Спорт | 23:54 / 11.06.2024
21975
2 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон сафарда Эрон билан дуранг қайд этиб, гуруҳда 2-ўринни эгаллади

Осиёда ЖЧ-2026 иккинчи саралаш босқич сўнгги тури доирасидаги навбатдаги ўйинлар бўлиб ўтди. Ўзбекистон миллий жамоаси сафарда Эронга қарши саф тортди.

Теҳрондаги «Озоди» ўйингоҳида ўтган баҳс олдидан ҳар икки жамоа муддатдан аввал гуруҳдан кейинги босқичга йўл олиш масаласини ҳал қилган бўлса-да, баҳс муросасиз ва кескин курашлар остида ўтди.

Сречко Катанец шогирдлари форсларга қарши учрашувда рақибдан ҳеч бир жабҳада қолишмай, гоҳида майдонда устунлик ҳам қила олишди. Биринчи бўлимда деярли яккама-якка вазиятда  Остон Ўруновдан омад юз ўгирди.

Иккинчи бўлимда Элдор Шомуродов ўрнига Аббосбек Файзуллаев майдонга тушгач, ҳужумкорлик пасайгани йўқ. Аммо Эронни мухлислари қаршисида мағлуб этишнинг имкони топилмади. Тошкентдаги баҳсда бўлгани каби кучлар тенг келди – 0:0.

Шу тариқа, Эрон ва Ўзбекистон E гуруҳини 14тадан очко билан якунлаб, форслар пешқадам сифатида, вакилларимиз эса 2-ўрин билан ҳал қилувчи босқичга йўлланма олди.

 ЖЧ-2026 саралаши. 6-тур

11 июн (сешанба)

Эрон – Ўзбекистон – 0:0

Ҳакам: Ким Жонг Хёк (Ж.Корея)

Эрон: 1. Алиризо Бейронванд, 4. Шожаи Халилзода, 2. Солеҳ Ҳарданий, 13. Ҳуссейн Каъноний, 5. Милод Муҳаммадий, 14. Саман Қуддус, 21. Омид Нурафкон (6. Муҳаммад Қурбони, 74), 16. Меҳди Туробий, 7. Алиризо Жаҳонбахш, 20. Сардор Озмун, 9. Меҳди Торемий.

Ўзбекистон: 1. Ўткир Юсупов, 2. Абдуқодир Ҳусанов, 4. Фаррух Сайфиев, 5. Рустам Ашурматов, 7. Отабек Шукуров (6. Диёр Холматов, 71), 9. Одилжон Ҳамробеков, 10. Жалолиддин Машарипов (21. Азизбек Амонов, 71), 11. Остон Ўрунов, 13. Шерзод Насруллаев, 14. Элдор Шомуродов (22. Аббос Файзуллаев, 57), 23. Ҳусниддин Алиқулов.

Огоҳлантиришлар: Абдуқодир Ҳусанов, 18.

Мавзуга оид