Ўзбекистон | 16:20 / 21.10.2024
6683
3 дақиқада ўқилади

Газ қазиб олишнинг қисқариши 1,7 млрд кубга етди, бензин ишлаб чиқариш ҳам камайиб боряпти

Жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда газ қазиб олиш 4,8 фоизга, нефт қазиб олиш эса 7,3 фоизга қисқарди. Ички қазиб олиш кўрсаткичининг ёмонлашиб бораётганига қарамай, газ сотиш ҳажми ошиб боряпти. Хусусан, йил бошидан бери газ экспорти 16,5 фоизга кўпайиб, 480 млн долларга етди.

Фото: Epsilon

Статистика агентлиги 2024 йилнинг январ-сентябр ойларидаги саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларни эълон қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 35,16 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,67 млрд куб ёки 4,8 фоизга қисқарган.

2024 йилнинг январ-сентябр ойларидаги газ қазиб олиш кўрсаткичлари:

  • Январ – 3,99 млрд куб (ўтган йилнинг мос даврида – 4,31 млрд куб);
  • Феврал – 3,71 млрд куб (3,85 млрд куб);
  • Март – 3,89 млрд куб (4,16 млрд куб);
  • Апрел – 3,7 млрд куб (3,94 млрд куб);
  • Май – 3,52 млрд куб (3,6 млрд куб);
  • Июн – 3,54 млрд куб (3,7 млрд куб);
  •  Июл – 3,78 млрд куб (3,9 млрд куб);
  • Август – 3,78 млрд куб (3,9 млрд куб);
  • Сентябр – 3,55 млрд куб (3,7 млрд куб).

Маълумот учун, 2022 йилда ҳам газ қазиб олиш 53,8 млрддан 51,67 млрд куб метргача ёки 4 фоизга, 2023 йилда эса 51,67 млрддан 46,71 млрд куб метргача ёки 9,6 фоизга қисқарганди.

Газ қазиб олишнинг қисқариб бориши фонида импорт ҳажми ошиб боряпти. Хусусан, январ- сентябр ойларида хориждан 1 млрд 278 млн долларлик газ сотиб олинган, бу 2023 йилнинг мос даври билан таққослаганда қарийб 3,6 баробарга кўп. 

 Ўз навбатида умумий давр учун газ экспорти 16,5 фоизга ёки 480 млн долларгача ошган. Айниқса, охирги ойларда газ сотиш ҳажми кескин кўпайди.

Дастлабки 9 ойликда кўмир қазиб олиш 5 млн 327 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,4 фоизга ошган.

Шунингдек, ҳисобот даврида нефт қазиб олиш 585 минг тоннадан 542 минг тоннага (-7,3 фоиз) камайган бўлса, газ конденсати ишлаб чиқариш 902 минг тоннадан 922 минг тоннага ошган.

Январ-сентябр ойларида электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,3 фоизга ёки 2,5 млрд kWhʼга кўпайган. Хусусан, 2023 йилнинг 9 ойида 57,8 мрлд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг мос даврида 60,3 млрд  kWhʼгача ошган.

Ҳисобот даврида дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш 776 минг тоннадан 777 минг тоннага ошган бўлса, бензин ишлаб чиқариш 1 млн 6 минг тоннадан 995 минг тоннага камайган.  

Мавзуга оид