Мартинелли (Сака, 68), Мадуэке (Габриэл Жезус, 68), Йокереш (Троссар, 68)
Огоҳлантириш: Ганцко, 78

«Арсенал» ўйиндан олдин УЕФАдан «Метрополитано» стадионидаги майса баландлигини ўлчаб кўришни сўради. Майса баландлиги эса 26-30 миллиметр чиқди – бу нормадан юқори. Ўйин бошланганида эса мезбонлар майсани кўпроқ суғориб қўйишгани маълум бўлди – футболчилар майдонда тез-тез тойиб кета бошлашди.

Ўйиннинг катта қисми тенг курашлар остида кечди: мухлислар кўплаб зарбалар ва паслар блокланиши, тиғиз ҳимоя ва позицион ҳужумларга, шунингдек, стандарт вазиятларга гувоҳ бўлишди.

Биринчи бўлим охирларида «Арсенал» ҳисобда олдинга чиқиб олди. 42-дақиқада мадридликлар ҳимоячиси Давид Ганцко жарима майдони ичида Виктора Йокерешни ортдан туртиб йиқитди, швециялик форвард газонга қулади.

Ўйин бош ҳаками Данни Маккели 11 метрлик нуқтани кўрсатди ва жабрланувчининг ўзи Ян Облак дарвозаси томон қайтариб бўлмас зарба йўллади.

Виктор Йокереш биринчи бўлимда тўпга жами 10 марта тегинди (Opta маълумотига кўра, барчадан камроқ), аммо ўз мақсадига эришди. У ЕЧЛ яримфиналида гол урган илк швецияликка айланди. Златан Ибраҳимович чоракфиналдан кейинги босқичларда ура олмаган: 2010 йилда «Барселона» сафида «Арсенал» дарвозасига дубл қайд этган, «ПСЖ» сафида 2013 йилда «Барса» дарвозасига ва 2016 йилда «Сити» дарвозасига голлар урган.

Танаффусдан кейин эса мадридликлар ўйинни кучайтиришди ва вақти-вақти билан «Арсенал»ни жарима майдонига қамаб қўя бошлади. 56-дақиқада эса ҳисоб тенглашди – яна пеналтидан. Маркос Лиоренте жарима майдони ташқарисидан тўпни тўхтатмай зарба берди, тўп газондан аввал Бен Уайтнинг тиззасига, у ердан билагига борди.

Бош ҳакам аввалига пеналти белгиламаганди, аммо VAR унинг қарорини ўзгартирди. Хулиан Алварес нуқтада адашмади – 1:1. Бу аргентиналик ҳужумчининг Чемпионлар лигасидаги 14 ўйинда урган 10-голи бўлди – бунақа сермаҳсуллик «Атлетико» тарихида илк бор кузатилмоқда. Бу мавсумда фақат Ҳарри Кейн (13) ва Килиан Мбаппеда (15) кўпроқ. Аммо Алварес ўйин давомида Эберечи Эзе билан тўқнашув вақтида жароҳат олди ва ўйинни давом эттира олмади. У жавоб ўйинида қатнашиши ҳам сўроқ остида.

Ўйин охирларига яқин «Арсенал»да иккинчи пеналти учун имконият юзага келди. Ганцко бу сафар жарима майдони ичида Эзенинг оёғини босиб олди, инглиз ҳужумчиси тўпга биринчи бўлиб улгурганди ва ҳакам дарҳол 11 метрлик нуқтани кўрсатди.

Аммо видеоассистентлар билан узоқ маслаҳатлашувдан кейин қарорини ўзгартирди.

Ўйиннинг қолган қисмида дарвозалар дахлсизлиги сақланиб қолди.

«Арсенал» ҳамон ЕЧЛда мағлубиятга учрамаяпти. Ва жуда кам гол ўтказмоқда

Лондонликлар бу мавсумда ишончли ўйнашга урғу қаратмоқда.

● «Арсенал» ЕЧЛда ҳали ютқазмади. Умумий гуруҳ босқичида саккиз ўйинда саккиз ғалаба қайд этилганди. Плей-оффда дуранглар қайд этилиши бошланди, аммо бу соврин сари юришни давом эттиришга халал бермаяпти. Сафардаги дуранг ҳам навбатдаги қадамга айланди.

● «Арсенал» ЕЧЛ плей-оффида атиги иккинчи бор гол ўтказиб юборди. 1/8 финалнинг биринчи ўйинида «Байер» майдонида ҳам 1:1 ҳисоби қайд этилганди, жавоб ўйини мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. «Спортинг» эса лондонликлар жамоасига икки ўйинда ҳам гол уролмади.

● «Арсенал» ЕЧЛда «Атлетико»дан илк бор гол ўтказди. Лондонликлар жорий мавсумда гуруҳ босқичида ўз майдонида кечган ўйинда 4:0 ҳисобидаги ғалабага эришганди. Ундан олдин жамоалар фақат 2017/18 йиллар мавсумида Европа лигасида тўқнашганди.

● Апрел ойи «Атлетико» учун оғир кечди: жамоа сўнгги ўн ўйинда 6 бор ютқазди. ЕЧЛда «Тоттенҳэм» ва «Барса»га қарши жавоб ўйинларида мағлубият қайд этилди, аммо икки ҳолатда ҳам икки ўйин натижасига кўра кейинги босқичга ўтди.

● «Арсенал»нинг вазияти ҳам мадридликларникидан яхшироқ эмас: жамоа сўнгги саккиз ўйинидан тўрттасида мағлуб бўлган. Аммо шундан иккитаси Англия лигаси кубоги ва Англия кубоги каби иккинчи даражали турнирларда қайд этилган, яна икки мағлубият туфайли жамоа АПЛдаги пешқадамликни хавф остида қолдирган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид