Жамият | 13:42 / 20.05.2023
29098
5 дақиқада ўқилади

“Жоним ўзим учун кераклигини жуда кеч англадим” — қўрқув ва андиша сабаб фалаж бўлиб қолган келин ҳикояси

“Вақтида соғлиғимни сақлай олмадим. Маҳалла-кўй, қўни-қўшни, қариндош-уруғ гап қилмасин деб нима бўлса чидадим. Аламлиси, касал орттириб олдим — орттирилган миопатия”, дейди аёл ўз ҳаётини ҳикоя қилар экан.

Фото: KUN.UZ

Қайнона-келин муносабатидаги келишмовчиликлар кўп ҳолларда келин рўзғор юмушларини билмаслигидан эмас, балки ҳар иккала томон муомала сир-асрорларини ўрганмаганлигидан келиб чиқади. Қайнонасига вақтида юрагини ёролмаган, дардини айтолмагани натижасида кичик дарддан катта асоратлар келиб чиққан, алалоқибат яримжон бўлиб қолган аёллар кам эмас. Бугунги қаҳрамонимиз ҳам ана шундай аёллардан.

“Оилада 3 қиз ва 2 ўғил фарзанд бўлганмиз. Онам билан биз фарзандлар ўртасида парда бор эди. Улар бизга айрим нарсаларни — эр-хотин, оила, қайнона, овсин муносабати нималигини ўргатмаганди. Аммо уй-рўзғор ишлари ош-овқат, нон, пишир-куйдир, тозаликни жуда яхши ўргангандик.

Бунда онамни айбдор қилолмайман, чунки онамнинг оналари, яъни бувимиз озарбойжон қизи бўлган. Онамни турмушга берганларида отамиз ичкуёв бўлиб келганди. Шунинг учун ҳам қайнона, овсин, келин муносабатлари қандай бўлишини онамнинг ўзлари ҳам билмаган. Мен катта қизлари эдим. Қудали бўлишни ҳам, ўзбек урф-одатларини ҳам яхши билмаганлар ва ҳеч нарса ўргатолмаганлар бу борада.

Амакимнинг қизи билан бир ҳовлига, ака-укаларга келин бўлганмиз. Амакимнинг қизи олдинроқ, 1995 йилда, мен 2001 йилда келин бўлганман. Бу вақтда амакимнинг қизлари — катта овсиним ўзи бош бўлиб, қайнонамга айтолмаган, сўрай олмаганларимни айтиб, сўраб берарди.

3 ўғил ва 3 қиз фарзанди бор оилада келинман. Қайнонам билан катта қайнакам рўзғорбоши. Улар нима деса шу. Шундай қилиб, оила муҳитим, кийинишим, еб-ичишим, ҳаммаси ўзгарди. Камқонлик, бош айланиши, аллергия, цистит... Синовли кунлар бошланди.

Икки ярим йилдан кейин биринчи фарзандим туғилди. Ўшангача она уйимда 1 кун меҳмон бўлиб ётмадим. Кўп ўтмай иккинчи фарзандимга ҳомиладор бўлдим.

Ҳомилам етти ойлик бўлиб қолганди. Ўша куни ҳам кун бўйи банка консерваладик ва вақт пешиндан ўтганда менда нимадир оқиб, сизиб чиқа бошлади. Пешоб тутолмай қолдимми, деб ўйладим. У сув кетиши экан, билмаганман. Айтишга қўрққанман.

Хонамга кириб ётдим, сал қимирласам яна сув кетарди. Қайнонам хонамизга кириб, “тур, овқатга қара, кеч бўляпти”, деди. Нима дейишни билмайман. Уч-тўрт қайта кирганларидан кейин уч соатдан бери сув кетаётганини айтдим. Дарров онамникига жўнатишди. Онам “роддом”га олиб борди. Боргунча сув тугаб бўлибди. Укол қилиб туғдириб олишди.

Шундай қилиб иккинчи фарзандим туғилди. Етти ойлик бўлиб туғилгани учунми жуда кичкина эди. Вазни ҳам 1 кг 100гр. Уни 11 кун аппаратга улаб қўйишди. Бу орада соғлиғимни йўқота бошладим. Туғуруқдан кейин белимни кўтаролмасдим. Мувозанатни сақлаб қололмайман, салга туртилсам йиқиламан. Энди яхшигина даволаниш керак, лекин рухсат йўқ. Уйдагиларимга даволаниш ҳақида айтишга қўрққанман.

Аёл киши ҳомиладор бўлиб, то туғиб фарзандларини сутдан чиқаргунча яхши еб-ичиши, боласини ҳам эмизиб, керакли витаминларни олиши керак бўларкан.

Эримнинг оилада ҳеч қандай ҳуқуқи йўқ эди. Оилада қайнонам ва қайнакамнинг айтгани бўларди. Биз келинлар буйруққа бўйсунганмиз. Гап қайтармай, жим ишимизни қилганмиз. Ота ҳовлига қачон юборса борганмиз, йўқ деса жим юрганмиз.

Маҳалла-кўй, қўни-қўшни, қариндош-уруғ гап қилмасин деб нима бўлса чидадим. Соғлиғимни сақлай олмадим. Аламлиси, касал орттириб олдим — орттирилган миопатия — оёқ ва қўллар фалажлиги.

Ҳозир 42 ёшдаман. 1 гуруҳ ногирониман. Миопатия сабаб ҳатто сочларимни тараёлмайман. Кийимларимни киёлмайман. Ҳожатга чиқиш учун ҳам ёрдамга муҳтожман. Менга ҳозир ўша 7 ойлик туғилган қизим қараяпти.

Қалбим ўксик, баҳор, ёз ташқарига чиқиш йўқ. Бунинг учун бир одам овора бўлиши керак. Оғирлигим тушади шундоғам, деб хижолат бўламан. Бозорга тушгим, дўконларга, тўйларга, дугоналар билан йиғинларга боргим келади… Бозорлик қилиб келишса дастурхонга бемалол қўл узатишга ботинолмайман. Оёқ-қўлларим ишлаб турса, шу нарсаларни ўзим топардим, афсус...

Бир кўйлакни кечаси ювиб, эрталаб кийиб ҳам куним ўтади. Бир нарса еб, бир нарса емасам ҳам. Фақат ўз вақтида соғлиғимни сақлаб қололмаганимга ачинаман. Қўрқдим, ўшанда бундай бўлишимни билмагандим. Ҳозир биламан — ўз жоним ўзим учун кераклигини.

Оналар қизларини ўз вақтида ҳаётга ўргатишлари керак. Мен яна шуни тушундимки, қиз бола янги уй, янги шароитга кўникишида аввало қайнонанинг ўрни ўта муҳим экан.

Чарос Маннонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид