Жамият | 16:44 / 18.09.2021
6089
2 дақиқада ўқилади

Журналистлар ўртасида шахмат турнири бўлиб ўтди. Ғолиб - «Муштум» вакили

Жорий йил 18 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб 30 нафар журналист ва блогерлар ўртасида шахмат турнири бўлиб ўтди. 

Kun.uz сайти ҳомийлигида, Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида бўлиб ўтган бу турнир швейцарча услубда, 10+0 вақт тартибида ўтказилди ва 7 тур якунларига кўра ғолиблар аниқланди. Мусобақа регламентига кўра энг юқори балл жамғарган 3 нафар иштирокчилар ғолиб деб топилди. 

Биринчи ўрин, қатор совғалар ва 1,5 млн сўм мукофотини “Муштум” журналининг кўп йиллик муҳаррири Носиржон Тошматов эгаллади.
Иккинчи ўринни таниқли ижодкор Муродулла Холиёров қўлга киритиб, ҳомийлар томонидан тақдим этилган 700 минг сўм совринга эга бўлди.
Учинчи ўринни фахрий журналист Асрор Мўминов эгаллади ва эсдалик совғалар билан биргаликда 300 минг сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Шу билан бирга аёл-қизлар орасида ягона иштирокчи, ЎзА мухбири Дилобар Маматова мусобақанинг махсус совринига эга бўлди.

Мусобақадан кейинги суҳбатда журналист-ижодкорларнинг бу турнири қадим тарихга эга эканлиги, унда Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов каби забардаст инсонлар иштирок этганлари ёдга олинди. 

Сўнгги йилларда “Маърифат” газетаси шафелигида ўтказиб келинган бу мусобақа келгуси сафар “Ишонч” газетаси ҳомийлигида ўтказилишига келишиб олинди. 

Шунингдек, Журналистлар уюшмаси томонидан Марказий Осиё журналистлари ташкилотларига халқаро турнир ўтказиш ташаббуси билан чиқиладиган бўлди.

Мавзуга оид