19:28 / 25.01.2023
20938

Энергетика вазири келгуси куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича учта режани айтди

Чеккароқ ҳудудларда кўмирда ишловчи қўшфункцияли иссиқлик марказлари қурилиши кутиляпти: улар ҳам иссиқлик узатади, ҳам электр ишлаб чиқаради. Қуёш фотоэлектр станцияларини тезроқ қуриш учун лойиҳалар тендерсиз танланиши мумкин. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ва иссиқхоналар кўмирга ўтказилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ҳукумати кейинги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича бир нечта йўналишлардаги режаларни ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бугун, 25 январ куни журналистлар билан суҳбатда маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Вазирнинг айтишича, газ етарли бўлган тақдирда ҳам бунақа қаттиқ совуқ вақтларида қувурларда барибир босим тушади, шунинг ҳисобига чекка ҳудудларга газ етиб бормай қолади. Бунинг ечими сифатида бу ҳудудларда икки функцияли иссиқлик марказларини ташкил этиш режаси кўриб чиқиляпти: бу марказлар кўмирда ишлаб, ҳам иссиқлик узатади, ҳам электр энергияси ишлаб чиқаради.

Иккинчидан, ҳукумат қуёш энергиясидан фойдаланишни сезиларли оширишни мўлжалламоқда. Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, ўтган аномал совуқ кунларда ҳам, ҳатто қиш вақтида кун қисқа бўлишига қарамай, мавжуд қуёш станциялари 98 фоизгача қувватда ишлай олган.

Қуёш фотоэлектр станцияларини тезроқ қуриш мақсадида компаниялар тендерсиз танлаб олиниши мумкин. Бунда инвесторларга электр энергияси давлат томонидан фақат охирги тендерлардаги нархлардан (2,8 цент) оширилмаган нархларда сотиб олиниши шарти қўйилади.

Энергетика вазирлиги раҳбари учинчи ечим чораси сифатида кўп газ ёқадиган саноат корхоналари (қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар ва иссиқхоналар – улар умумий газ истеъмолининг 8-10 фоизини ташкил этади) кўмирга ўтказилишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча бош вазир Абдулла Арипов ўтказган селекторда ҳам кутилаётган айрим чоралар ҳақида айтиб ўтилган эди:

Top