Жаҳон | 14:18 / 27.09.2025
5611
8 дақиқада ўқилади

БМТда “бойкот қилинган” Нетаняҳу, Путинга босим учун Tomahawk ракеталари ва Қозоғистон кадрлар алмашинуви – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Нетаняҳу БМТда бойкот қилинди

26 сентябр куни Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Ню Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессияси доирасида нутқ сўзлаш учун келганида ноқулай аҳволга тушиб қолди.

Биринчидан, Нетаняҳу АҚШга келиш учун ХЖС санкциялари кучда бўлган давлатлар ҳаво ҳудудларини четлаб учишга мажбур бўлди. Ню Йоркка келганида эса Фаластин тарафдори бўлган минглаб намойишчилар йўлларни тўсиб қўйди.

У БМТ минбарига келиб, нутқини бошлашга тайёрланаётганида қарсакларни эътирозли ҳайқириқлар ва ҳуштакбозликлар босиб кетди. Кўплаб делегациялар аъзолари ўрнидан туриб, зални тарк эта бошлади. Эрон делегацияси вакиллари эса ўз ўрнида Исроилнинг ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлган эронликларнинг суратларини қолдирган.

Натижада Нетаняҳу Ғазодаги геноцид бўйича айбловларга раддиясини деярли бўшаб қолган залга қарата ўқиб беришига тўғри келган. У ўз нутқида фаластинликлар қасддан оч қолдирилгани ҳақидаги айбловларга жавобан, Исроил гўёки Ғазога икки миллион тоннадан ортиқ озиқ-овқат юборганини, агар одамлар оч қолаётган бўлса, бу Ҳамас озиқ-овқатни ўғирлаётгани туфайли эканини иддао қилган.

Шунингдек, Исроил ҳарбийлари ҳужум қилишдан олдин тинч аҳолига огоҳлантириш юборишини айтди. Лекин ҳужумлари натижасида ҳалок бўлган 65 мингдан ортиқ қурбонлар: болалар, аёллар, шифокорлар ва журналистлар ҳақида лом-мим демади.

Нетаняҳу БМТ минбаридан туриб иброний тилида Ғазода гаровда қолаётганларга «уларни унутмаганини» айтди. Унинг нутқи Ғазо чегарасига қўйилган овоз кучайтиргичлар орқали эшиттирилган.

У Ғарб давлатлари Фаластинни тан ола бошлаганини қоралаб, бу «террорчиларни рағбатлантирувчи» қадам бўлиши ва зўравонликни фақат кучайтиришини таъкидлаган. У шунингдек, айрим етакчилар Исроилни омма олдида қораласа ҳам, орқа эшикдан Исроил разведкасининг «террорчилик ҳужумларини тўхтатишдаги хизматлари» учун миннатдорчилик билдираётганини айтди.

Ҳамас назоратидаги Ғазо ҳукумати Нетаняҳунинг нутқини «ёлғон ва ошкора зиддиятларга тўла» деб атаб, уни «уруш жиноятлари ва геноцидни оқлашга» уриниш, дея баҳолади. Исроил мухолифат етакчиси Яир Лапид эса «Нетаняҳу дипломатик цунамининг олдини олиш ўрнига бугун Исроилнинг аҳволини баттар ёмонлаштирди» деб ёзди.

Путинга босим қуроли

Украина президенти Володимир Зеленский Ню Йоркда Доналд Трамп билан ёпиқ учрашувда Москвадаги нишонларни уриш имконини берувчи Tomahawk ракеталарини сўради. Бу ҳақда Британиянинг The Telegraph газетаси ёзди.

Нашр маълумотларига кўра, Зеленский Оқ уй раҳбарига юқори технологияли қуроллар Россия президенти Владимир Путинни тинчлик келишуви бўйича музокаралар столига ўтқазишга ёрдам беришини айтган.

Бир неча манбаларнинг газетага маълум қилишича, бу илтимос БМТ Бош ассамблеяси майдонида бўлиб ўтган икки давлат раҳбарларининг учрашуви чоғида билдирилган ва ўта ижобий деб баҳоланган.

Учрашувдан кейин берган интервюсида Зеленский Трамп ўзининг узоқ масофали қанотли ракеталарни тақдим этиш ҳақидаги илтимосига хайрихоҳлик билан муносабатда бўлганини айтди.

«Президент Трамп билади, мен кеча унга бизга бир нарса кераклигини айтдим. Бу бизга керак, лекин бу биз ундан фойдаланамиз дегани эмас. Чунки агар бизда шу нарса бўлса, менимча, бу Путинга музокаралар столига ўтириши учун қўшимча босим бўлади», деди Украина президенти Трамп билан учрашувдан сўнг.

Зеленскийнинг Tomahawk ракеталарини олишга уринишлари муваффақиятли бўладими ёки йўқми, номаълум, дейилади мақолада.

Tomahawk қанотли ракеталари 1250 дан 2500 километргача бўлган масофани босиб ўтади. Улар душманнинг чуқур орқа қисмида узоқ масофадан юқори аниқликда зарба бериш учун асосий воситадир. Шу пайтгача АҚШ бундай ракеталарни Украинага беришдан бош тортиб келган.

Қозоғистонда кадрлар алмашинуви

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев АҚШ сафаридан қайтгач, кенг кўламли кадрлар алмашинувини амалга оширди.

Қозоғистон бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу лавозимидан озод этилди. У тегишли фармон билан Қозоғистон президентининг халқаро инвестициялар ва савдо ҳамкорлиги масалалари бўйича ёрдамчиси этиб тайинланган.

Қозоғистон президентининг иқтисодий масалалар бўйича, халқаро масалалар бўйича ёрдамчилари ва маслаҳатчилари ҳам лавозимидан олинди. Бундан ташқари, Қозоғистоннинг АҚШдаги элчиси, Женевадаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакиллари ҳам лавозимидан озод этилди.

Нуртлеу ўрнига Ермек Кушербаев — Қозоғистоннинг Россиядаги собиқ элчиси мамлакатнинг янги ташқи ишлар вазири сифатида иш бошлаган.

Ишдан олинган ташқи ишлар вазири узоқ вақт Тўқаевга яқин лавозимларда ишлаган. 2025 йил 4 сентябр куни Мурат Нуртлеу Хитойда бўлган ШҲТ саммитидан қайтганидан кейин, юқори лавозимдаги хавфсизлик хизмати ходимлари билан биргаликда ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кейинроқ вазирлик буни рад этган ва унинг эски расмини эълон қилганди.

Ғазога журналистларни киритишга рухсат сўралмоқда

Франциянинг Agence France-Presse ахборот агентлиги, АҚШнинг The Associated Press агентлиги, Буюк Британиянинг Reuters агентлиги ва BBC телерадиокомпанияси Исроил ҳукуматига мурожаат қилиб, халқаро журналистларнинг Ғазо секторига киришига рухсат беришни талаб қилди.

AFP ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида эълон қилинган қўшма баёнотда қайд этилишича, минтақадаги воқеаларни ёритиш вазифаси бутунлай фаластинлик журналистларнинг зиммасига тушмоқда. Улар жуда катта хавф остида ишламоқда ва бунинг учун «қиммат баҳо» тўламоқда. Шу билан бирга, Ғазодаги ҳодисаларнинг гувоҳлари сони тез суръатда камайиб бораётгани алоҳида таъкидланган.

Медиа ташкилотлар халқаро журналистларнинг мавжудлиги фаластинлик ҳамкасбларининг юкини енгиллаштириш ва воқеаларни жаҳон аудиторияси учун холис ёритишда зарурлигини таъкидлади.

Исроил ҳукумати эса журналистларнинг Ғазога киришига ҳануз рухсат бермаяпти. Исроил ҳарбий ҳаракатлари натижасида сўнгги йилларда Ғазода 100 дан ортиқ медиа вакиллари ҳалок бўлди.

Россиянинг жавоби борми?

Россия ҳарбий самолётларига ҳужум бўлса, Москванинг жавоби қандай бўлиши номаълум, лекин бундай баёнотлар «масъулиятсиздир». Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков баёнот берди.

«Буни тилга олишнинг ўзиёқ «исталмайдиган мавзу», бу жуда масъулиятсиз баёнот. Жуда масъулиятсиз, чунки Россия ҳарбий самолётлари кимнингдир ҳаво ҳудудини бузди ёки кимнингдир осмонига бостириб кирди, деган айбловлар асоссиздир», - деди у.

Журналистлар аниқлаштирувчи савол бериб, агар Ғарб мамлакатлари Россия самолётлари ҳаво ҳудудини бузганини айтиб, қандайдир чоралар кўрса, Россия қандай жавоб беришини сўради. Песков эса яна «буни тилга олишни» истамаслигини айтди.

Бир неча кун олдин АҚШ президенти Доналд Трамп НАТОга аъзо давлатлар ўз ҳаво ҳудудига бостириб кирган Россия самолётларини уриб тушириши мумкинлигини айтди.

Трамп 23 сентябр куни Володимир Зеленский БМТ сессияси доирасида икки томонлама учрашув ўтказиб, АҚШ Украинани қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Ўшанда «НАТО мамлакатлари ўз ҳаво ҳудудига бостириб кирган Россия самолётларини уриб туширишлари керакми?» деган саволга Трамп «Ҳа, менимча шундай», деб жавоб берди. Бу борада НАТО мамлакатларини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги саволга эса, Трамп вазиятга қараб ҳаракат қилишини айтганди.

Шунингдек, дронлар таҳдидидан кейин Европанинг кўпчилик раҳбарлари ҳам НАТО ҳудудига кирган Россия самолётларини уриб тушириш керак, деган хулосага келмоқда.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид