Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қаловини топса, қор ҳам ёнади: безорилиги учун 8 йилга қамалган Акмал Шукуровни апелляция суди озодликка чиқариб юборди
Тунги клуб олдида танишини ҳимоя қилишга уринган шахсга кучли зарба бериб, комага тушириб қўйган Акмал Шукуров воқеа жойидан қочиб кетган ва кўп ўтмай Қозоғистондан ушлаб келинганди. У қасддан баданга оғир шикаст етказишдан ташқари жуда кўп миқдорда фирибгарлик ва безорилик жиноятларини содир қилганликда айбли деб топилган. Апелляция суди тайинланган 8 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини озодликни чеклаш жазосига ўзгартирди ва уни суд залидан қамоқдан озод этиб юборди.
Тошкент шаҳридаги тунги клуб олдида зўравонлик қилган Акмал Шукуров озодликка чиқарилди. Унга оид жиноят ишини кўриб чиққан апелляция суди дастлабки суд ҳукмини ўзгартирди.
Суд ажримида келтирилишича, Акмал Шукуров фуқаро И.Ш.га Германия давлатидан 3 та Mercedes-Benz микроавтобусини етказиб беришни ваъда қилиб, 2022 йил 8 августга қадар ундан 215 минг евро миқдорда пул олган. Бироқ ваъда қилинган микроавтобусдан иккитасини етказиб бермасдан, И.Ш.нинг 191 600 евро маблағини шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Шунингдек, Акмал Шукуров 2024 йил 17 ноябр куни тунда Мирзо Улуғбек туманидаги “Bootlegger” кафесида ўзаро келишмовчилик ортидан таниши М.А.ни уриб, тан жароҳати етказган.
2025 йил 16 март куни тунда эса у Яккасарой туманидаги “The Tower” меҳмонхонаси ёнида ресторандан чиққан К.Е.га тегажоғлик қилган. Аёлнинг турмуш ўртоғи А.Х. хотинининг шаънини ҳимоя қилганида Акмал Шукуров эркак ва аёлга, шунингдек, воқеа жойида бўлган Е.К.га зарба берган. Бунинг оқибатида Х.А. ва Е.К. енгил тан жароҳати олишган.
Бундан ташқари, Акмал Шукуров ўша куни “The Tower” меҳмонхонаси ёнида унинг безорилик ҳаракатларига чек қўймоқчи бўлган Б.нинг юзига мушт тушириб, унга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган. Бунинг оқибатида 35 ёшли Б. бош мия жароҳати, ўнг юзидан лунжи йиртилган жароҳати ва спиртдан заҳарланиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Яқинлари унда тезкор равишда 5 соатлик мия трепанацияси операцияси ўтказилганини, сўнгра сунъий комага туширилганини айтган.
Воқеа жойидан қочиб яширинган Акмал Шукуров кўп ўтмай Қозоғистонда қўлга олинганди.
ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судининг 2025 йил 24 октябрдаги ҳукмига кўра, Акмал Шукуровга Жиноят кодексининг:
- 168-моддаси 4-қисми “а” банди, жуда кўп миқдорда фирибгарлик билан 8 йил;
- 277-моддаси 3-қисми “г” банди, безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик билан 3 йил;
- 104-моддаси 2-қисми “е” банди, безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш билан 5 йил муддатга, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Жиноят ишини кўриб чиққан апелляция инстанция суди Акмал Шукуровга жазо тайинлашда айбига қисман иқрорлиги, қилмишидан пушаймон эканлиги, жабрланувчиларнинг моддий ва маънавий даъвоси йўқлиги, муқаддам судланмаганлиги, жабрланувчилар томонидан судланувчига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо сўраганлиги жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топган.
Фирибгарлик эпизоди бўйича, Шукуровнинг яқинлари томонидан Судлар департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими ҳисоб рақамига тўланган 2 млрд 694 млн сўм маблағдан 2 млрд 301 млн сўмни жабрланувчи И.Ш.га етказилган моддий зарар ҳисобига қаратиш белгиланган. Ушбу эпизод бўйича етказилган зарар тўлиқ қопланган деб топилган. Безорилик ҳамда қасддан баданга оғир шикаст етказиш эпизодлари бўйича жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги қайд этилган.
Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судининг 2025 йил 9 декабрдаги ажримига кўра, Акмал Шукуровга Жиноят кодексининг:
- 168-моддаси 4-қисми “а” банди бўйича Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда (етказилган зарар қоплангани сабабли) иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари;
- 277-моддаси 3-қисми “г” банди, безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик бўйича 3 йил муддатга озодликни чеклаш;
- 104-моддаси 2-қисми “е” банди, безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш бўйича Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган.
Шу тариқа, Акмал Шукуровга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 4 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Унинг 2025 йил 21 март кунидан 2025 йил 9 декабргача қамоқда бўлган 263 куни жазодан чегирилиб, ўташ учун 3 йил 3 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилган. У дарҳол суд залидан қамоқдан озод қилинган.
Акмал Шукуров муқаддам ҳам тунги вақтда кафеда безорилик қилган: у 2022 йил 2 сентябр куни соат 23:00 ларда Мирзо Улуғбек туманидаги кафеда фуқаро Э.Г.ни дўппослаб, тан жароҳати етказган. ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судининг 2022 йил 14 декабрдаги ажрими билан томонлар ярашганлиги муносабати билан Акмал Шукуровга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тугатилган.
Суд “бағрикенглик” қилибди
Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” бандида безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш жинояти назарда тутилган. Бундай жиноят учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади. Апелляция суди шу қилмиши учун Акмал Шукуровга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланган ҳолда модда санкциясида назарда тутилмаган (!) озодликни чеклаш жазосини берган.
Kun.uz айни шу модда билан 2025 йилда кўрилган бир нечта суд ҳужжатларини ўрганди.
Жумладан, Гулистон шаҳар судининг 2025 йил 5 мартдаги ҳукмига асосан 22 ёшли Фаёзбек Тожибоев Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” банди билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Суд ҳукмига кўра, у маст ҳолатда Гулистон шаҳридаги савдо дўкони рўпарасида ўзига олдиндан таниш бўлмаган фуқарони уриб, унга оғир тан жароҳати етказган.
Сирдарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 11 апрелдаги ажримига кўра, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгартирилиб, Фаёзбек Тожибоевга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Сирдарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 25 июндаги ажрими билан эса апелляция инстанциясининг ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.
Мавсумий ишчи бўлган, муқаддам судланмаган Фаёзбек Тожибоев шикоятида айбига иқрорлигини, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини, унга етказилган зарар қопланганини айтиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган. Бироқ суд негадир унга Акмал Шукуровники каби модда санкциясида назарда тутилмаган озодликни чеклаш жазосини бермасдан, озодликдан маҳрум қилиш жазосида қолдирган. Тафтиш суди жазони енгиллаштириш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисоблаган ва келтирилган шикоятни рад этган.
Яна бир ҳолатда Томди туман судининг 2025 йил 16 майдаги ҳукмига кўра, 1992 йилда туғилган Саиджон Камолов Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланган ҳолда 2 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ушбу иш тафсилоти ҳам Акмал Шукуровники билан бир хил: муқаддам судланмаган Саиджон Камолов Навоий шаҳрида ўзига олдиндан таниш бўлмаган фуқаро билан тортишиб, унинг юзига мушт туширган. Зарба оқибатида жабрланувчи асфалтга қулаган ва оғир тан жароҳати олган. Буни кўрган Саиджон Камолов воқеа жойидан яширинган.
Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 26 июндаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган. Саиджон Камолов апелляция шикоятида айбига иқрорлигини, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини, етказилган зарарни қоплаганини, оилада ёлғиз боқувчи (!) эканини айтиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган. Ҳатто жабрланувчи ҳам судланувчининг вояга етмаган фарзандлари борлигини, унга нисбатан даъвоси йўқлигини айтган. Бироқ ҳукм ўзгармаган.
Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 7 октябрдаги ажрими билан Саиджон Камоловнинг тафтиш шикояти ҳам рад этилган. Яъни, Акмал Шукуровга қўллангани каби “имтиёз” негадир бу судланувчига раво кўрилмаган.
Юқоридаги ҳар икки ҳолатда судланувчилар фақат битта, яъни безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш билан айбланиб, қамоқда қолган. Акмал Шукуров эса Жиноят кодексининг 3 та моддаси бўйича айбли деб топилса ҳам озодликка чиқарилган. Бу Ўзбекистонда суд тизимида қаловини топса қор ҳам ёниши мумкинлигини кўрсатади.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид
13:34 / 26.12.2025
Президент: аёлни муаммоси билан ёлғиз қолдиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ
19:35 / 25.12.2025
Акмал Шукуровни озодликка чиқариб юборган судялар ишдан олинди
18:28 / 25.12.2025
“Credit House” ишида суд бошланди: биринчи кун қандай ўтди?
19:51 / 24.12.2025