Ўзбекистон | 21:17 / 11.05.2020
41257
3 дақиқада ўқилади

Ҳокимларнинг ноқонуний қарорлари кўпаймоқда. Сенат ҳукуматдан изоҳ сўрайди

Ҳокимлар томонидан қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмасдан қарорлар қабул қилиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилади. Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси шу ҳақда қарор қабул қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиев берган маълумотга кўра, 2019 йилда маъмурий судлар томонидан маҳаллий ҳокимликлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топишга доир жами 2992та иш кўрилган бўлиб, уларнинг 1255 таси (42 фоизи) қаноатлантирилган.

2020 йилнинг январь-февраль ойларида эса 552та иш кўрилган ва уларнинг 248таси (45 фоизи) қаноатлантирилган.

«Бундан кўринадики, мурожаатлар сони 10 фоизга, ҳокимларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш 3 фоизга кўпайган. Бу борада фуқаролар норози бўлиб мурожаат қилиш сони ва ҳокимларнинг қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмасдан қарорлар қабул қилиши ҳолатлари кўпайиб борган», деди Шуҳрат Чўллиев.

Шуҳрат Чўллиев
Фото: Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати

Маълум қилинишича, туман ва шаҳар ҳокимлари ваколатга эга бўлмаса-да, қонунга зид равишда бино-иншоотларни балансга олиш тўғрисида қарорлар қабул қилган. Шунингдек, ер участкасини ажратиш ваколати уларга берилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган ҳолда ажратилаётган ер майдонини тўлақонли ўрганилишини таъминламасдан ер ажратиш юзасидан қарорлар чиқарилган.

Таъкидланишича, ер участкалари қонунга зид равишда олиб қўйилгани муносабати билан мулкдорларга зарар етказилгани учун мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик масалалари қонунчиликда қатъий белгиланмаган.

«Энг муҳими, бунга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан ўз вақтида муносиб эътибор берилмаган.

Мулкдорларнинг мулки мусодара қилиниши ҳақида огоҳлантиришнинг 6 ойлик муддатига риоя қилмаслик, мулкчилик объекти учун компенсация маблағларини тўламай ёки қиймати бўйича тенг мол-мулкни тақдим этмай мажбуран чиқариб юбориш одатий ҳолга айланган», – дея қайд этилди Сенат ялпи мажлисида.

Фото: Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати

Сенат раиси Танзила Норбоева ҳокимларнинг қонун ҳужжатларига зид ҳаракатлари юзасидан маҳаллий кенгаш депутатлари назорат олиб бориши шартлигини таъкидлади.

«Ҳокимларнинг ваколат доираси, қонунларга риоя қилишини қонунчиликда аниқ акс эттириш зарур. Уларнинг қонунга риоя қилишини назорат қилишда маҳаллий кенгашлар алоҳида ўрин тутади. Жойлардаги сенаторлар ҳокимият қарори ноқонуний бўлса, тўғрилаши, қайтариб юбориши, бу ҳақида ҳокимият раҳбарига айтиш керак.

Буни Сенат ёки бошқа давлат идораси эмас, сизлар қилишингиз керак», деди Норбоева маҳаллий кенгаш вакилларига қарата.

Мавзуга оид