Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ўзлари ҳам Россия билан савдо қиляпти» – Жапаров Қирғизистон банкларига киритилган санкцияларни адолатсиз деб баҳолади
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Доналд Трамп ва Кир Стармерга мурожаат қилиб, иқтисодиётни сиёсийлаштирмасликни сўради. Унинг айтишича, қирғиз молия муассасалари Россияга қарши чекловларни четлаб ўтишда қатнашганини тасдиқловчи далил йўқ. «Россияда тахминан бир миллион мигрантимиз бор, улар ҳар куни миллиардлаб рубль ўтказади. Одамларга бу пуллардан фойдаланиш имконини бериш керак», дейди Жапаров.
Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Буюк Британия ва АҚШ ҳукуматлари томонидан мамлакатнинг айрим банкларига қарши киритилган санкцияларни адолатсиз, деб баҳолади. Жапаров ушбу санкциялар ҳақида Кабар давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида изоҳ берган.
«Жорий йил январь ойида АҚШ чиндан ҳам «Керемет Банк»ка қарши санкциялар киритди, уни санкцияларни четлаб ўтишда қатнашган бўлиши мумкин, деб баҳона қилди. Аммо улар бирорта ҳам бузилиш фактини тақдим эта олмади. Ва тақдим эта олмайди ҳам, чунки бундай фактлар йўқ ва ҳеч қачон бўлмаган», дейди Жапаров.
Маълум қилинишича, Қирғизистонда 21 та банк фаолият юритмоқда. Улардан кимдир санкцияга тушиб қолмаслиги учун фақат давлатга қарашли «Керемет Банк» Россия рубли билан ишлаши маълум қилинган. Бунда барча операциялар давлат назоратида бўлади, фойда эса тўғридан тўғри давлат бюджетига тушиши назарда тутилган.
«АҚШ санкцияларидан кейин Вазирлар маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Данияр Амангелдиев бошчилигидаги делегация АҚШга борди ва OFAC (Чет эл активларини назорат қилиш бошқармаси) вакиллари билан учрашди. Биз АҚШ элчиси Лесли Вигиэрига «Керемет» ва «Капитал» банкларини мустақил аудиторлик компаниялари текширишини таклиф қилдик, натижаларни биргаликда кўриб чиқиб қарор қабул қилишни айтдик, бироқ улар рад этишди. Лекин у ерда ҳам бирор аниқ факт тақдим эта олмади, фақат гўё маълум бир маълумотлари борлигини айтишди», дейди Жапаров.
Унинг айтишича, бу «маълумотлар» Қирғизистондаги маҳаллий ННТлар ва ички душманлардан чиқмоқда, улар аноним, ёлғон хабарларни ташқарига юборишда давом этмоқда. Жапаровнинг айтишича, АҚШга борган Қирғизистон делегацияси рублдаги ҳисоб-китобларни «Капитал Банк» юритиши масаласини OFAC ва АҚШ элчиси билан муҳокама қилган ҳамда бунинг сабабини тушунтирган:
«Рублдаги ҳисоб-китобларни «Капитал Банк» юритади. Ахир бу ҳам юз фоиз давлат банки, Молия вазирлиги назоратида ва очиқ ҳисобдор. Биз сабабини батафсил тушунтирдик. Россияда бизнинг тахминан бир миллион мигрантимиз бор, улар ҳар куни бу ерга миллиардлаб рубль ўтказиб юборади. Бу маблағларни конвертация қилиш ва одамларга улардан фойдаланиш имконини бериш керак», дейди Жапаров.
Қирғизистон етакчисига кўра, Буюк Британия ҳам «Капитал» банкига далилсиз, фақат гумонларга асосланиб санкциялар қўлламоқда.
«Шу боис менда ҳам гумон туғилади. Чунки улар Қирғизистон иқтисодиёти юқори суръатларда ривожланаётганини кўриб турибди. Масалан, бизнинг ЯИМ 11,7 фоизга ўсди, МДҲ мамлакатлари орасида илғор ўриндамиз. Ўйлайманки, айнан шу сабабли бизга босим ўтказилмоқда. Катта давлатлар бошқа мамлакатларнинг тез ривожланишини хоҳламайди. Улар ҳаммани ўзларига қаратиб, уларга қарам бўлишларини афзал кўради», дейди у.
Шунингдек, Жапаров АҚШ ва Британия юқори раҳбарияти — Доналд Трамп ва Кир Стармерга мурожаат қилди.
«Эҳтимол, уларга тўлиқ маълумот етиб бормаётгандир. Иқтисодиётни сиёсийлаштирмаслик керак. Биз кўп векторли сиёсат юритамиз, сиз билан ҳам иқтисодий соҳада ҳамкорлик қиламиз», дейди у.
Қирғизистон Англияга йилига бир миллиард долларлик олтин сотади, шундай бўлса-да, бизга нисбатан бундай муносабатни адолатли деб бўлмайди, деб ҳисобламоқда Жапаров.
Садир Жапаровнинг айтишича, «Марказий Осиё Капитал Банк»ига қарши санкциялардан Россия ҳам, банкнинг ўзи ҳам зарар кўрмайди. У аввалгидек Молия вазирлиги назоратида ишлайди ва давлатга фойда олиб келади. Қирғизистон етакчисига кўра, Россияга қарши санкциялар, аслида катта йўқотишлар олиб келмаяпти.
«Масалан, Россиянинг Сбербанкига қарши санкциялар жорий этилгач, унинг 2024 йилдаги соф йиллик фойдаси 4,8 фоизга ошиб, 13 миллиард доллардан ошди. Албатта, айрим соҳаларда санкциялар оқибатлари бор. Аммо бу мамлакат қулади, дегани эмас. Биз буларни таҳлил қилиб турибмиз. Санкцияларни киритаётган ғарб мамлакатлари ҳам буни яхши тушунади. Ҳатто ўзлари ҳам Россия билан савдо қилишни давом эттирмоқда. 2024 йилда Европа Иттифоқи аъзолари Россия билан 141 миллиард долларлик савдо қилган. Хусусан, Европа давлатлари Россиядан 36 миллиард долларлик товар импорт қилган. Буюк Британия эса бизнинг банкимизга қарши санкция қўйган бўлса-да, ўша 2024 йилда Россия билан 2,2 миллиард долларлик савдо қилган», дейди Жапаров.
Бу — биз ҳам ўз эҳтиёжимиз учун Россия билан ҳамкорлик қилишга ҳақлимиз, деганини англатади, дейди у.
Жапаровнинг айтишича, ҳамкорлик руҳига зид бундай қадамларни давлатнинг ички ишларига аралашув сифатида баҳолаш мумкин. «Биз халқаро мажбуриятларни бажаришга тайёрмиз, бажаряпмиз ҳам. Аммо фуқароларимиз манфаатларини ва мамлакатнинг савдо-иқтисодий ривожланишини йўққа чиқаришга йўл қўймайман. Санкцион босим остида ҳам бизнинг кундалик ҳаётимиз давом этади», – дейди Жапаров.
Садир Жапаров бунга қадар ҳам бир неча маротаба Қирғизистон Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бермаётганини таъкидлаган эди.
Жорий йил 20 август куни Британия ҳукумати Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш учун ёрдам бераётган молиявий компанияларга, жумладан, Қирғизистон криптовалюта тармоқларига қарши санкциялар жорий қилди.
Хусусан, Россия Қирғизистон молия сектори ва крипто тармоқларини шаффоф бўлмаган транзакцияларни амалга ошириш учун жалб қилгани айтилган. Санкциялар уч нафар жисмоний ва беш нафар юридик шахс: Капитал Банк ва унинг директорига нисбатан қўлланган.
Мавзуга оид
10:44 / 27.12.2025
Қирғизистонда ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг ойлиги 2 баравар оширилади
10:00 / 25.12.2025
Макрон ЕИ қонуни сабаб киритилган АҚШ санкцияларини қоралади
18:13 / 19.12.2025
Британия «Россия билан алоқалари туфайли» Ўзбекистоннинг 4 та компаниясига қарши санкциялар киритди
14:22 / 17.12.2025