Ўзбекистон | 10:09 / 22.08.2022
17907
2 дақиқада ўқилади

1 сентябрдан бошлаб фуқароларга ички туризм учун кешбэк тўланади

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси ҳамкорлигида «Кешбэк» тизими тақдим этилади.

Фото: Kun.uz

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида «Саёҳат қил ва кешбэк ишла» шиори асосида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга оширган Ўзбекистон фуқароларига харажатлари бир қисми қайтариб берилади.

«Саёҳат учун кешбэк» платформаси билан ишлаш осон. Бунинг учун:

Soliq.uz мобил иловасини юклаб олиш;

  • мобил илова хизматидан фойдаланиш учун FaceID орқали шахсни тизимда тасдиқлаш;
  • саёҳат йўналишини ва бошланиш санасини танлаш;
  • кешбэкларни йиғиш учун фискал чекларни сканерлаш орқали авиа, темирйўл ёки автобус билетларини иловага киритиш;
  • мароқли саёҳатдан сўнг «Саёҳатни тугатиш» тугмасини босиш ва йиғилган кешбэк суммаларини шахсий маҳаллий банк пластик картасига ўтказиш лозим.

Кешбэк тизими Давлат солиқ қўмитаси махсус мобил иловаси билан интеграция қилинган бўлиб, харажатлар ҳаққонийлиги мобил илова ёрдамида текширилиб, харид чеки матрицали штрих кодини (QR-код) ҳамда маҳаллий туристлар доимий яшаш жойларини кўрсатиш орқали саёҳатлар рўйхатдан ўтказилади.

Саёҳат харажатларини қайтариш саёҳат қилиш давомида бир вақтнинг ўзида қуйидагилар назарда тутилганда амалга оширилади: авиа, темирйўл ва автобусдан фойдаланиш; жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланиш; маданият ташкилотларига ташриф буюриш.

Саёҳат харажатларини қайтариш ҳар бир туристга қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:

  • авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархи 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • темирйўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархи 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажати 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархи 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.

Саёҳат харажатлари фақатгина платформа орқали амалга оширилган ички саёҳатлар учун унинг якуни билан маҳаллий туристлар банк карталарига қайтарилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид