Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Футбол бўйича янги дастур, аукционда сотилмайдиган чиройли авторақамлар ва скутер учун гувоҳнома – 1 октябрдан нималар ўзгарди?
Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
Ҳар бир маҳаллада футбол майдони
2025 йил 1 октябрдан “Ҳар бир маҳаллада футбол майдони” дастури бошланади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг 2025 йил 21 августдаги қарорида белгилаб қўйилган.
Дастур доирасида:
- маҳаллалардаги бўш турган давлат мулки объектлари (ер участкалари) уларнинг бир қисмида футбол майдони барпо этиш ва камида 10 йил мобайнида унинг фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаслик шарти билан онлайн аукционга чиқарилади;
- аукцион ғолибларига харид қилинган ер участкасининг қолган қисмидан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқи берилади;
- аукционга чиқарилган ер участкалар 3 ой давомида сотилмаган тақдирда, уларнинг бошланғич баҳоси босқичма-босқич 10 фоиздан, лекин кўпи билан 50 фоизгача пасайтирилган ҳолда ва сотиб олиш тўловларини уч йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан савдоларга чиқарилади.
2025 йил ноябр ойи охиригача давлатга тегишли футбол майдонлари ва стадионлари бўлмаган маҳаллаларда бўш турган ер участкалари хатловдан ўтказилиши керак. Хатлов натижалари бўйича аукционга чиқариладиган ер участкалари рўйхати шакллантирилади.
Ҳокимлар 2025 йил декабр ойида маҳаллаларда футбол майдонларини барпо этиш бўйича манзилли дастурни тасдиқлашлари лозим.
Шунингдек, ҳужжатда Кадастр агентлигининг ахборот тизимларига давлат мулкидаги футбол стадион ва майдонларининг фойдаланиш мақсадлари ўзгартирилиши ҳамда сотувга чиқарилиши тақиқланиши ҳақида тегишли ўзгаришлар киритилиши белгиланган.
Скутер ҳайдовчилари учун гувоҳномалар мажбурий бўлади
2025 йил 1 октябргача мопед ва скутер ҳайдовчилари ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши, ушбу транспорт воситалари эса давлат рўйхатидан ўтган бўлиши лозим. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларига бир қанча ўзгартиришлар киритилган.
Электромотоцикл, мопед ва скутерлар учун алоҳида фарқловчи давлат рақам белгилари жорий этилди. Ҳукумат қарори билан фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида 2025 йил 30 сентябрга қадар амал қиладиган вақтинчалик низом тасдиқланган.
Мопед ёки скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш ЙҲХХ ҳудудий бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмалари томонидан амалга оширилади. Мопед ва скутерларни гувоҳномасиз бошқарганлар жаримага тортилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 июлдаги қарорига кўра, 2025 йил 1 мартдан бошлаб мопед ва скутерни бошқариш учун тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш талаб этилиши белгиланган эди. Кейинчалик бу муддат 2025 йил 1 октябрга қадар узайтирилганди.
Чиройли авторақамларни аукционда сотиш бекор қилинади
Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси 2025 йил 1 октябрдан бошлаб давлат рақами белгиларининг аукцион савдоларини тўхтатади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 9 сентябрдаги қарорида келтирилган.
Ҳужжат билан автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини соддалаштириш кўзда тутилган. Унга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси тизимида ҳар қандай рақам белгиларини сотиш бўйича аукционлар, шунингдек, «чиройли» рақамларни оширилган ставкаларда бериш тартиби бекор қилинади.
«Фуқаролар учун аукцион савдоларида иштирок этиш тартиби мураккаб ва кўп вақт талаб этиши, айрим тоифадаги давлат рақами белгилари учун бошланғич нархлар юқорилиги кенг аҳоли қатлами учун бундай рақамларни сотиб олиш имкониятини чекламоқда», дейилади ҳужжатда.
Янги тартибга кўра, жисмоний ва юридик шахслар тўғридан-тўғри электрон мурожаат асосида онлайн режимда узлуксиз равишда янгиланиб турадиган ягона очиқ маълумотлар базасида бўш турган исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларини танлаб олиши мумкин бўлади.
Танланган рақам ягона оширилган тўлов эвазига берилади, унинг миқдори эса 2025 йил 1 октябрдан бошлаб, «Uzavtomotobelgi» давлат унитар корхонаси томонидан белгиланади.
Uzavtomotobelgi давлат унитар корхонаси 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳарф ва рақам комбинацияларига эга бўлган ноёб давлат рақамларини очиқ электрон аукцион орқали тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Одил судлов академияси ташкил этилади
2025 йил 21 августда давлат раҳбарининг “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинганди. Унда Судялар олий кенгаши ҳузуридаги Судялар олий мактаби негизида Одил судлов академияси ташкил этиш белгиланган.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 октябрдан:
– судялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш академиянинг 6 ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида давлат гранти асосида ташкил этилади;
– курсларга қабул қилинган шахслар уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланади;
– ўқиш даврида тингловчиларга судя ёрдамчисининг 1 ойлик меҳнатига ҳақ тўлаш фонди миқдорида ҳар ойда стипендия тўланади;
– курсга қабул қилиш психология, чет тиллари, суд ихтисослиги бўйича тест синовлари, ёзма имтиҳон, якка тартибдаги суҳбатдан иборат танлов асосида амалга оширилади.
Якуний аттестация имтиҳони натижаларига кўра, курсни тамомлаган битирувчилар аризасига асосан бўш судялик лавозимларига ўтказиладиган танловларда иштирок этади.
Ўқиш дастурини ўзлаштирмаган ва якуний аттестация имтиҳонидан ўтмаган тингловчилар, бўш судялик лавозимига 3 йилгача муддатда ариза топширмаган ёки таклиф этилган судялик лавозимини эгаллашни рад этган битирувчилар олинган стипендия суммасини тўлиқ миқдорда қоплаб беради.
Бошқа ўзгаришлар
2025 йил 1 октябрдан бошлаб:
- 2026 йил 1 майга қадар ҳудудий статистика бошқармаларининг ҳар бирида фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида Миллий статистика қўмитасига 2026 йилда рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан 5 нафардан мутахассис жалб этилади;
- тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳри болалар кутубхоналарининг 182 та штат бирлиги «Келажак» марказларига ўтказилади;
- кўп квартирали турар жой объектларини қуриш учун тайёрланган лойиҳа ҳужжатлари “Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш республика маркази” давлат муассасаси (ёки унинг ҳудудий бошқармалари) томонидан экспертизадан ўтказилади;
- Самарқанд халқаро аэропортида ички туризм инфратузилмаси бўйича аҳоли ҳамда туристларнинг хабардорлигини таъминлаш имконини берувчи, шунингдек қуйидаги техник имкониятларни назарда тутувчи «Tourist map» интерактив портали синов тариқасида ишга туширилади;
- пенсия таъминотига оид ҳамда АТ «Халқ банки» томонидан пенсияларни нақд пул шаклида тўлаш билан боғлиқ кўрсатиладиган хизматларни фуқароларни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) ҳамда уларнинг имзосини электрон шаклда олиш орқали амалга ошириш тартиби жорий этилади;
- махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига, юридик шахсларга жамоат эҳтиёжлари, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ҳамда ижтимоий шериклик тўғрисидаги келишувлар ва шартномаларни амалга ошириш учун ер участкалари берилганда (сотилганда), ушбу маълумотлар ер участкаларига ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларда акс эттирилиши шарт;
- «Яшил макон» электрон платформасида очиқликни таъминлаш ва рақамлаштиришга қаратилган механизмлар жорий қилинади;
- Қорақалпоғистонда норуда фойдали қазилмаларни қайта ишлашни ташкил қилган тадбиркорлик субъектларига ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар беришга оид аукционда ғолиб бўлиш учун таклиф этилган суммани бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади;
- ижро интизоми тўғрисидаги тегишли маълумотларни давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек, Адлия вазирлигининг веб-саҳифаларига жойлаштириб, ҳар ойда маълумотларни янгилаб бориш амалиёти йўлга қўйилади. Ҳар чоракда давлат органлари ва ташкилотларнинг раҳбарлари қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат ҳужжатлари ижроси ҳолати бўйича кенг жамоатчиликка ҳисобот бериши тартиби жорий қилинади;
- давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарларини ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлилини олиб бориш «hrm.argos.uz» электрон тизими таркибидаги «Xizmat safari» ягона модули орқали амалга оширилади;
- электрон кооперация портали ва давлат харидлари электрон тизимлари операторларининг «Миллий дўкон» саҳифаларида фақатгина маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатга эга бўлган мебель маҳсулотларини жойлаштириш ва савдоларда ушбу сертификатга эга тадбиркорлик субъектларининг иштирок этишига рухсат берилади. Бунда мазкур тартиб корпоратив буюртмачилар томонидан тижорат мақсадларида қайта сотиш ёки шу мақсадларда товарлардан ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун амалга ошириладиган давлат харидларига нисбатан татбиқ этилмайди;
- давлат хизматидаги раҳбарлар, раҳбарликка номзодлар ва бошқарув кадрлари малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар жорий этилади;
- эгасиз кўчмас мулк объектларини давлат мулки объекти сифатида давлат рўйхатига олиш бўйича мурожаатлар тегишли судга Давлат активлари агентлиги томонидан киритилади;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган хушбўйлаштирувчи ёки ранг берувчи қўшимчаларсиз оқ шакарга нисбатан акциз солиғи бекор қилинади;
- атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб фаолият турларининг экологик оқибатлари тўғрисидаги баёнотдан кейинги босқичларда экологик норматив лойиҳаларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш учун ушбу фаолият турларининг технологик жараёнлари амалдаги «Яшил сертификат»га эга бўлиши мажбурий ҳисобланади;
- товарларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит олиб ўтиш бўйича барча сертификат, хулоса ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар фақат «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади;
- Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан фуқароларга нақд пул шаклида бериладиган субсидия, грант ва ссудалар босқичма-босқич ижтимоий карта орқали тақдим этилади;
- давлат хизматлари кўрсатилишида қоғоз шаклидаги ҳужжатлар айланмаси тўлиқ электрон шаклга ўтказилади;
- “Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали фойдаланувчиларни идентификация қилиш тизими доирасида «Ижтимоий карта» АТнинг идентификация қилиш тизими жорий этилади.
Мавзуга оид
19:24 / 28.11.2025
Даври тугаган АИ-80, тадбиркорлар учун кафолат ва “ЗАГС”дан ўтишда қулайлик – 1 декабрдан нималар ўзгаради?
11:17 / 25.10.2025
Ишсизлик нафақаси беришда янги тартиб, аҳолини рўйхатга олишнинг бошланиши ва “Касб ваучери” – 1 ноябрдан нималар ўзгаради?
16:28 / 02.09.2025
Маоши ошган мактаб директорлари, электронлашаётган меҳнат шартномаси ва заргарларга имконият – 1 сентябрдан нималар ўзгарди?
19:50 / 30.07.2025