Ўзбекистон | 22:51 / 08.02.2021
14073
3 дақиқада ўқилади

Президент Андижон ва Тошкент вилоятларидаги инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни Андижон ва Тошкент вилоятларидаги инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Расмий релизга кўра, Андижон вилоятида бу йил умумий қиймати 1,4 миллиард доллар бўлган 616 та лойиҳа фойдаланишга топширилади.

Соҳалар кесимида айтганда, уларнинг 258 таси саноат, 185 таси хизмат кўрсатиш, 173 таси қишлоқ хўжалиги тармоқларида. Буларнинг натижасида қарийб 10 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилиб, 95 миллион долларлик импорт ўрнини босиш ҳамда 265 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади. 61 мингта янги иш ўрни очилади.

Масалан, «Тетратекс» МЧЖ Балиқчи туманида тўқимачилик комплексини ташкил қилмоқда. 2021–2022 йилларда тўрт босқичда амалга оширилиши режалаштирилган бу лойиҳанинг жами қиймати 126 миллион евро. Корхона ип-калавадан бошлаб тайёр трикотаж маҳсулотларигача бўлган жараёнларни қамраб олади. 2021 йил охирида ишга тушириладиган 1-босқичда 2,5 мингта, барча босқичлар якунида эса 10 мингта иш ўрни яратилади.

Бу каби лойиҳалар бўйича жадал иш олиб бориш билан бирга янгилари ҳам шакллантирилмоқда. Масалан, Андижон вилоятида умумий қиймати 782 миллион доллар бўлган 53 та янги инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Тақдимотда бу лойиҳаларнинг истиқболлари, молиялаштириш манбалари ва инфратузилма масалалари юзасидан маълумот берилди.

Тошкент вилоятида бу йил 355 та лойиҳа ишга туширилади. Умумий қиймати 1,6 миллиард доллар бўлган мазкур проектларнинг 198 таси саноат, 81 таси хизмат кўрсатиш, 76 таси қишлоқ хўжалиги соҳасидадир. Буларнинг самарасида қарийб 35 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш қуввати яратилиб, 13 минг кишининг бандлиги таъминланади. 48 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи ва 42 миллион долларлик экспортбоп маҳсуот ишлаб чиқарилади.

Бундан ташқари, вилоятда 187 та янги инвестиция лойиҳаси режалаштирилмоқда. Тақдимотда уларнинг энг йириклари тўғрисида тўхталиб ўтилди.

uW9c86g6DqyBwu_dgzdXsIrw4rRpJZ8q.jpg (1280×853)

Масалан, «Metal produkt» МЧЖ 25 миллион доллар эвазига Оҳангарон шаҳрида металл маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Унинг қуввати йилига 60 минг тонна бўлади. 2021 йил май ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган корхонада 150 киши иш билан таъминланади.

«Ангрен» эркин иқтисодий зонасида велосипедлар, Қибрай туманида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳам тақдим этилди.

Мавзуга оид