Ўзбекистон | 16:40 / 25.09.2024
20698
6 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ҳоким ёрдамчиси фуқаролар номига кредит олиб, йўқолиб қолди. Бунга шахс айбдорми ёки тизгинсиз тизим?

Kun.uz'га мурожаат йўллаган фуқароларнинг билдиришича, ҳозирда банк ходимлари уларга кредит қарздорлигини тўлаш мажбуриятини қўймоқда. Одамларнинг ўзлари эса номларига кредит олинганидан бехабар. Айтишларича, “сумма катта, миллиардлар ҳақида гап боряпти”.

Узун туманидаги Чақар маҳалласида яшовчи бир нечта фуқаро Kun.uz’га мурожаат қилиб, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Жаҳонгир Раҳмонов уларнинг номларига кредит олганини билдирди. Мурожаатчиларнинг маълум қилишича, бугунга келиб банк ходимлари уларни “емаган сомсага пул тўлашга” мажбурламоқда.

Қишлоғимизга банк ходимлари келиб, кўпчиликка кредитларинг бор, тўланглар, дейишди. Одамлар ҳайрон. Кейин билсак маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси номимизга кредит олиб, тўлаб келаётган экан. Аммо шу кунларда ҳоким ёрдамчиси йўқолиб қолган. Банк ходимлари энди одамлардан пул сўраяпти. Сумма катта, айтишларича миллардлар ҳақида гап кетяпти”, дея таъкидлайди мурожаатчилардан бири.

Масалан, Чақар маҳалласида яшовчи, 1974 йилда туғилган Ойдин Бердиева номига 2022 йил сентябр ойида 3 йил имтиёзли давр билан 7 йил муддатга йиллик 14 фоизлик кредит ажратилган. Кредит суммаси 31 млн 178 минг сўмни ташкил қилади. Онлайн равишда расмийлаштирилган кредит фуқарога иссиқхона йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун берилган. Шартнома электрон калит орқали имзоланган.

Ҳоким ёрдамчиси Жаҳонгир Раҳмонов таъминотчи томонидан маҳсулот етказиб берилганини мониторинг қилиш бўйича 40-сонли далолатномани имзолаб, электрон тизимга бириктирган. Унда маҳсулот сифатли етказиб берилгани, кредит ажратилиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилган.

“Маҳсулот (хизмат) етказиб бериш бўйича Ягона электрон платформада яратилган «маркетплейс» тизимида “KAMRONBEK OZODBEK SARDORBEK” МЧЖ билан 07.09.2022 йилда 677662-сонли 31 100 000 сўмлик (Иссиқхона) шартнома тузилган.

Етказиб берилган маҳсулот (хизмат) учун 09.09.2022 йилда 5-сонли электрон ҳисобварақ-фактура имзоланган ва аризачи томонидан қабул қилинган.

Ҳоким ёрдамчиси томонидан шахсан аризачининг фаолият жойига бориб ўрганилганида маҳсулотлар (хизматлар) тўлиқ ва сифатли етказиб берилгани ҳамда аризачи тўлиқ қониқиш ҳосил қилгани аниқланди.

Жойига чиқиб ўрганиш натижасида маҳсулот (хизмат) аризачига тўлиқ миқдорда ва сифатли етказиб берилгани тасдиқланди ва кредит шартномаси шартларига тўлиқ мос келади, ушбу маҳсулотлар (хизматлар) пулини кредит ҳисобидан тўлаб бериш мақсадга мувофиқ”, дея кўрсатилган далолатномада.

Аммо номига кредит олинганидан фуқаро Ойдин Бердиеванинг хабари бўлмаган. Қолаверса, унинг хонадонига қурилмаган иссиқхона ҳоким ёрдамчиси томонидан қурилди дея далолатнома қилинган.

Бугунги кунда “Агробанк” АТБ Узун туман филиали бошқарувчиси номидан кредитнинг муддати ўтган фоиз қарздорлигини тўлаш бўйича фуқарога талабнома жўнатилган. Унда қарздорликни 10 кунлик муддатда тўлиқ тўлаш талаб қилинган.

Ушбу ҳолат юзасидан Ойдин Бердиева ҳоким ёрдамчиси Жаҳонгир Раҳмоновга, банк ходими ва таъминотчига нисбатан қонуний чора кўришни сўраб туман прокурорига мурожаат қилган.

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Жаҳонгир Раҳмоновнинг телефон рақамига қўнғироқ қилди. Бироқ алоқа йўқлиги туфайли у билан боғланиш имкони бўлмади.

Лавозими билан боғлиқ ҳолда содир этилган жинояти фош бўлаётган касб вакиллари орасида ҳоким ёрдамчилари етакчилик қилмоқда десак адашмаган бўламиз. Охирги 1 йилда қулоққа чалинган айрим ҳолатлар шунга ишора қилмоқда.

Масалан:

- Қашқадарёда ҳоким ёрдамчиси 1 млрд сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилишда гумонланмоқда;

- Сурхондарёда ўзгалар номига 132 млн сўм кредит олган ҳоким ёрдамчиси аниқланди;

- Тошкент ва Жиззахда ҳоким ёрдамчилари пора билан ушланди;

- Жиззахда 55 нафар ҳоким ёрдамчиси маъмурий жавобгарликка тортилди;

- Сурхондарёда ҳоким ёрдамчиси сохта ҳужжат расмийлаштириб, қарийб 700 млн сўмни ўзлаштирди;

- Оҳангаронда ҳоким ёрдамчиси 15 минг доллар билан ушланди;

- Андижонда ҳоким ёрдамчиси 7 млн сўм пора билан ушланди;

- Бухорода ҳоким ёрдамчиси ўзгалар номига кредит расмийлаштиргани аниқланди.

Ҳоким ёрдамчиси институти миссиясини бажариб бўлмадими?

Иқтисодчи Отабек Бакиров шундай ёзади:

“Пайдо бўлганининг учинчи йилига келганида ҳоким ёрдамчилари яна бир бор, бу сафар учинчи марта вазирлик бўйсунувини ўзгартирмоқда.

Аввалроқ, шу йил ёзда камбағалликни қисқартириш билан боғлиқ вазифалар ижтимоий ҳимоя тизимига уйғунлашиши эълон қилингач, микроменежментга асосланган ҳоким ёрдамчилари институти ўрнини ижтимоий ҳимоя билан машғул профессионаллар эгаллайди, деган умид пайдо бўлганди.

Лекин бу сафар ҳам, гарчи Маҳаллабай агентлиги тугатилаётганига қарамай (ниҳоят тўғри қарор), 8 мингга яқин ҳоким ёрдамчилари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ўтказилмоқда.

Мен тушунаман, ҳоким ёрдамчилари орасида яхши собиқ банкирлар, яхши собиқ солиқчилар, молиячилар бор. Улар ўзларини ўзларининг соҳасида кўпроқ реализация қила олган бўларди деб ўйлайман. Кимдир ўтган 3 йилда тайёр тадбиркорга айланди. Шу билан бирга вазият 3 йил аввалгидек ҳам эмас. Ижтимоий реестр базаси аллақачон шаклланган, ер ва мулк кадастри, автомобил, кредит тарихи, солиқ, МИБ, суғурта, ижтимоий ёрдамлардан тортиб шахс, унинг телефон ва ижтимоий тармоқлардаги хулқ-атворигача ахборотларни жамлаш ва қайта ишлаш имкони пайдо бўлди. Яъни рақамлаштириш қамрови ва чуқурлиги камбағаллик билан боғлиқ ахборотларни инсон иштирокисиз қайта ишлашга имкон беради.

Шу билан бирга юқори даражада коррупциялашган занжирларнинг энг қуйи бўғинида қолган ҳоким ёрдамчилари воситачи ва навбатчи айбдорга ҳам айланиб бормоқда.

Балки мана энди ҳоким ёрдамчиларига 3 йиллик меҳнатлари учун раҳмат айтиб, озодликка қўйиб юбориш пайти келгандир?”

Мавзуга оид