Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ошадиган иш ҳақи, “қўли узаяётган” экологлар ва чиқинди қарзи учун ўчадиган “свет” – 1 августдан нималар ўзгаради?
Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2025 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
Иш ҳақи ва стипендиялар ошади
2025 йил 1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади. Бу ҳақда президентнинг бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларини 10 фоизга, яъни инфляциядан паст бўлмаган даражада оширишга доир фармонида назарда тутилган.
Ҳужжат билан 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 10 фоизга оширилганди.
1 августдан эътиборан, базавий ҳисоблаш миқдори 412 минг сўм деб белгиланади (ҳозир – 375 минг). Шу санадан бошлаб, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 млн 271 минг сўмни ташкил этади (ҳозир – 1 млн 155 минг).
Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори оширилиши билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши кўрсатилган.
Чиқинди қарзи учун “свет” ўчади
Ўзбекистонда маиший чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизмати учун тўлов 2025 йил 1 августдан бошлаб электр энергияси тўловига боғлаб қўйилади. Бунда чиқиндидан қарздор истеъмолчи электр энергияси учун тўлов қилолмай қолади.
Бу янги тартиб 2025 йил 30 июнгача бўлган қарздорликларга татбиқ этилмайди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълум қилган.
Чиқиндини тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари бўйича тўлов интизомини кучайтиришга қаратилган қонун 2025 йил 7 мартда қабул қилинган эди. Унга кўра, ҳар ойнинг 3-санасига қадар қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг “Тоза макон” биллинг электрон тизимидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизимига узатилади.
Сўнгра чиқинди хизматларидан қарздор абонентларга ҳар ойнинг 5-санасигача “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 2100 қисқа рақами орқали SMS хабарнома юборилади. Абонентларга ушбу огоҳлантириш юборилганидан кейин 5 кун қарздорликни бартараф этиш учун қўшимча муддат берилади. Мавжуд қарздорлик ушбу муддат ичида тўланиши лозим.
SMS юборилганидан кейин абонент 5 кун ичида қарзини тўламаса, электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинчалик чекланади. Бу чеклов қарздорлик бартараф этилиши билан автоматик тарзда ечилади.
Бу тартиб 2025 йил 1 июлдан чиқинди хизматларидан шаклланган қарздорликлар учун жорий йилнинг 1 августидан бошлаб қўлланади. 2025 йил 30 июнгача бўлган қарздорликларга татбиқ этилмайди.
Экологик назорат кучайтирилади
Давлат раҳбарининг тегишли қарори билан Давлат экологик назорат инспекцияси давлат инспекторларининг “қўли узаймоқда”.
Улар 2025 йил 1 августдан қуйидаги ҳолатлар аниқланганда тезкор назорат тадбирларини текширувлар бошлангандан сўнг 24 соат ичида «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этади:
- юридик шахсларнинг ўз ҳудудида биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш чоғида белгиланган талабларни бузиб, кимёвий, биологик воситаларни қўллаган ҳолда дарахтларни, буталарни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайхон қилиш ёки йўқ қилиш;
- ўлчами беш юз квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида, унга туташ бўлган ҳудудда ҳамда ундан чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйиш;
- ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаш.
Бундан ташқари, президентнинг тегишли фармонига мувофиқ атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифаларга мансуб корхоналарнинг экологик ишлаб чиқаришга ўтишдаги ҳаракатларини рағбатлантириш мақсадида 2025 йил 1 августдан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилади:
а) биринчи босқичда — атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторинги станцияларини ўрнатган корхоналарга:
- табиатга зарар етказиш бўйича компенсация тўловларидан шаклланган қарздорликдан воз кечиш;
- табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 50 фоизигача бўлган қисмини икки йил давомида қайтариш;
б) иккинчи босқичда — мониторинг станцияларини ўрнатган корхона келгуси бир йил давомида чанг-газ ва локал сув тозалаш ускуналарини ўрнатганда, табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 70 фоизигача бўлган қисмини икки йил давомида қайтариш белгиланмоқда.
Бунда мазкур бандда назарда тутилган имтиёзлар давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан бериладиган хулоса асосида тақдим этилади.
Давлат хизмати лавозимларини эгаллашда янги тартиб
2025 йил 19 июн куни «Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинганди.
Ҳужжат билан давлат фуқаролик хизматчилари – хизмат вазифаларини бажаришда одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этишини таъминлаш ва касбий маданиятини ривожлантириш орқали давлат органларига нисбатан жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш механизмлари жорий қилинмоқда.
Давлат хизмати лавозимларини эгаллаш бўйича танлов ўтказишда 2025 йил 1 августдан бошлаб қуйидагича тартиб белгиланмоқда:
- республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) даражасидаги ташкилотлардаги лавозимларнинг бошқарув ва ёрдамчи гуруҳлари учун танловлар фақатгина Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали орқали ўтказилади;
- қонунчиликда лавозимга тайинлашда тегишли органлар билан келишилиши лозим бўлган лавозимлар бўйича келишув ушбу органларнинг вакилларини танлов комиссияси таркибига киритиш йўли билан амалга оширилади;
- тест синовлари давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули орқали махсус жиҳозланган хоналарда ёки масофавий онлайн тизим орқали ўтказилади. Бунда тегишли давлат органида тест синовларини махсус жиҳозланган хоналарда ёки масофавий ўтказиш масаласи Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан мурожаатлар таҳлили, ўрганишлар ва сўровномалар натижаларига кўра ҳал этилади.
Бошқа ўзгаришлар
2025 йил 1 августдан бошлаб:
- портловчи ва заҳарли моддаларни, уларни қўллаган ҳолда материаллар ва маҳсулотларни, шунингдек, портлатиш воситаларини яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш фаолияти учун лицензия беришда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси билан келишиш тартиби бекор қилиниб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишиш тартиби жорий этилади;
- маҳаллий мебел технологлари учун ривожланган хорижий мамлакатлардаги нуфузли ташкилотларнинг соҳага тегишли бўлган малака сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизини Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби жорий қилинади;
- «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринларини захиралашнинг электрон тизими жорий этилади. Бунда ташкилотлар томонидан иш ўринларини захиралаш электрон реестр маълумотлари орқали ўзлари жойлашган ҳудуддаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг жисмоний ҳолати ва имкониятлари ҳамда малака даражасидан келиб чиқиб амалга оширилади;
- озиқ-овқат маҳсулотлари учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлиги бекор қилинади;
- 2027 йил 31 декабрга қадар Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга импорт қилишда тадбиркорлик субъектларига ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Шунингдек, уларга қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини фоизлар ҳисобланмаган ҳолда тўлов таъминотисиз кечиктириб тўлаш имконияти тақдим этилади;
- вазирлик ва идораларнинг ўзларига тегишли соҳани тартибга солиш ваколати доирасида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш имкониятлари кенгайтирилади, уларнинг устидан жамоатчилик назорати кучайтирилади;
- пишган ғишт ишлаб чиқаришдан муқобил технологиялардан кенг фойдаланишга ўтиш мақсадида деворбоп материаллардан (пеноблок, газоблок) кенг фойдаланувчи қурилиш ташкилотларига «Шаффоф қурилиш» платформасида устуворлик берилади;
- айрим тоифадаги оилалар фарзандларини қабул қилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ушбу болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг бир қисмини давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби жорий қилинади. Бунда компенсация бола таъминоти учун ота-оналар тўловининг 40 фоизи миқдорида ажратилади;
- нодавлат олий таълим ташкилотлари ўқишга қабул қилинган шахслар тўғрисидаги буйруқни янги ўқув йилининг 1 октябридан кечиктирмаган ҳолда вазирликнинг таълим жараёнларини бошқариш ягона ахборот тизими (HEMIS)да рўйхатдан ўтказади;
- давлат органлари ва ташкилотларида ҳар иш кунининг муайян вақтларида жисмоний тарбия ва ҳаракат фаоллиги бўйича тадбирлар ўтказиб борилади.
Мавзуга оид
15:57 / 27.12.2025
Ишга тушадиган “эскроу”, тиббиёт ходимларига имтиёз ва бошланадиган “эко-стикер”лар даври – 1 январдан нималар ўзгаради?
19:24 / 28.11.2025
Даври тугаган АИ-80, тадбиркорлар учун кафолат ва “ЗАГС”дан ўтишда қулайлик – 1 декабрдан нималар ўзгаради?
11:17 / 25.10.2025
Ишсизлик нафақаси беришда янги тартиб, аҳолини рўйхатга олишнинг бошланиши ва “Касб ваучери” – 1 ноябрдан нималар ўзгаради?
20:22 / 29.09.2025