Ўзбекистон | 19:15 / 01.05.2026
3743
6 дақиқада ўқилади

МУМБАЙ. Харобадаги миллиардлар | SUBYEKTIV

Ҳиндистон дунёнинг 5-йирик иқтисодиёти, Мумбай эса Ҳиндистон миллионерлари яшайдиган энг бой шаҳар. Аммо бу ҳашамат ортида бутунлай тескари ҳаёт ҳам яшайди. Бу – Дҳарави харобалари. Бу ерга келган одам аввалига фақат қашшоқлик ва антисанитарияни кўради. Бироқ ичкарироқ кирганингиз сари бу кулбалар сизга умуман кутилмаган эшикларини очади. Дҳарави фақат камбағаллик ҳақидаги ҳикоя эмас. Бу — тирик қолиш, меҳнат, орзу ва тизимсиз бўлса-да, кучли иқтисод ҳақидаги реал кино. SUBYEKTIV билан бу мавзе ҳақидаги тасаввурларингиз умуман бошқача таассуротга айланади.

Дҳарави сизни даҳага кираверишдан ҳайратга солади. Сув бўйида ари инидек қурилган бу ҳожатхоналарнинг таги очиқ. Биочиқиндилар суви оқмай қолган дарёга тўғридан тўғри тушади.

Бир одам ҳозиргина ҳожатхонага кириб кетди. Пастда эса бу йигит сув юзасидан елим идишлар йиғиб юрибди. “Тирикчиликнинг айби йўқ” деган ибора дҳаравиликлар амал қиладиган энг катта шиор бўлса керак.

Мумбай дунёнинг энг ҳавоси зарарланган шаҳарларидан. Атроф-муҳит ифлосланиши шу даражада оддий ҳолга айланганки, чиқиндилар кундалик ҳаёт тарзининг бир бўлагидек гап. Ҳатто маҳаллий уй ҳайвонлари ҳам органик нарсаларга қўшиб, кимёвий чиқиндиларни билиб-билмай еб юришибди.

Бу ерда ҳар эшикни очсангиз, хонага эмас, одамлар орасига кирасиз. Бугун якшанба бўлгани учун деярли ҳамма уйда. Хонадонлар орасидаги йўлакларга қуёш нури тушмайди. Кундуз куни ҳам қоп-қоронғи... Уйлар юқорига қараб ўсгани учун ҳар қадамда юзлаб тик зинапояларни кўрасиз.

Ҳаммаёқ ранг-баранг, одамларнинг қиёфаси эса камерабоплигидан бу ҳудуд гўё сунъий қурилган кино павилонга ўхшайди. Айтганча, Дҳаравини “Харобадан чиққан миллионер” филми дунёга машҳур қилган. “Оскар” мукофотининг бир нечта йўналишларини қўлга киритган кино шу даҳада суратга олинган. Бундан ташқари бу ерда йигирмага яқин ҳинд филмлари ишланган.

Ҳамма уйда ҳам совитиш тизимига икмон йўқ. Тунука девор ва том остида юқори ҳароратга чидаб яшаётганлар ҳам кўп. Ёмғирлар мавсумида эса бу ҳудуд ярим сув остида қолади. Кўчалар лой, чиқинди, сув билан аралашиб кетиб, касалликлар хавфи ошади. Яна бир юқори хавф доим ёнма-ён — ёнғин. Кўчалар жуда-жуда торлигидан ўт ўчириш машиналари киролмай қолади. Шунинг учун кичик учқун ҳам бутун маҳаллани қамраб олиши мумкин. Худо асрасин...

Дҳарави — норасмий, лекин улкан иқтисодий марказ. Бу ердаги кичик тадбиркорликларнинг йиллик айланмаси 1 миллиард долларгача баҳоланади. Биз айланиб юрган бу кўчалар мавзенинг ишлаб чиқариш ҳудуди. Кимдир чиқиндини саралаб, қайта ишлайди. Ҳар бир эшик ортидаги митти хоналарда кулолчилик, тикувчилик ёки кичик цехлар иши авжида. Тери маҳсулотларидан тайёрланадиган дунёга машҳур “Дҳарави” савдо белгиси ҳам шу ерники.

Бу ерда кўпчиликнинг иши расмий эмас. Бугун бор, эртага бўлмаслиги мумкин. Одамлар кўпинча кунлик ёки ҳафталик ҳақ олади. Дҳарави болалари учун ҳам болалик эрта тугайди. Чунки оилага ёрдам бериш керак. Пул топиш ёши анча эрта бошланади. Мактабларда яхши ўқиб, бу ерни тарк этишга умид унчалик катта эмас. Биз учун ҳайратли бу манзаралар дҳаравиликлар учун оддий яшаш тарзи. Уларнинг ҳаётига қизиққан сайёҳлар келиб-кетаверишади. Даҳадаги ҳаёт эса ҳар доимгидек давом этаверади.

Дҳарави тасодифан пайдо бўлиб қолмаган. У Мумбайнингяширинтарихиичида туғилган. 19-аср охирларига келиб Британия Бомбейи бойишни бошлади. Марказ чиройлилашди. Аммо шу чиройли шаҳар ўзининг оғир меҳнатини, ифлос деб топилган саноатини ва камбағал аҳолисини четга сурди. Бир вақтлар бу ер ботқоқлик ва сув йўллари орасидаги чекка ҳудуд бўлган. Ҳунармандлар, кулоллар, теричилар, тикувчи ва бошқа шаҳарлардан келган ишчилар шу ерга келиб ўрнашди.

Дҳарави “режа” эмас, эҳтиёж асосида ўсди. Бу жойни меъморлар эмас, тирик қолишга мажбур одамлар қурди. Улар қаерда жой топса, ўша ерни уй қилди. Устахона уйга, уй эса устахонага айланди. Иш бор, аммо инфратузилма йўқ эди.

Бу жойга яшаш учун келганлар масжидлар, ҳинду ибодатгоҳлари, мактаблар, диний марказлар, маҳалла тармоқлари, устахоналар, кичик ишлаб чиқариш нуқталарини ҳам барпо қилишди. Йиллар ўтиб харобалардан иборат бу кичик манзил иқтисодий, маданий ва демографик улкан организмга айланиб борди.

Шу тариқа Дҳарави харитада эмас, эҳтиёж ичида туғилди. Унинг ноодатий архитектураси жуда мўрт кўриниши мумкин. Лекин пойдевори меҳнат, мажбурлик ва тирик қолиш иродасидан қурилган. Бу қашшоқлар тарихи эмас. Бу — шаҳарга керак бўлган, лекин шаҳар қабул қилмаган одамлар тарихи.

Бомбейнинг ўсиши Дҳарави қисматини ҳам ўзгартирди. Бир вақтлар шаҳар четида бўлган ҳудуд вақт ўтиши билан улкан метрополия ичида қолиб кетди. Четга сурилган жой энди шаҳарнинг энг қиммат географиясига айланди.

Бу ерга келган одам бахт ҳамма учун ҳар хил ўлчовда эканини тушунади. Уларнинг мол-давлати, энг сўнгги русумдаги машина ва телефонлари, ҳатто бемалол яшашли уйлари ҳам йўқ. Лекин одамлари самимий кула олади. Дҳаравиликлар дунёни шундай кўради ва улар ўз дунёларида бахтли!

Қолган таассуротларга ҳужжатли филмни томоша қилиб эга бўласиз!

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид