Жанубий Кореяга меҳнат миграцияси коррупцион схемага айлантириб бўлинган, энди навбат Япониягами?
Охирги йилларда қилинган саъй-ҳаракатлар натижасида 20 мингдан ошиқ ўзбекистонликни Японияга – ривожланган мамлакатга ишга жўнатишга имконият пайдо бўлди. Ва бу имкониятни яратиш учун якка шахслар “ўлиб-тирилиб” ҳаракат қилди, титаник куч сарфлади, аммо ишлар энди йўлга қуйилган пайтда, кимдир уларнинг меҳнати маҳсулини ўзига олмоқчи, ўзи ўрганган усуллар билан... Оқибатда эса Япония иш бозори Ўзбекистон учун ёпилиши мумкин. “Бўрилар” сабаб...
Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин тизимли ислоҳотлар йўлидан бормагани учун, 5-6 миллион кишиси меҳнат мигрантига айланди. Чунки айнан тизимли ислоҳотлар ишчи ўринларини юзага келтиради, буйруқ ёки топшириқлар эмас. Ўзбекистон эса аслида ишчи юборувчи эмас, аксинча, ишчи жалб қилиш потенциалига эга бўлган мамлакат.
Меҳнат миграцияси бизда икки йўналишга бўлинди. Бир йўналиш бу – малакасиз ишсизлар ривожланаётган мамлакатга йўл олди ва улар учун арзон ишчи кучи вазифасини ўтади. Бу билан улар ўзга мамлакатларни ривожлантирди. Ўзбекистонда эса бутунбошли соҳалар таназзулга учради. Иккинчи йўналиш – малакали, қимматли кадрлар ривожланган мамлакатларга кетди ва ўша мамлакатларни кадрлар билан бойитди. Ўзбекистон эса деярли кадрларсиз қолди. Зеро, яхши кадрлар ислоҳ қилинмаган мамлакатларда қолмайди, вой десангиз ҳам, дод десангиз ҳам шу.
Россияга миллионлаб малакасиз ишчилар қандай кетганини, кетаётганини, улар у ерда аксар руҳан тушкун аҳволда ишлаб келаётганини яхши биламиз. Бу ҳақида кўп гапирдик. Аммо бир пайт келиб, яна бир йўналиш пайдо бўлди, бу – Жанубий Кореяга ишчи жўнатиш. Бу соҳа давлат идорасига юкланди ва одатдагидек, каттакон коррупцион схемага айланди: Жанубий Кореяга бориш учун содда одамлар қандайдир “ёрдам берувчилар”га пул бериб келишди. Ва уларга бериладиган пул миқдори ошиб бораверди.
Ҳеч кимга сир эмасди – бу пуллар Тошкентга қараб йўл оларди. Зеро, айнан пул берганлар Кореяга кетиш имконини қўлга киритарди.
Янги давр келди, бу соҳани ислоҳ қилишга киришилди. Нималардир қилинди, аммо содда одамлар ҳамон Жанубий Кореяга ишга кетиш учун пул беришяпди. Ҳозирда бу норасмий рақам 15 минг долларни ташкил қилади. Бунча пули бўлмаганлар-чи? Улар “ёрдамчилар”нинг ҳисобидан кетади ва Жанубий Кореяга бориб олгандан кейин уларга 25 минг долларгача ишлаб бериши керак бўлади.
Энди вазиятга тепадан қараймиз-да, ўйлаб кўрамиз: ўзи ночор, ишсиз, ишлаб оиласини таъминлашни ният қилган одамлар нега ишлашга бориш учун бунча пул тўлашга мажбур бўляпди? Ва яна ўша табиий савол: бу пуллар кимларнинг чўнтагига етиб боряпди?
Биз Жанубий Корея бизнеси ҳақида ҳали гаплашамиз, ҳозир эса Жанубий Кореядан ташқари, Японияга ишчи юбориш соҳасини ҳам кимдир ўз қўлига олаётгани аломатлари ҳақида гаплашамиз.
Япония йўналишида ҳам коррупцион тизим ташкиллаштирмоқчи бўлишаётгани ҳақида гапиришдан олдин, 2020 йилда Ўзбекистондан Япония ишга кетиш, жўнатилиш механизми қандай ташкиллаштирилганига эътибор қаратамиз.
Японияга ишга бориш механизмини сифатли, очиқ ва шаффоф қилиш мақсадида 2020 йилда давлат раҳбарининг 4829-сонли қарори ва топшириғи билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 100 йиллик тарихга эга бўлган Япониянинг “Nippon Educational Academy Japan” институтини таклиф қилди ва япон тили махсус малака тест маркази ташкил этилди. Бу ерда Япониянинг “Nippon Academy” институтининг 7 нафар япониялик ва 15 нафар маҳаллий ўқитувчилари Японияда олиб қайтган тажрибалари асосида дарс беришади.
Курслар 2 семестрдан иборат бўлиб, 6 ойга мўлжалланган. Одатда Японияда бундай курсларда ўқишнинг контракт тўлови 4 минг долларни ташкил этади. Бу ерда эса битирув ҳужжатини сарф-харажатсиз, имтиёзли тарзда қўлга киритиш имкони мавжуд. Ўқиш давомида тилни тез ўзлаштирган номзодларга бирйўла иш берувчи билан суҳбат танловларида иштирок этиш имконияти ташкиллаштирилган.
Масами Шимузу, “Nippon Educational Academy Japan” президенти:
“Ўзбекистондан япон тили ва касбий таълим асосларини ўқитиб бериш билангина чекланиб қолмасдан, биз иш берувчи компанияларда ишчиларнинг корпоратив этикаси, Япония қонун-қоидалари, ишчининг меҳнат ҳуқуқи, Японияда адаптация жараёнидаги кўникмалар алоҳида дарслик сифатида киритилган. Ўзбекистон президенти билан бўлган online мулоқотимиздан кейин биз катта мотивация олдик ва Японияда иш излаётган ўзбекистонликлар ҳамда Ўзбекистон меҳнат кучига қизиқаётган япон иш берувчилари учун бепул иш билан таъминлаш платформасини ишга тушириш арафасидамиз. Бу платформа Ўзбекистонда илк бор япон тилини ва касб малака сертификатига эга бўлган номзодларга Японияда иш берувчи билан тўғридан тўғри воситачиларсиз меҳнат шартномасини тузиш имконини беради. Шу билан бирга яқин кунларда биз Ўзбекистондаги “Япон тили ва касбий малака тести тайёрлов маркази” билан ҳамкорликда япон тилини ўрганувчиларга ўзбек тилида япон тилини ўрганиш мобил иловасини ҳам тақдим қиламиз. Бу мобил илова Ўзбекистон учун мўлжалланган”
Махсус малака тестларидан ўтган номзодлар ишлаш ҳуқуқини берувчи махсус малакали ишчи мақомига эга халқаро сертификатни қўлга киритишади. Япон иш берувчилари томонидан тан олинган Tokuteiginou малака тестлари шаффоф ва адолатли бўлишини таъминлаш, шунингдек, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида жараён Япониянинг адлия вазирлиги ва иммиграция сиёсати агентлиги томонидан қатъий назоратга олинган.
Японияга боргандан кейин номзодлар адаптацион машғулотларда 1 ой тайёрланади ва сўнг ишга тушади. Бу вақт оралиғидаги ҳамма харажатлар иш берувчи томонидан қопланади.
Янги тизимнинг эътиборли тарафлари: касб ва тилга тайёрловчи таълим ташкилоти, жўнатувчи ташкилот, шунингдек малакани баҳоловчи, яъни тест олувчи ташкилот ва қабул қилувчи ташкилотлар ўзига тегишли функцияларни бажарувчи ягона ғилдирак мисоли. Аммо юридик жиҳатдан бир-бирига боғланмаган, яъни тизим коррупцион занжир ва манфаатлар тўқнашувидан холи.
Аммо…
“Аммо”га ўтишдан аввал, Японияга кетиш бўйича 2020 йилда ташкиллаштирилган механизм қандай йўлга қўйилганига назар соламиз.
Ҳозирги кунда Японияда ишлашни истаган фуқаролар 2 та дастур бўйича тайёрланиш имкониятига эга:
- техник малакани оширувчи дастур – стажёр тайёрлаш,
- махсус малакали ишчи тайёрлаш дастури.
Иккинчи дастур янги бўлиб, 2019 йилда Япония ҳукумати томонидан жорий қилинган ва 2025 йилгача чет элдан 400 мингга яқин меҳнат ресурсини Японияга жалб қилишга қаратилган. Махсус малака дастури бўйича кетиш тартиби қуйидагича:
- Кетишгача муддат 1 йил, тестлардан муваффақиятли ўтса.
- Маош 1800-2000 доллардан юқори, чегараланмаган.
- Ишни алмаштирса бўлади.
- Виза бериш 10 йилгача.
- Оила билан бирга борса бўлади.
- Фуқаро иш берувчи билан тўғридан тўғри шартома қилиши мумкин.
Японияга махсус малакали ишчи бўлиб кетишнинг асосий шарти – тестлардан муффақиятли ўтиш. Шунда сиз иш берувчи билан тўғридан тўғри шартнома қилишга ҳақли бўласиз. Орада ҳеч қандай воситачилар бўлмайди.
Бу дастурда юборувчи мамлакатдан бирор бир жўнатувчи ташкилотни восита қилиши белгиланмаган. Ўзбекистон қонунчилигига ҳам бу тўғри келади.
Техник малака дастури бўйича кетиш тартиби қуйидагича:
- Кетишгача муддат 7-8 ой.
- Маош $1000-1200дан бошланади.
- Фуқаро бу дастур билан хусусий бандлик агентлиги ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали кетиши мумкин.
- Ишни ўзгартириш мумкин эмас.
- Виза 3 йилгача.
- Оилани олиб бориб бўлмайди.
Япониянинг Адлия вазирлиги сайтида келтирилишича, Ўзбекистон фуқаролари 3 хил йўл билан Японияга бориш имкониятига эга:
- Хусусий бандлик агентликлари орқали.
- Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали.
- Ўзлари тест топшириб, тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали (бу Ўзбекистон Республикасининг меҳнат қонунчилигига ҳам мос келади; яъни, 2018 йилда чет элга ишлаш учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан рухсатнома олиш тартиби президентнинг махсус қарори билан бекор қилинган).
Ана энди Япония йўналишида ҳам Корея йўналиши сингари қандай коррупцион тизим йўлга қўйилаётгани ҳақида.
Юқорида Япония томонидан тасдиқланган 2 та дастур тартибини кўрсатиб ўтдик: жуда осон, соддалаштирилган, билим бўлса ҳеч қандай тўсиқларсиз кетиш имконияти. Тестларга на вазирлик, на ўқув ташкилоти ва на Ташқи миграция агентлиги аралаша олмаслиги мазкур тизимни шафоф, тоза ва фуқаролар учун қулай қилади.
Дилафруз Икромова, мазкур механизмни яратишда икки давлат орасида тегишли давлат органлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш билан бир қаторда, Японияга ишчилар малакасини оширишга қаратилган инфратузилмани шакллантириш бўйича ташаббус кўрсатиб, ёрдам берган. 15 йил Японияда яшаган, япон, инглиз, турк, рус тилларини билади. Тошкент Давлат шарқшунослик институти ҳамда Тоkio Soka унверситетларини тамомлаган. Бир қанча йирик япон компанияларида муҳим ўринларда ишлаб келган. 2020 йилда “Nippon Educational Academy МЧЖ” директори, 2021 йилда япон тили ва касбий малака тест маркази Япония-Ўзбекистон қўшма корхонаси директори:
“Фаолиятимизни бошлаганимизда бизга ишончсизлик билан қаралган эди. 2021 йил октябр ойида президентимиз Навоий шаҳридаги мономарказга ташриф буюрганларида биринчи бизнинг марказга кирдилар, очилишида иштирок этдилар, “Nippon Academy” президенти билан онлайн платформамиз орқали мулоқотда бўлдилар, биздан марказ тузилиши мақсадини сўрадилар.
Асосий вазифа – икки давлат ўртасида имзоланган меморандумни юзага чиқариш учун механизмни, тузилмани яратиш, фуқороларимизга Япониядек ривожланган мамлакатда имтиёзли ишлаш имкониятини яратиш эканини айтдик.
Оқибатда шунақа тизим яратилдики, бориш ҳаражатлари 10 млн сўмга ҳам етмайди. Президентимиз белгилаб берган чора-тадбирларга асосан, тест харажатлари ҳам қайтариб бериладиган бўлди.
Шунда президент: “қийин ишни бошлагансиз, фақат, чарчаб, тўхтаб қолманг” дедилар. Мана энди тушуняпман, билган эканлар... Ҳозир, ҳар куни эрталаб уйғонганимда “чарчаб қолмаслигим керак, чарчаб қолмаслигим керак” дейман ўзимга. Лекин, чарчаяпмиз.
Мухбир: Нима сизларни чарчатяпти?
Биз вазирлик, агентлик ва “Nippon Academy” ўртасида тузилган меморандум, келишувни тўлақонли бажараяпмиз деб ўйлайман. Инфратузилмани мукаммал тузишга ёрдам бердик, иш берувчиларни ҳам жалб қилдик – форум ўтказдик Ўзбекистонда, япон иш берувчилари иштирокида. Реал иш берувчиларни Ўзбекистонга олиб келдик! Уларни Японияда йиғдик.
80га яқин HR кооперативларини жалб қилиб, Ўзбекистонни Японияда танитиш системасини яратдик. Ўзбекистон билан ишлашни чин кўнгилдан хоҳлаган ҳамкорларни топдик. Энди Ўзбекистон бунга катта пул сарфлашига ҳожат ҳам қолмади.
Улар билан мукаммал механизм, ишончли ҳамкорлик қура олсак, ўзи юриб кетадиган механизм бу. Фақат тўсиқлар бўлмаслиги керак. Таълим сифатини яхшилашимиз керак, холос.
Аммо, “мана, энди ҳозир юриб кетади” деган пайтда, фақат ўқувчилар сонини кўпайтиришимиз қолганда, вазирлик, миграция агентлигидаги баъзи ходимлар томонидан ҳар хил интригалар бошланди, тўсиқлар қўйиляпти.
Бизда ҳозир 2500 ўқувчини ўқитиш имконияти бор, аммо фуқароларга бандлик томонидан йўлланма бериш тўхтатилди. “Чиқиб кетинглар” дея олишмаяпти, холос... Савол туғилади: ўзларингиз ташкил қилмоқчи экансизлар, нима учун японларни жалб қилдик?
Бизга йўлланма беришмаса, бизнинг бу ерда фаолият юритишимизни аҳамияти қолмайди.
Биз кетсак, биринчидан, Ўзбекистон учун манфий натижа бўлади – сифат йўқотилади. Чунки мономарказларда япон мутахассислари йўқ. Шу вақтгача президентга тақдимот бўлганда ҳам, айнан бизни ўқитувчиларни кўрсатиб, бизнинг дастур орқали тақдимот қилинган ҳаммаси. Энди эса, йўлга қўйилган пайтда, очиқчасига рейдерлик бўляпти.
Мана, бугун эрталаб вилоят мономарказларидан бирининг раҳбари телефон қиляпти, “хонангизни бўшатасизларми, сизларга бошқа хона берамиз” деяпти... Бу хоналарни биз Япония стандарти билан қилдик, президент қарори билан қилинган ахир!
Шунча қийинчиликлардан ўтиб, 5 мингта квотани нимага олиб келдик? Сифатли ўқитайлик деб олиб келдик. Японлар бизга ишонади. Япон японга ишонади. Биз япон ташкилоти вакилимиз. Ўзбекистоннинг обрўсини туширмасликка, японларни ишончини қозонишга ва Япония бозорида ўзимизнинг мукаммал ўрнимизни топишга ҳаракат қиляпмиз.
Икки йил мисқоллаб йиғдим командамни. Бу тизимни яратиш учун озмунча ҳаракатим, меҳнатим кетмади! Қанча япон ташкилотлари, давлат ташкилотлари билан алоқага киришдим. Биз JICAʼни қизиқтира олдик! JICA ҳозир Японияга боришни истаган одамларга қулайлик яратувчи катта платформа яратишни молиялаштиряпти. У ҳам бизнинг таклифимиз...
Энди ҳаммаси йўлга қўйилганда, ҳамма ғоялар олинганда, бизни бир четга суриб, рейдерлик қилишяпти. Тайёр бўлганда тортиб олишмоқчи.
Аудит қилишди яқинда, менга қўл қўйдирилган аудит қоғози билан... Вазирга олиб кирилган аудит ҳужжати умуман фарқ қилади рақамларда!.. Буни кўргандан кейин, нима деб ўйлашим керак?”
Микако Сугивара, Ўзбекистонда дарс бераётган япон ўқитувчиси:
“Яқинда мономарказ директори мени чақирди, “мономарказда биз учун япон тилида дарс бера оласизми?” деб сўради. Японияда битта ишга киргандан кейин, бошқа ишдан ҳам иш олиш мумкин эмас. Шунинг учун мен “раҳбардан сўрайман, мени шу киши ишга таклиф қилган, бошқа ишга кириш ниятим йўқ, кира олмайман” дедим. Аммо қайта-қайта айтишди, бугун эса “янги гуруҳга дарс берасиз” дейишди. Мен хафа бўлиб, раҳбаримга айтдим”.
Зарнигор Набиева, “Nippon Academy” ўқув бўлими бошлиғи:
“Охирги вақтларда фуқаролар ва вилоятдаги ўқитувчи ходимларимиз томонидан турли хил шикоятлар келмоқда. Фуқаролар томонидан келаётган шикоятлар шундан иборатки, Бандликка кўмаклашиш агентлигига бориб марказимизда ўқиш учун йўлланма сўрашганда, уларга “юқоридан топшириқ борлиги”ни ва йўлланмани айнан бизда ўқиш учун бера олмасликларини айтишаётган экан. Бундан ташқари “Nippon Educational Academy”да ўқишни хоҳлайман деб борган фуқароларни “мономарказ ўзи япон тили курси очади, у ёқда ўқиманг” деган гаплар билан биздан ўқувчиларни четлатиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўқитувчиларимиз томонидан эса келаётган шикоятлар шундаки, мономарказ томонидан бизнинг ўқитувчиларимизга босим бўлмоқда. Уларни ишга таклиф қилишмоқда, таклифни рад этишса, уларга турли хил босим бўлмоқда. Ўқитувчиларимиздан ўқув метод дастур программаларни сўрашяпти. Япония қонун тизимида ҳар бир таълим ташкилоти, унверситет бўлсин ёки марказ, ўзининг шахсий мактаб ўқув қўлланмасига эга. Япониядаги ҳамкоримиз “Nippon Educational Academy”нинг ҳам ўзи яратган программа-дастури бор. Улардан фақатгина ўша ўқув юрти ўқитувчилари ва ўқувчилари фойдалади. Ташқарига бу дарсликларни олиб чиқиш қатъиян тақиқланади. Биз ҳам худди шу қонун бўйича ишлаймиз. Мономарказ ходимлари эса вилоятдаги ходимларимиздан ҳар хил баҳоналар билан, “текширув келяпти” “вазирликдан сўрашяпти” деб, ўқув дастурларимизни сўрашяпти. Ўқув дастурни ўқитувчилар беришмагандан кейин ёки уларга ишга ўтмагандан кейин, босим кучаймоқда”.
Дилафруз Икромова:
“Японияда бунақа ҳолатлар ниҳоятда шармандалик ҳисобланади. Япон ўқитувчиларим ёзишяпти: “Дилафруз, узр сўрайман, аммо чарчаб қоляпман буларнинг ўртасида, йўқ десам ҳам, барибир ҳар куни телефон қилишади, тинч қўйишмаяпти”.
Мен вазирнинг ўзларига ёздим ҳолат ҳақида, ўқийдилар, аммо жавоб бермайдилар”.
Энди Бандлик ва меҳнат вазири томонидан имзоланган 2022 йил 9 сентябр куни “Японияга иш берувчиларнинг талабига асосан япон тилига ўқитиш ва япон тилини билиш даражасини аниқлаш” бўйича йўл харитасига эътиборингизни қаратамиз. Мазкур йўл харитасининг тўртинчи бандидан кейин рақамланмаган банд киритилгвн бўлиб, унда вазирлик томонидан билимни баҳолаш марказлари ташкил этилиши ҳақида айтилган.
Савол: Япония тест ташкилотининг тестидан ўтиш учун нима сабабдан вазирликнинг ҳам иқтисослашган баҳолаш марказининг тестидан ўтиш керак? Бу Япония иш берувчиларнинг қабул қилиш ва жўнатиш тартибида кўрсатилмаган-ку? Бу ихтисослашган баҳолаш маркази аслида нима ва кимларнинг мақсадлари учун “иқтисослашади”? Саволлар кўп.
Мазкур “ихтисослашган” марказ ташкил этилса, Япония тарафидан белгиланган 4 босқичга:
яна иккита босқич қўшилади ва Японияга кетиш тартиби қуйидагича кўриниш олади:
Кўриб турибсизки, японлар инсонларни ишга жойлаштириш учун соддалаштирилган тартибини жорий қилаётган бир вақтда, вазирлик бунга ортиқча ва кераксиз жараёнларни қўшиб, калаванинг учини олиб қочмоқчи. Нега?
“Нега” деган саволга жавобни бироз ўтмишдан излаймиз, аниқроғи, 2017 йилда Ташқи меҳнат миграцияси билан ҳамкорликда Корея Республикасига кетиш учун Топик тестларни топширишга кириш учун филтрдан ўтказиб берувчи комплекс тест маркази фаолиятига эътибор қаратамиз.
Ўша даврда комплекс тест марказидан маълум балл олган фуқаролар Топик тестларига киритилган эди. Талабгорлардан ҳафтада 5 кун тест олинган, бир кунда 120 кишидан, ҳафтада бу 600 киши дегани. Бир ойда бу 2 400 киши, бир йилда 30 мингга яқин киши дегани. Киши бошига 10 доллардан олинган. Калкуляторга мурожат этамиз ва яхшигина сумма ҳосил қиламиз...
Бунинг устига, кераксиз имтиҳон тестидан ўтиш учун навбатга бир ой олдин ёзилиш керак бўлган...
2019 йилда янги вазир томонидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолиятидаги бу коррупцион ҳолат ўрганилган ва марказ фаолияти тўхтатилган эди.
Аммо энди... тарих такрорланяпти...
Вазир яна ўзгарди, аммо агентликдаги эски бўрилар, чамаси, ўша-ўша. Зеро яна худди шу ишни Япония билан ҳам амалга оширишмоқчи.
Бироқ, шуни айтиш керакки, Япония билан бу ўтмайди, чунки японлар тўғридан-тўғри номзод билан суҳбат қилади. Қолаверса, вазирлик яратишга ҳаракат қилаётган бу механизим билан президентга Навоий шаҳрида ваъда қилинган “10 минг нафар ишчи жўнатамиз” деган ваъдани амалга ошириш имкони бўлмайди.
Аммо, чамаси бу корчаллонларни қизиқтирмайди – приоритетлар бошқа...
Япония коррупцияга йўл қўймаслик бўйича етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. Агар Ўзбекистонда давлат хизматчилари томонидан бунақа схема ташкил қилингани ва асосий тестлардан бошқа – қўшимча тест олиниши ошкор бўлса, ҳали очилишга улгурмаган Япония бозори Ўзбекистон учун яна ёпилади, худди 2016 йилда ёпилганидек.
Дилафруз Икромова:
“Ҳозирги кунда Японияда 2 млн атрофида чет эллик фуқаро меҳнат фаолиятини амалга оширади. Нима учун Японияда ишчи кучига талаб катта? Ҳозирги кунда бу мамлакат улкан демографик кризисни бошидан кечиряпти. Битта ишчини олиш учун 3-4 та компания курашади ва 150 та ишчи ўрнига атиги 100 та ишчи тўғри келяпти, қолган 50 тани ташқаридан, мутахассисларни ёллаб жалб қилиш керак бўляпти.
Япония сифат мамлакати: сифатли ишчилар, сифатли меҳнат, сифатли натижа. Шунинг учун Россияга жўнатаётган одамларимизни Японияга жўната олмаймиз. Ишчиларни махсус тайёрлаб, тилга ўқитиб, маълум бир сертификатни, яъни малакасини тасдиқловчи ҳужжатни қўлига берсак, кейин Япония виза беради. Акс ҳолда, шартномангиз бўлса ҳам, бермайди.
Япониядаги 2 млн.га яқин чет эллик ишчиларнинг 500 минги Вьетнам давлатига тўғри келади. Лекин Япониянинг 80 фоиз иш берувчи компанияларининг вьетнамликлардан кўнгли тўлмаяпти, ва уларни рад этяпти. Нима учун? Чунки Вьетнамда ҳар бир ишчига 10 минг доллар коррупцияга тўлов бор. Ишчи Японияга келгандан кейин 10 минг доллар олган қарзини (ўзининг бунча пули бор вьетнамлик ишлашга кетмайди – бизнес қилади) тўлаши керак бўлади. Шу учун иш берувчисидан қочиб кетади, чунки битта компанияда ишлаб, қарзини тўлаши қийин, бирйўла 2 та 3 та компанияда ишлашга уринади.
Бундан эса иш берувчи ютқазади – у молиявий харажат қилган, ўқитган, инвестиция қилган ахир, лекин натижани ола олмайди. Вьетнамда ўқитиш сифати ҳам тушиб кетган.
Айнан шу нарса бизда юз бермаслиги керак.
Ҳозир кўпгина япон иш берувчилари “вьетнамликлардан воз кечсак, қайси мамлакатга эътибор қаратамиз?” – деган саволни ўртага қўймоқда. Бу ерда эса фақат 2 та мамлакат кўзга кўринади: ё Ўзбекистон, ё Индонезия.
Япония меҳнат бозорида ўзимизнинг муносиб ўрнимизни топишимиз учун ҳамма шароит бор. Поинтлар:
- Ўзбеклар япон тилини тез ўзлаштиради, ҳамда равон гапиради, ўзбек ва япон грамматикаси бир хил.
- Ишчини жўнатиш учун харажатлар минималлаштирилган.
- Ишсиз фуқаролар Японияга кетиш учун бепул ўқитилади. Бу япон иш берувчилари учун яхши.
- Ҳар бир меҳнат мигрантининг орқасида давлат турибди: бирон ҳодиса бўлса, ўртада давлат туриб назорат қилади, кафолатланган.
Япониянинг ўзбек ишчилари учун қандай афзалликлари бор? Нима учун Россия эмас, Япония яхши? Мана, Россияга жўнатамиз ишчини, боради, ишлайди, ишлаган пулини олиб Ўзбекистонга келади, ҳаммасини тўйга, кундалик турмушига, машина олишга, уйини таъмирлашга сарфлайди ва яна қарз олиб, билет олади-да, қайтиб кетади.
Япония ёки бошқа ривожланган мамлакатда 8-10 йил ишлаб келган фуқаро Ўзбекистонда ўзининг бизнесини яратади ёки у ерда олган тажрибасини, малакасини, йиғган сармоясини Ўзбекистонда ишлатади.
Ўзимиз хам оддий талаба бўлиб кетганмиз Японияга, ишлаганмиз, олган тажрибамизни, мана, қўллаяпмиз, қанча ишчи ўрни яратяпмиз Ўзбекистонда.
Ўзбекистон ташкиллаштирилган, Россия бозори учун меҳнат қилувчиларни етиштириб берадиган конвейер мамлакат эмас. Ривожланган мамлакатга жўнатайлик одамларимизни! У ердан пулдан ташқари, тажриба олиб келсин, малака олиб келсин.
Япониядан ўрганадиган жуда кўп жиҳатлар бор, ва Японияда биз кўрсатадиган хусусиятларимиз, Ўзбекистонни тарғиб қиладиган кўп яхши жиҳатларимиз бор. Японияда биз учун бизнес шароитлари ҳам бор.
Аммо асосийси – инсон капитали. Ривожланган мамлакатларга ишчи юбориб, бизнинг инсон капиталимиз ривожланади.
Инвестициялар ҳам киришига омил бўлади бу. Мана, корейс инвесторлари Ўзбекистонда кўп, нима учун? Чунки улар Кореяга бориб ишлаган фуқароларимиз орқали Ўзбекистондаги имкониятлар хақида билишган. Уларнинг тилини билган, ишончини қозонган ўзбеклар орқали улар Ўзбекистонга сармояларини олиб келишяпти.
Қоида шуки, ишга жойлаштириш учун номзоддан ҳеч қачон пул олинмайди! Иш берувчидан пул олинади! Шу тизимга ўтишимиз керак биз ҳам! Ўтмасак, коррупция қолаверади. Биз ташкил этамизми таълим жараёнини, бошқасими, барибир – коррупция бўлади.
Бу ҳолда Корея каби Япония йўналишида ҳам 3 мингдан оширолмаймиз ишчилар сонини. Мана, “СПАС” деган база бор, бу базага корейсчадан имтиҳондан ўтганлар киритилади. 2-3 йил ётишади бу базада номзодлар, тилни ҳам эсидан чиқаришади. Кейин, орқаворатдан, пора берган одамни тортиб олиб, иш берувчига тақдим этишади. Бу тизимда ишлаганман, гапимга ҳеч ким эътироз билдиролмайди – мен буни жуда яхши биламан”.
Норио Тезука, JIC HR HOLDING директори:
“Биз Ўзбекистонни Японияга тарғиб қилиш, ўзбекларни кўпроқ Японияда иш билан таъминлаш ҳамда Ўзбекистондан Японияга келган ишчилар ва талабаларга тун-у кун ахборот берувчи, кўмак берувчи call-марказ тузишни таклиф қилдик. Буни биз Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этишни таклиф этдик. Натижада Ташқи меҳнат мигацияси агентлиги билан меморандум имзоланди. Бу хақда Ўзбекистон давлат раҳбарига ҳам ахборот берилганидан кейин, Японияга қайтдик ва марказ ташкил қилдик, нодавлат ташкилоти сифатида.
Биз Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига марказимиз офиси расмларини, керакли ҳужжатлар ва шартнома меморандум нусхасини жўнатдик. Аммо вазирликдан ҳатто жавоб келмади. Қачонгача кутишимизни билмаяпмиз, аниқ вақт ҳам айтилмаяпти. Вазирларингиз Нагоя шаҳрига келганида, бу масалани кўтардик, аммо ҳали-ҳануз ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ҳаракат бўлмади.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан ёрдам бўладими, йўқми деб, кутиб ўтирмадик, Ўзбекистон меҳнат бозори ҳақида япон тилида ахборотнома-қўлланма ишлаб чиқдик, уни 1000 дан зиёд иш берувчи компанияларга жўнатишни бошлаймиз.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ҳукумати Япония меҳнат бозорига кириш учун асосий эътиборини рақобатни оширишга қаратиш керак. Бу йўналишда профессионал япон компаниялари билан ҳамкорликни кучайтириш керак. Япон тарафи ўз вазифаларини бажарди деб ҳисоблайман, аммо бу ишлар Ўзбекистон давлат раҳбарига қанчалик етказилганини билмайман.
Октябр ойида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидаги масъул ходимлар бизнинг бу борадаги сўровимизга биз JIC билан марказ ташкил этмаймиз деб жавоб қайтаришди, лекин вазир албатта ишлаймиз деди, кимга ишонишни билмай қолдик. Назаримда, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва президент администрацияси ўртасида, нима десам экан, алоқа йўққа ўхшайди.
6.500 дан очиқ иш берувчилар билан ишловчи 18 та фирма ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорлик қилиш учун 18 та шартнома имзолаган. Афсуски, ўшанда биз тақдим этган шартнома драфтига эмас, агентлик тақдим этган шартнома драфтига имзо чектиришди. Кейин билсак, бу шартномалар Япония ҳукумати томонидан 5 йил аввал бекор қилинган эски шартнома нусхалари экан. Биз хайрон бўлдик.
Ўзбекистон хақида, унинг меҳнат потинциали ҳақида Японияда малумотлар кам. Ҳозир қилиш керак бўлган иш – Ўзбекистонни тарғиб қилиш ва маълумот алмашиш. Бу механизм яратилмади. Агар бу йўналишда Ўзбекистон ва япон компаниялари – иш берувчилар билан тўғри, шаффоф алоқалар ўрнатилса, яқин даврда 20 минг ўзбек Японияда иш билан таъминланиши мумкин”.
Мазкур марказда ўқимоқчи бўлиб, навбатда турганларга бандликка кўмаклашиш ходимлари “йўлланма йўқ, тепадан тўхтатилган” деб, уларни мономарказнинг ўзида ташкил этилган япон курсларида ўқишга йўналтиришётганлари маълум бўлди. "Фақат қаттиқ талаб қилганимизда Nippon академиясига йўлланма ололяпмиз", деди М.Улуғбек туманида яшовчи бир фуқаро.
Вазирликнинг ушбу таълим ташкилотига ўқув хизматларини қоплашда 893 млн сўм қарздорлиги ҳам бор экан:
Йўлланма бермаслик, пулини бермаслик... Булар хусусий секторни синдиришдан бошқа нарса эмас албатта. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ўрнига, уларни ўзига рақобатчи кўриш... Нималарнингдир ҳиди келмаяптими? Ҳа – коррупциянинг ҳиди. 2020-2022 йиллар мобайнида бандлик ва меҳнат тизимида қабул қилинган президент қарорларидан бир нечтаси, жумладан 4108, 4829, 5140-сонли қарорлари қўпол равишда поймол бўлаётганини, вазирлик ўзига қулай равишда уларни татбиқ этаётганини кузатдик. Давлат раҳбари имзолаган 4804-сонли қарорининг “а” бандида қуйидагилар айтилган:
“Вазирлик доимий равишда нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассаларини жалб қилиб, аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитишни ташкил этсин”
Бунда хусусий сектор имкониятларидан кенг фойдаланиш учун бир қанча долзарб вазифалар белгилаб берилган ва бу учун давлат бюджетидан 2021 йилда 150 миллиард сўм ажратилган.
Савол туғилади: нодавлат муассасаларини жалб қилгандан кейин, ҳаққи тўланмайдими, пуллар қаерга кетяпти? Давлат раҳбарига тақдимотлар қилинганда ҳаммаси бошқача эди.
Биз ҳали бу мавзуни кенгроқ ва чуқурроқ таҳлил қиламиз.
Япон тили ва касбий малака маркази раҳбарига кўра, мазкур кўрсатувимиз оммага тақдим этилгандан кейин, унга нисбатан босимлар кучайиши табиий, “аммо жим туришим фуқаролик бурчимга хиёнат бўлади, кўп тадбиркорлар айнан босимлардан қўрқиб, бошлаган ишини “бўри”ларга едириб кетаверишади ва шунинг учун буни эшитган бошқа тадбиркорлар давлат билан ишлашдан чўчишади, шунинг учун бизда хусусийлаштириш суст ва шунинг учун ҳукуматга қонун ва қарорларни яхши ишлата биладиган, виждонли, шаффоф, самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари – СМК асосида ишлайдиган раҳбар кадрлар арсенали керак. Хусусий секторни ўзига рақобатчи ёки оппонент деб биладиган, кўзбўямачи, фақат пиар ва ҳисобот учун ишлайдиган давлат ташкилотларининг ишлаш механизимини қайтадан кўриб чиқиш керак” – дейди у.
Хулласкалом, 20 минг ўзбекистонликни Японияга – ривожланган мамлакатга ишга жўнатишга имконият пайдо бўлди ва бу имкониятни яратиш учун кимдир ўлиб-тирилиб ҳаракат қилди, бор имкониятларини, мисқоллаб йиғган тажрибасини, чет элда орттирган иқтидорли танишларини ишга солди, титаник куч сарфлади, аммо ишлар энди йўлга қўйилган пайтда, кимдир унинг меҳнати маҳсулини ўзига олмоқчи, ўзи ўрганган усуллар билан.
Япония иш бозори эса Ўзбекистон учун ёпилиши мумкин. “Бўрилар” сабаб...
Шокир Шарипов тайёрлади.
Мавзуга оид
22:55 / 02.11.2024
Японияда энди велосипед ҳайдаш вақтида телефондан фойдаланган шахслар қамалади
21:11 / 02.11.2024
Японияда сув тошқинлари ва кўчкилар хавфи сабаб 200 мингга яқин аҳоли эвакуация қилинди
15:24 / 30.10.2024
Япониядаги қишлоқда кексалар ёлғизликни енгиш учун кўчаларга қўғирчоқлар ўрнатяпти
11:10 / 28.10.2024