Ўзбекистон | 18:22 / 06.08.2022
16055
3 дақиқада ўқилади

Чилонзорда йўл кенгайтириш ишлари сабаб юздан ортиқ дарахтга зарар етказилди

Тошкент шаҳри расмийлари автомобиллар 4 қатор бўлиб юрадиган Чилонзор кўчасини яна ҳам кенгайтиришга қарор қилди. Оқибатда кўчанинг икки бетидаги кўп йиллик дарахтлар хавф остида қолди. Қатор дарахтлар яшаб қолмаслиги мумкин. Таъкидлаш керак, йўлларни кенгайтириш тирбандликларни камайтиришга ёрдам бермаслигини аввалроқ президент ҳам айтган эди.

Фото: Kun.uz

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Чилонзор кўчаси автомобиллар ҳаракати учун кенгайтирилиши асносида юздан ортиқ кўп йиллик дарахтга зарар етказилди.

Аксариятини эман ташкил этувчи дарахтлар илдизларининг бир қисми қўпориб ташланди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бирламчи тафтишда дарахтлардан камида 7 таси жиддий зарарлангани, 99 та дарахтда шикастланиш хавфи борлиги аниқланган.

Фаолларнинг аралашувидан кейин воқеа жойига бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов ва Президент администрацияси ходимлари етиб келди.

Фото: Kun.uz

Жамоатчилик эътирози билан йўл торайтириладиган, йўлқурувчи компанияга чора кўриладиган бўлди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев лойиҳачиларга танбеҳ берди. Нарзулло Обломуродов эса пудратчилар устидан очилган иш бугуноқ Бош прокуратурага оширилишини айтди.

Фото: Kun.uz

Ҳозирча зарар миқдори 261 млн сўмга баҳоланмоқда. Экоқўм раҳбарининг Kun.uz мухбирига айтишича, шикастланган дарахтлар сони ва етказилган зарар миқдори қайта ҳисоблаб чиқилади. У дарахтларга тезда агротехник чоралар билан ишлов беришга кўрсатма берди.

Экология ходимларининг айтишича, йўлни кенгайтириш бўйича лойиҳа экологик экспертизадан ўтказилмаган. Шаҳарда бу амалиёт кўп ҳам қўлланавермайди, чунки бу мажбурий тартиб эмас.

Айни ҳолат Ўзбекистон бўйлаб дарахт кесишга қўйилган мораторий фонида рўй бермоқда.

Қолаверса, шаҳарларда, хусусан Тошкентда ҳам автомобил йўлларини кенгайтириш фаол давом эттирилмоқда, ваҳоланки, жаҳон тажрибасида бу кутилган натижани бермаслиги аллақачон аён бўлган.

Автомобил йўлларини кенгайтириш тирбандликларни камайтиришга ёрдам бермаслиги ҳақида президент Шавкат Мирзиёев ҳам бир неча ой олдин айтган эди.

“Йўлни кенгайтириш билан тирбандлик муаммосини ҳал этиб бўлмайди. Жамоат транспортига устунлик бериш керак. Дунё тажрибасига қаранглар”, – деганди давлат раҳбари.

2022-2026 йилларга мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурига биноан, 5 йил давомида республика бўйлаб 1 898 км йўлнинг қатнов қисмини кенгайтириш белгиланган. Хусусан, Тошкент шаҳрида 2026 йил охиригача 58 км йўл кенгайтирилиши, 11 та янги йўл ўтказгич қурилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид